Аллоҳнинг розилиги жаннатдан афзалдир. Бу ҳақида Абу Саид Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: "Эй аҳли жаннат!" дейди. Улар: "Лаббай, Раббимиз...ҳамма яхшиликлар қўлида бўлган Зот", дейдилар. Аллоҳ таоло: "Рози бўлдингизми?" деб сўрайди. Улар: "Қандай қилиб рози бўлмайлик, Парвардигор?! Ҳолбуки, бандаларингдан ҳеч кимга бермаган нарсангни бизга бердинг", дейдилар. Аллоҳ: "Сизларга бундан ҳам афзалроғини берайинми?" дейди. Улар: "Парвардигоро, бундан ҳам афзал нарса нима экан?" дейдилар. Шунда Аллоҳ: "Сизларга розилигимни ҳалол қилдим, бундан кейин сизларга ҳеч ҳам ғазаб қилмайман", дейди" (Бухорий ривояти). Шу маънодаги узун ҳадисни Имом Муслим ҳам келтирган.
Жаннат аҳлининг Аллоҳ таолони кўриши энг катта неъмат экани ҳақида Суҳайбдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" деб сўрайди. Улар: "Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?" дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди". Бошқа ривоятда: "Сўнг ушбу: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" (Юнус, 26), оятини ўқидилар", дейилади. (Муслим ривояти).
Расулуллохдан (с.а.в.): "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" ояти ҳақида сўрашди. Шунда у зот айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргач, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида ваъда бор, уни сизларга тўлиқ қилиб бермоқчи", деб нидо қилади. Улар: "Юзларимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилмадими, дўзахдан бизга нажот бермадими?" дейишади. Шунда парда очилади ва Унга қарашади". Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларга Ўзининг юзига қарашдан ҳам суюклироқ, кўзларига қувончлироқ нарса бермади" (Насоий ривояти).
Абу Довуд Таёлисий ҳам бу ҳадисни тахриж қилган: Суҳайб
розияллоху анху айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоқу алайҳи ва саллам: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", оятини тиловат қилиб дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳ таолонинг хузурида ваъда бор", деб нидо қилади. Улар: "У нима экан? Дарҳақиқат, юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб, бизни жаннатга киргизди-ку?" дейишади. Бу уларга уч марта айтилади. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, бас, улар Унга қарайдилар. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади".
Имом Аҳмад ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламдан: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", ояти ҳақида сўрашди, бас, айтдилар: "Дунёда чиройли амал қилтан зотлар учун чиройли оқибат — жаннатдир, зиёда неъмат эса Аллоҳ таолонинг жамолига қараш".
Ибн Муборак зикр қилади: Абу Бакр Ҳилолий деди: "Абу Мусо Ашъарийдан Басрада ушбу хутбани эшитдим: "Аллоҳ таоло қиёмат куни жаннат аҳлига фаришталарини юборади. Улар: "Аллоҳ сизларга ваъдасини тўлиқ қилиб бердими?" дейди. Жаннат аҳли шунда қарашади, зийнат, кийим-кечак, мевалар, дарёлару гўзал-пок аёлларни кўриб: "Ҳа, Аллоҳ бизга ваъдасини тўлиқ қилиб берди", дейди. Фаришталар: "Ваъда қилган нарсасини сизларга тўлиқ бердими?" дея уч марта сўрайди. Улар атрофларига қараб, ваъда қилинган нарсалардан бирор нарса қолмаганини кўриб, ҳар сафар: "Ҳа", дейдилар. Шунда фаришталар: "Сизлар учун бир нарса қолди, албатта, Аллоҳ таоло айтганки: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бор", деб. Огоҳ бўлинглар! Чиройли оқибат — жаннат, зиёда неъмат — Аллоҳ таолога қараш".
