Куни кеча, 5 январь куни Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни имзолаш, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва ал-Азҳар университети ректори билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон делегацияси ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасаларда кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида такдимотлар ўтказиши мўлжалланган.
Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, китоблар таълиф этишган.
Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Пайариқ туманида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ташаббуси билан шаҳар ва туман имом-хатиблари, иқтидорли имомлар ҳамда 65 нафар ҳожилар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда халқ билан, кенг жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан фикрлар билдирилди. Бу бўйича қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида йиғилиш қатнашчилари ҳудуддаги ижтимоий аҳволи оғир, бемор ва ногиронлиги бор оилалар яшайдиган хонадонларга боришди. Уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди. “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали томонидан 50 та ногирони бор ана шундай оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, вилоятда диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш йўлида фаол иштирок этиб келаёган беш нафар амалиётчи моддий жиҳатдан рағбатлантирилди.
Vaqf.uz