Эй одам фарзанди, агар дунё ахтариб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам ўзим тақсим қилиб қўйган ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман.
Ҳадиси қудсий.
Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер...” Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:
- “Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”
Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!” “Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, – деди донишманд. – От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб – бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”
- “Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг нима алоқаси бор?!”
- “Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.
Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан.
Хулоса: «Сен учун» деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. «Сен учун эмас» деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. На чумоли заиф бўлгани учун оч қолади ва на шер панжаси қувватининг зўрлиги билан доим қорин тўйдира олади.
Ҳамманинг ўз ризқи бор.
Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,
Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.
Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги
Мум эмас-да, эзиб хам қилиб бўлмас.
Умар Хайём
Б.Хайдаровнинг "Инсоннома" китобидан
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