Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447

Мўминаларга ибрат мўминалар: Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

07.01.2019   9875   4 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ҳазрати Фотима розийаллоҳу анҳонинг таваллуди бутун Маккада катта шов-шув бўлган бир воқеа — Каъбанинг қайта таъмирланиш вақтига тўғри келган эди. Ўшанда Ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйиш борасида кутилмаган ихтилоф чиқади. Масала шу даражада жиддийлашадики, ҳатто қабилалар тўрт кун мобайнида ўзаро урушга тайёргарлик ҳам кўрадилар. Бу вазият Макка пешволарини қайғуга солади. Нима бўлса ҳам, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш лозим эди. Ниҳоят, Умайя ибн Муғира ал-Маҳзумий шундай таклиф билан чиқди: “Эй Қурайш аҳли! Бу масалада ораларингиздан бир кишини ҳакам қилинглар. У эса бугун Масжид-ул Ҳарамнинг дарвозасидан кириб келадиган биринчи киши бўлсин”. Бу таклиф барчага маъқул тушади ва ҳаяжон билан кутиш онлари бошланади. Бир оздан кейин ўттиз беш ёшлардаги чеҳраси нурли Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келадилар. У зотни кўрган Қурайш аҳли беҳад севинадилар: “Мана, Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳнинг фарзанди Муҳаммад Амин (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Биз у берадиган ҳар қандай қарорга розимиз”. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавзуни хотиржам тингладилар, мулоҳаза қилдилар. Сўнгра ридоларини ерга солдилар. Ҳажарул асвадни унинг устига қўйиб: “Ҳар қабиланиниг раиси ушбу либоснинг бир учидан ушлаб кўтарсинлар”, дедилар. Ўзлари ҳам бирга кўтариб бориб муборак қўллари билан тошни Каъба бурчагига жойлаштирдилар. Бу хабар тез орада Маккага ёйилди. Муаммо хамирдан қил суғургандек осон ҳал қилиниб, Қурайш аҳли Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бениҳоя мамнун бўлади. Ўша куни Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўтаринки кайфиятда уйларига кайтдилар ва тўртинчи қизларининг таваллуди ҳушхабарини эшитадилар. Севинчларига севинч қўшилади. Қизларига Фотимаи Заҳро деб исм қўядилар. Фотима розийаллоҳу анҳо ҳам оталарига жуда ўхшар эди. Опаси Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг беғубор севгиси, меҳр-муҳаббати билан вояга етди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг тарбияси, камоли ва фароғати учун вақт ажратиб, кўпинча роҳатларни тарк этар эдилар. Ҳали кичкина бола бўлгани учун Фотима розийаллоҳу анҳо кўчага фақат оталари билан бирга чиқар эди. Доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида юриши унинг гўзал ахлоқ билан ҳулқланишига сабаб бўлди. Худди шунингдек, у муҳтарама зот, оналари ҳазрати Ҳадича розийаллоҳу анҳо онамиздан ҳам жуда кўп яхши хислат ва фазилатларни олди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳиро ғорида ваҳий нозил бўла бошлаган пайтларда Фотима розийаллоҳу анҳо эндигина беш ёшга қадам қўйган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли қизлари оталарининг ҳаётларидаги тарихий ҳодисага шундай кичик ёшларида шоҳид бўлдилар. Табиийки, бу саодатли воқеалар у муҳтарамалар тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Макка мушрикларининг мусулмонларга қилган зулмларига қарши бўлган Фотима розийаллоҳу анҳо азиятларни енгиш учун жон фидо қилишга ҳам тайёр эди. Ҳолбуки, у ҳали ожиза, кичкинагина бир кизча эди. Исломга даъватнинг дастлабки йилларида мўминларга қилинган шафқатсизликлар, жумладан, Абу Толиб маҳалласида Ҳошим ўғиллари билан биргалиқда ўраб олиниб, мусулмонларга кўрсатилган турли азобу уқубатлар, очлик Фотима розийаллоҳу анҳонинг соғлиғига қаттиқ таъсир ўтказди. Ҳаётининг баҳоридаёқ шунча ташвиш, дард-алам ичида яна бир оғир имтиҳонга рўбарў бўлди. Муштипар онаси Ҳадича розийаллоҳу анҳо фоний дунёни тарк этдилар. Ҳижратдан аввалги ўн уч йиллик Макка ҳаёти ҳақиқатдан ҳам мўминларга, хусусан, Набий алайҳиссаломга жуда оғир кечди. Бу вақт мобайнида Фотима розийаллоҳу анҳо турли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлди. Кўпчилик мўминлар қатори у ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Оталарига қилинган ҳақсизликларни кўриб, кўп йиғлади. Ҳатто бир куни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима розийаллоҳу анҳога: “Эй қизгинам! Йиғлама, албатта Аллоҳ отангни уларнинг зарарларидан ҳимоя қилади”, дедилар. Ҳазрати Фотима розийаллоҳу анҳо оналарининг ўрнини билинтирмаслик учун доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлдилар. Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам доим қизларига меҳр-шафқат кўрсатдилар. Шубҳасиз, ёш Фотима розийаллоҳу анҳо бундай меҳр-муҳаббатга муҳтож эди. Давоми бор...


Саидаброр Умаров

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   6695   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.