Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин.
Маълумки, инсон кўпинча ўз кўзи билан кўрган, эшитган нарсаларига гувоҳлик беради. Биз мусулмонлар ғайбга, шунингдек, Қиёматда ҳисоб- китоб қилинишимизга ҳам иймон келтирганмиз. Шу иймонимиз мустаҳкам, эътиқодимиз кучли бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий қўрқсак, ҳеч ким йўқ жойда, ҳеч ким кўрмайдиган ўринларда ҳам ёмонлик қилишга иймонимиз йўл қўймайди. Ўғриликдан, турли хил ёмонликлардан, фаҳш-ёлғончилик, ғийбату бўҳтонлардан қочадиган, ҳаттоки, унинг кўчасига ҳам кирмайдиган бўламиз. Бу қилаётган амалларимиз “гувоҳлар” томонидан ёзиб борилаётгани, охиратда эса жавоб бериш масъулиятидан хабардорлигимизни англаймиз.
Абдураҳмон ибн Саъсааъдан ривоят қилинади, у киши Абу Саид Худрийнинг қарамоғидаги етим фарзанди эди. Абу Саид у кишига: Эй ўғилчам, қачонки водийларда бўлсанг баланд овозда азон айтгин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Уни (азонни) жин, инс, тош ва дарахт эшитиб, эшитгани ҳақида албатта гувоҳлик беради, деганларини эшитганман, деди..
Умаййа Масжидул ҳаромда фарз намозини адо этиб, мана бу ерда ва яна бу ерда намоз ўқиди. У намозини тугатгач, унга: “Эй Абу Умаййа нима қилаяпсан”, - дейишди. У: “Мен мана бу оятни ўқиган эдим: “яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар”. Шунинг учун Қиёмат кунида гувоҳлик бўлишини хоҳладим. У яна: “Ер унинг учун ўз устида намоз ўқигани, зикр, тиловат (шу кабиларни) қилгани ҳақида гувоҳлик берган кишига яхшилик бўлсин. Аксинча, Ер ўз устида зино қилгани, ҳаром бўлган ичимлик ичгани, ўғрилик ва шу кабиларни қилгани ҳақида гувоҳлик берилган кишиларга “вайл” бўлсин, деб айтади, деди.
Хабарларда келишига кўра, албатта, (эй инсон!) сенинг устингда еттита гувоҳлик берувчилар бордир: улар:
يومئذ تحدث اخبارها
яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала, 4)
يوم تشهد عليهم السنتهم
Яъни: “(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари гувоҳлик берадиган кундир (“Нур” 24).
و تكلمنا ايديهم وتشهد ارجلهم
яъни: “Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур” (“Йасин” 65).
Ширк ва куфрда бўлган бандалар Қиёмат куни дунёда қилган қилмишларидан тониб, тиллари билан нотўғри гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан. Қўшнилари ва қариндошлари уларнинг мушрик бўлгани ҳақида гувоҳлик беришса ҳам тан олишмас экан. Аллоҳ таоло уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйишга буюриб, қолган аъзолари уларнинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, гувоҳлик берар экан.
وانّ عليكم لحافظين
яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (“Инфитор”,10)
Охиратда инсон ўзи қилган яхши-ёмон амалларидан сўралиши, бу дунёда қилинадиган ҳар бир иш-ҳаракати инсоннинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзиб турилиши ҳақдир.
هذا كتابنا ينطق عليكم بالحقّ
яъни: “Мана бу ёзувимиз (номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизларнинг қилиб юрган амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб юрар эдик (Жосия,29).
إلا كنّا عليكم شهودا
яъни: “Магарам, Биз сизлар устингиздан гувоҳлик берувчидурмиз”.
Эй Одам фарзанди! Бир ўйлаб, чуқурроқ фикр қилгин! Шунча гувоҳлар яхшилик ва ёмонликларимизга гувоҳлик берадиган кун - Қиёматда ҳолимиз қандай бўларкан? Энди кўр кўзларимизни каттароқ очайлик, эрта Қиёматда тилларимиз муҳрланиб, қўлларимиз сўзлаб, оёқларимиз гувоҳлик берганида Аллоҳ таоло ҳузурида уялиб қолмайлик.
Бир авлиё зот муридларига ҳеч ким йўқ жойда товуқ сўйиб келишни буюрибди. Ҳамма муридлари овлоқ-ҳеч ким йўқ жойни топиб, товуқни сўйиб қайтибдилар. Бир муриди товуқни кўтарган ҳолда: “Ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким гувоҳлик бермайдиган жойни топа олмадим” деб қайтиб келибди. Натижада мана шу муриди ўзининг Аллоҳ таолога бўлган тақвоси билан авлиё даражасига кўтарилган экан. Мана бу ҳолат ҳам бизлар учун ибратлидир.
Илоҳи! Барча ишларимизни авваламбор Ўзинг кўриб турганингни, қолаверса, юқорида зикр қилинган гувоҳлар ҳисоб-китоб қилиб турганини ёдда тутиб боришимизни, номаи аъмолларимиз ўнг тарафларидан бериладиган бандаларинг қаторида бўлишимизни насибу рўзи қилгин! (омийн).
Зарифа Маҳкам қизи тайёрлади
Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.