Юқоридаги Насоий, Абу Довуд ва Ибн Муборак зикр этган ҳадислар Муслим ривоят қилган ҳадисни шархлаб келган. "Аллоҳ таоло айтди", дегани "Аллоҳнинг фариштаси айтди", деган маънода. "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимии хоҳлайсизларми?" дегани фаришталарнинг: "Аллоҳ сизларга зиёда қилишни хоҳлайсизларми?" деганидир. "Шунда парда очилади", деган сўз: "Кўзлари етишидан тўсиб турган монеълар кўтарилади ва улар Аллоҳ таолони буюклик, улуғлик, камолот, қудрат, олийлик ва жамол сифатлари билан кўради, Аллоҳ таоло ботил фирқалар сифатлаган нуқсонлардан покдир", деган маънода. Бу ердаги парда махлуқларга тегишли, Яратувчига эмас. Махлуқлар тўсилгандирлар. Аллоҳ таоло тўсилишдан пок ва улуғ зот. Зеро, тўсилиш ҳиссий нарсалар билан ўраб олинишдир. У бизнинг сифатимиз. Лекин Аллоҳ таолонинг махлуқлар кўзи ва идрокидан тўсилиши Аллоҳ хоҳлаган нарса ва хоҳлаган кайфиятда бўлади.
Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло агар бандаларига тажаллий этиб, кўзларидан пардалар кўтарилса, Аллоҳнинг жамолини кўрсалар, анҳорлар қуйилади, дарахтлар тизилади, сўри-ю болахоналар шовқин билан овоз беради, булоқлар шилдирайди, ҳаяжонлантирувчи шамол эсади, ҳовли-ю қасрлардан янада кучлироқ мушк ва кофур таралади, қушлар сайрайди ва ҳурлардан янада ёришади. Бу хабарни Абул Маъолий "Ар-рад" китобида келтириб, "Буларнинг барчаси Аллоҳнинг қадари билан", дейди.
Аллоҳ таолони кўриш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Икки жаннат бор, уларнинг идишлари-ю бошқа нарсалари кумушдан ясалган ва яна икки жаннат бор, уларнинг идишлари-ю бошқа нарсалари тиллодан ясалган. Адн жаннатида қавм билан Парвардигорлари ўртасида унга назар солмоқларига улуғлик пардасигина монеълик қилиб туради" (Муслим ривояти). .
Жарир ибн Абдуллохдан ривоят қилинади: "Кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Шунда у зот ўн тўрт кечалик ойга қараб дедилар: "Албатта, сизлар у дунёда Раббингизни худди мана шу ойни кўргандек кўрасиз. Уни кўришда бир-бирингизга халал бермайсиз. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан илгариги намозларни шайтонга бой бермасликка қодир бўлсангиз, ўқингиз!" Сўнг: "Ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигррингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг — намоз ўқинг!" (Қоф, 30) деган оятни тиловат қилдилар" (Бухорий, Муслим ривояти).
Абу Довуд Уқайлийдан ривоят қилади: "Мен: "Эй Расулуллоҳ(с.а.в.), ҳар биримиз қиёмат куни Аллоҳни очиқ-равшан кўрамизми?" деб сўрадим. У зот: "Ҳа”, дедилар. "Махлуқлари устида бунинг белгиси борми?" деб савол қилдим. "Эй Абу Розин, сизларнинг ҳар бирингиз кечаси ўн тўрт кунлик ойни очиқ-равшан кўрасизларми?" дедилар. Мен: "Ҳа", деб жавоб қилдим. у зот: "Аллоҳ таоло буюкдир. Ой ҳам Аллоҳнинг бир махлуқидир. Бас, Аллоҳ буюкроқ ва улуғроқдир", дедилар".
Муслим ривоятидаги: "Улуғлик пардасигина монеълик қилиб туради", сўзидаги "парда" истиъора бўлиб, Аллоҳнинг улуғлиги ва буюклигидан киноя қилиб келтирилган. Буни Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси қудсий очиқ баён этади: "Аллоҳ айтди: "Улуғлик изоримдир, кибриё ридоимдир..." Бу билан икки сифатни баён этди. "Улуғлик пардаси" деганда улуғлик сифатини ирода қилди. У зот ўзининг улуғлиги ва буюклиги билан қиёматдан олдин ҳеч ким Уни кўришини хоҳламади. Қачон қиёмат бўлиб, жаннат аҳлига Адн жаннатига киришга изн берилгачгина Уни кўришларини хоқлади. Бас, улар Адн жаннатида У зотни кўрадилар. Бу маънони Байҳақий ва бошқалар айтишган.
Улуғлик ва буюклиқдан истиъора қилинган ридо ва изор ҳис қилинадиган кийим жинсидан эмас, албатта. Бу фақатгина ўхшатиш, холос. Чунки ридо ва изор инсон учун махсус нарсалардан бўлиб, уларга тушунарли бўлиши учун шундай ишлатилди. Аммо бу сифатларда Аллоҳ таолога ҳеч ким шерик бўла олмайди. Ҳадиснинг охирида ҳам: "Ким у иккисидан бири устида Мен билан тортишса, уни ёниб турган жаҳаннамга киргизаман", дейилган.
Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи ҳақида Жобир розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалам айтдилар: "Жаннат аҳли ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ, устларида бир нур пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло: "Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат", дейди. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: "(Уларга) меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур" (Ёсин, 58), деган сўзининг тасдиғидир. Уни кўрганларида жаннатнинг барча неъматларини унутадилар, токи тўсилгунича шундай бўлади. Қачон Аллоҳ улардан тўсилса, Унинг нури ва баракоти улар билан қолади".
"Баногоҳ устиларида..." деган сўздан мурод Аллоҳнинг олийлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло жой ва манзилдан иборат макон билан сифатланмайди. У олийлик ва улуғлик жиҳатидан сифатланади. "Уни кўрганларида, жаннатнинг барча неъматларни унутадилар", деганида Аллоҳнинг жамолига қараш лаззати билан машғул бўлиб қолишлари тушунилади. Чунки Унинг жамолини кўришдан афзал нарса йўқ, Аллоҳ таолонинг тажаллисига ҳеч нарса баробар бўла олмайди. Агарда Аллоҳ таоло уларни собит ва боқий қилмаганида эди, уларга ҳам тоғ билан содир бўлган нарса воқеъ бўлур эди. Зеро, Аллоҳ таоло тоққа тажаллий қилган пайтда, у парча-парча бўлиб, қумга айланиб кетган эди.
"Қачон Аллоҳ улардан тўсилса", деганининг маъноси, Аллоҳ уларни унутиб қўйган жаннат неъматларига қайтарса ва улар яна ўзларига ваъда қилинган неъматлар ичида бўлиб, тайёрлаб қўйилган нарсалардан ором олишда давом этсалар, деганидир. Бироқ бу, улардан ғойиб бўлса, улар Аллоҳни яна унутади ва кўришдан тўсилиб, жаннат неъматлари билангина кифояланадилар, дегани эмас. Аллоҳ таоло уларни унутган нарсаларига қайтаради, айни пайтда уларни бошқа кўриб бўлмайдиган қилиб тўсмайди. Бунга ҳадисдаги: "Унинг нури ва баракоти улар билан қолади", деган жумла далолат қилади.
Аллоҳ таолони жамолини кўришлик барчамизга насиб қилсин!
Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Абу Ғудданинг биргина китобни узоқ излаб, ниҳоят, Маккаи мукарраммада Тошкентлик шайхдан топганлари хусусида ажиб ҳикоя
Шайх раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳифалар» китобида ўзларининг ҳаётларидан бир лавҳани қуйидагича зикр этадилар: «Баъзан бирон китобга етишадиган бўлсам, Аллоҳ таоло учун фалон-фалон ракат намоз ўқийман деб назр қилар эдим. Бир китобни қўлга киритаман деб, қизиқ воқеани бошимдан кечирганман. Уни шу ўринда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:
«Қоҳирадаги ал-Азҳар университетининг шариат факультетида ўқиб юрган пайтларимда доимо шайхимиз, аллома имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бўлардим. У зот аллома Шайх Алий Қорининг «Фатҳу бобил иноя бишарҳи китобин ниқоя» китобини олишни тавсия қилдилар. Фойдали, нодир, дурдона китобларни қўлга киритишга ишқибоз эканимлигимни билганликлари сабаб, ўша китобни топишга бир неча бор жиддий тарзда қизиқтирган эдилар.
У китоб Ҳиндистонда чоп этилган бўлса керак, деб юрардим. Қоҳирада олти йил яшаган бўлсам, то ўқишни тугатгунимча ўша китобни излаб юрдим.
Топилиши мумкин деб фараз қилган барча кутубхоналаримдан сўраб-суриштирдим, лекин у ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмадим. Ўз юртимга қайтганимда ҳам Ҳалабнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмай ёки қайси кутубхонасига кирмай, ўша китобни излашда давом этардим.
Мен китоб Ҳиндистонда чоп этилган деб ўйлаганим ва у ҳанафий фиқҳи борасида ёзилгани боис, шояд мақсадимга эришсам деб, китобфурушлардан Ҳиндистонда чоп этилган ҳанафий мазҳабига оид барча фиқҳий китоблар ҳақида суриштирар эдим. Лекин улар бу китобнинг ҳатто номини ҳам билишмас эди. Дамашқдаги қадимги дурдона китоблардан хабардор бўлган эски китобфурушлар бор эди. Уларда жуда кўплаб қадимги ва қимматбаҳо китоблар бўлса-да, уларни сотиш масаласида жуда ҳам қаттиқ туришар ва анчагина қиммат нарх белгилашарди.
Улар Саййид Иззат Қусайботий ва унинг отаси, шунингдек, Шайх Ҳамдий Сафаржалоний ва Саййид Аҳмад Убайдлар эди. Бир куни Саййид Иззат Қусайботийдан Ҳиндистонда чоп этилган «Фатҳул бобил иноя...» китоби ҳақида сўрасам, ул зот китоб унда борлигини айтди ва Имом Айнийнинг 1293 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп этилган жуда катта – олти мужалладдан иборат «Ал- Биноя би шарҳи Ҳидоя» китобини олиб чиқди. Ушбу китоб ҳам мен излаб юрган қимматбаҳо, нодир китоблардан эди, аммо мен у зотдан сўраган китоб эмасди.
Шунинг учун бу китобни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдим. Кейин мен Шайх Ҳамдий Сафаржалоний раҳимаҳуллоҳдан қидириб юрган китобим ҳақида сўрадим. Билсам, китоб Россияда, Қозонда чоп этилган экан. Айтишларича, китоб қизил гугуртдан ҳам нодирроқ экан. У киши умри давомида қанча-қанча китоблар билан шуғулланган бўлса-да, ўша китобдан фақат бир нусхаси қўлига тушгани ва уни аллома Имом Кавсарийга ақл бовар қилмайдиган даражада қиммат нархга сотиб юборганини айтди.
Китоб чоп этилган жойни аниқ билиб олган бўлсамда, унга етишишга бўлган умидим сусайди. Аллоҳ таоло мени 1376/1957 йилда биринчи маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилишга муваффақ қилганида Маккаи мукаррамага кириб, китоб босилган ўлкалардан Аллоҳнинг муборак шаҳрига кўчиб келган кишилардан биронтаси ўзи билан ўша китобни олиб келгандир, деган умидда Маккадаги кутубхоналардан китобни суриштира бошладим, лекин топа олмадим. Аллоҳ таолонинг инояти билан Маккаи мукаррамадаги бозорлардан бирида одамлардан чеккароқдаги бир эски китобфурушнинг олдига бориб қолдим.
У зот шайх Мустафо ибн Муҳаммад Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ экан. У зотдан бир неча китоблар сотиб олдим. Сўнг ноумид бўлган ҳолда ҳалиги китоб ҳақида сўрасам, бир ҳафтача олдин менда бор эди, деб қолди. Китобни бухоролик олимлардан бирининг меросидан сотиб олган экан. Бир неча кун олдин уни асли бухоролик Тошкент уламоларидан бирига қиммат нархга сотиб юборган экан. Ишонқирамай турган эдим у ўша китобни менга сифатлай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам ўша мен анчадан бери излаб юрган китоб эди. Шундан кейин китобни сотиб олган тошкентлик олим кимлигини сўрадим.
У зот ўйлаб туриб шайх Иноятуллоҳ Тошкандийнинг номини айтди. Ундан ўша шайхнинг яшайдиган, ишлайдиган манзилини, уни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. У бу ҳақда билмаслигини айтди. Яна у киши ҳақида кимдан сўраб-суриштиришим мумкинлиги ҳақида сўраган эдим, буни ҳам билмаслигини айтди. Шундан сўнг ўша китобни қўлга киритиш ёки уни сотиб олган киши билан учрашишдан янада умидим узилди. Шундай бўлса-да, Масжидул Ҳарам ёки Макка бозорларида учратган барча бухоролик кишилардан шайх Иноятуллоҳ ҳақида суриштириб юравердим. Бухороликлар бор деб айтилган ҳеч қайси мадраса ёки карвонсарой қолмади, ҳаммасидан ўша шайхни суриштириб чиқдим. Ҳатто Макка ташқарисидаги маҳаллаларгача бордим. Чунки айримлар у ерда ҳам бухороликлар бор дейишганди.
Лекин излаётган одамим билан учрашиш қаёқда дейсиз? Ахир Маккаи мукаррамада Иноятуллоҳ исмли қанчадан-қанча бухороликлар бордир. Тўхтовсиз сўраб-суриштиришлар мени шайх Абдулқодир Тошкандий Бухорий Саотийнинг ҳузурига олиб борди. У зот Макка атрофидаги Жарвал маҳалласида истиқомат қилар экан. У зотдан шайх Тошкандий ҳақида сўраган эдим, шайхни таниди ва менга унинг асл исмини айтди. Исми шайх Мир Иноят Тошкандий экан. Лекин у ҳам шайхнинг манзилини у билан учрашиш мумкин бўлган жойларни билмас экан.
Яна «Фатҳул бобил иноя...» китобини олган ўша шайх билан учрашишдан ноумид бўлиб қолдим. Орадан бир оз вақт ўтди. Бир куни Каъбаи муаззамани тавоф қилиб Аллоҳ таолодан мени ўша инсонга йўлиқтиришини ва ўша китобни қўлга киритишга муяссар этишини сўрадим. Ушбу дуо ва нолани би неча бор такрорлайвердим. Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу муддат ичида китоб ва унинг эгасини қидиравериб, фикру ҳаёлим паришон бўлиб қолган эди. Бу Аллоҳга аён.
Бир куни (масжид кенгайишидан олдин) Масжидул Ҳарам эшикларидан бири- «Бобу зиёда»нинг олдидаги бозорда айланиб юрсам, Абу Араб деган эски дамашқлик тижоратчи мени кўриб, кўринишим ва кийимларимдан шомликка ўхшатиб олдига чақирди. Шом ўлкаси ва Шом аҳолиси ҳақида сўради. Китобга бўлган иштиёқим кучлилигидан у кишидан биринчи бўлиб ҳалиги бухоролик шайх ҳақида сўрадим. У олдидаги дўконда ўша шайхнинг куёви савдо қилишини, шайхни ҳаммадан кўра у яхши бўлишини айтди. Бу гапларни эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдимки, қулоқларимга ишонмай қолдим.
Шундан сўнг мен туну кун у ерга қатнаб, охири у киши билан учрашишга муваффақ бўлдим. У зот китобни менга ўзлари истаган нархда арзонга сотдилар. Ўша кун умримда энг хурсанд бўлган онларимдан бири эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ўша китобни биринчи жузини таҳқиқ қилиб, нашр қилишни насиб этди. Аллоҳ таолодан ўз фазли ва карами ила китобнинг қолган қисмларини ҳам нашр қилишга муваффақ бўлишини сўраб қоламан!».
Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг
«Саҳифалар» китобидан.