Аввалроқ, Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг бошланғич ва ўрта таълим бўйича бошқарма бошлиғи Шайх Али ал-Халилий, ал-Азҳар шайхининг маслаҳатчиси профессор Абдураҳмон Мусо ҳамда ал-Азҳар ректори, профессор Муҳаммад Маҳрасовий билан учрашди.
Учрашув доирасида ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум лойиҳаси устида муҳокама ўтказилиб, ал-Азҳар ва Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйиш алоҳида қайд қилинди. Келишувга мувофиқ, ҳар йили ўзбекистонлик 25 нафар талаба учун ал-Азҳар томонидан грант ажратилади. Шундан 20 нафар бакалавр босқичи учун 5 нафари эса магистратура босқичи учун ажратилиши белгилаб қуйилди.
Сафар давом этмоқда, хушхабарларни биздан эшитинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилган суҳбатни имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов олиб борди. «Қалб поклиги — руҳий тарбия асоси» мавзусида кечган суҳбат малакали сурдо таржимони воситасида иштирокчиларга етказилди.
Учрашув давомида қатнашчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид саволларига батафсил жавоб олдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга хайрия эҳсонлари тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати