Кунларнинг бирида дўстимнинг уйига меҳмон бўлиб бордим, суҳбат қуриб ўтирган эдик чамаси тўрт ёшлик боласи келиб унинг бўйнига осилиб, ота бугун биз жаннатда бир қаср қурмадикку деди. Мен хато эшитдим деб ўйладим. У яна шу гапини такрорлади. Қолган фарзандлари келиб укалари айтган гапни такрорлашди. Шунда мен хайратда қолдим ва кузаттим. Дўстим менга фарзандаларим билан қандай қилиб жаннатда қаср қуришимизни кўришни хоҳлайсанми деди. Мен эса албатта хоҳлайман дедим. Шунда улар жамланиб ўтиришдида, Ихлос сурасини 10 марта ўқишди. Тугагач фарзандлар алҳамдулиллаҳ бугун биз жаннатда бир қаср қурдик деб хурсанд бўлишди.
Сўнг дўстим фарзандларидан у қасрда нима бўлишини хоҳлайсизлар деб сўради. Болалар бизни хурсанд қиладиган кўп нарсалар бўлишлигини хоҳлаймиз дедилар. Дўстим уларга “Ла ҳавла вала қуввата иллаа биллаҳ” ни айтди, улар ҳам бу дуони такрорлашди.
Дўстим яна болаларига савол берди. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни ва узотнинг ҳавзларидан сув ичишни хоҳлайсизларми? деди. Улар ҳа дейишди. Шунда дўстим уларга ташаҳҳуддан кейин ўқиладиган “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва алаа аали Муҳаммад” ни ўқиб берди, фарзандалари эса такрорлашди.
Сўнг болалар хурсанд бўлиб, бири дарс қилишга, бири ўйинини давом эттиришга яна бири ишини тугатиш учун тарқалдилар.
Мен эса дўстимнинг фарзандларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бу шаклда ўргатганлигидан жуда хайратланиб, мен ҳам фарзандларимга шу шаклда ўргатсам бўлар экан дея, уйга қайтдим.
Азиз дўстим сизнинг ҳам бу тарбия шаклини азиз фарзандаларингизга ўргатиш имконингиз бор.
Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхё
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати