Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

“Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман”

7.01.2019   2543   3 min.
“Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман”

(Умра ибодатини адо этаётган 102 ёшли онахон билан суҳбат)

2019 йилнинг Январь ойида Сурхондарё вилоятидан Умра зиёратига келган Олимова Мамлакат она аслида 102 ёшда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда эса унинг туғилган йили 1918 йил этиб кўрсатилган. Зиёратда момосига ҳамроҳлик қилаётган набираларининг айтишича, ўша даврларда  ҳужжатлаштириш ишларидаги камчиликлар сабаб икки йилга хатолик билан қайд этилган.

Мамлакат она бундан ўн йил муқаддам 92 ёшида илк бор муборак Умра ибодатини адо этаётган вақтида яна ўн йилдан сўнг Аллоҳ таолонинг азиз меҳмони бўлишини ўйлаганмикин... Парвардигорнинг инъоми, мўжизасини қарангки, бундай ёшда ҳатто ўз уйида зўр базўр ҳаракатланиши мумкин бўлган бир ҳолатда бир бандасини тайёрага, ундан кейин автобусларга ўтказиб минглаб чақирим нарига,  Ўз Байтига чорлаб турибди!  Бу ҳар бандага ҳам насиб этавермайдиган улуғ саодат! Зиёрат давомида ўзларининг мустаҳкам иймонлари, ибодатга бўлган ғайратлари, дадил сўзлари билан ҳаммани ҳайратга солаётган мўтабар момо билан суҳбат қуриб, дуоларини олишга интилдик.

Ассалому алайкум ҳожи она! Табаррук ёшда адо этаётган ибодатларингизни Аллоҳ таоло хусни мақбул айлаб, жаннатларга ҳужжат қилсин. Ҳаётингизда нима билан машғул бўлгансиз, қандай жойларда фаолият юритгансиз?

- Ваалайкум ассалом. Раҳмат. Ёшлик давримда колхозда меҳнат қилганман. Қийин пайтларда ҳам ибодатдан қолмадик, намозимизни адо этдик, кишиларга яхшилик қилдик, Худога шукур. Турмуш ўртоғим Аллоҳ раҳмат қилсин, мактаб қурган, ўша мактабга унинг номи берилган.

Онажон умрни албатта Аллоҳ беради. Бироқ тақдирда битилган умрнинг қисқариши ёки узайишига гоҳида банданинг ўзи ҳам сабабчи бўлади. Айтингчи, бу муборак ёшга етишишнинг сири нимада? Ҳаётинигизда кўпроқ нималарга амал қилдингиз?

- Меҳнат қилдим, хайру эҳсон, ҳаммага яхшилик улашишга ҳаракат қилдим. Ибодатдан узулмадим.

Онажон шу ёшда Аллоҳни байтига иккинчи бор келиб турибсиз. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодат. Айни пайтда қалбингиздан қандай ўйлар ўтяпти?

- Мен ҳақиқий дунёни, оламни шу жойда топдим. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи васаллам) ни равзалари, Кабани яна кўрдим. Ибодат қилдим. Бу жой дунё мусулмонларини жамлайди, бирдам қилади, ҳамма бир-бирига табассум билан муомалада бўлади. Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман.

Бугунги давр ёшларига нималарни тавсия қиласиз, қандай насиҳат қиласиз?

-Доим ҳаракатда бўлишсин, ибодатдан узулишмасин. Кўпроқ ўқишсин. Диний ва дунёвий билимларни яхши ўрганишсин.Аллоҳ ҳаммаларини шу жойларга чақирсин!

Ҳамроҳларининг айтишича, онахон вафот этган турмуш ўртоқлари, ота-оналари учун ҳам тавоф қилибдилар (албатта арава ёрдамида). Буни қаранг, фарзанд, қолаверса, солиҳа аёл 100 ёшдан ошганда ҳам ўз бурчини адо этмоқда... Субҳаналлоҳ!

Ҳа, ҳаёт ибратларга тўла. Фақат ундан хулосани қандай чиқара оламиз бу ўзимизга боғлиқ... Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай узоқ ва саодатли умрни насиб этсин.

 

Зоиржон Содиқов сухбатлашди

Макка шаҳри.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

"Ўрганадиган илм" нима дегани?

23.12.2024   1330   4 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.

Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.

Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.

Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.

Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...

Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан