Аввалроқ, Миср Араб Республикасида Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкил этилиши ва ўтказилиши, унда мисрликлардан ташқари хорижликлар ҳам иштирок эта олиши хусусида хабар берган эдик.
Шу кунларда Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкилий қўмитаси берган маълумотга кўра, мусобақа беш босқичда ўтказилади. IQNAнинг хабар беришича, ташкилий қўмита мусобақа шартларини эълон қилган.
Танлов шартларига кўра, мусобақада қатнашувчиларнинг ёш бўйича тартиби қўйидагича:
- биринчи босқич: 40 ёшдан;
- иккинчи босқич 30 ёшдан;
- учинчи босқич 25 ёшдан;
- тўртинчи босқич 15 ёшдан катта бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.
Мисрда истиқомат қиладиганлар azhar.eg/quranregister сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Мисрдан ташқаридаги номзодлар Ал-Азҳарнинг расмий мактуби юборилган Исломий марказлар ва мамлакатларда қайд этилишлари мумкин. Номзодлар жумодисоний ойининг охиригача рўйхатдан ўтишлари лозимлиги қайд этилган.
Мисрликлар учун мусобақанинг дастлабки саралаш босқичи жумодиссоний ва ражаб ойларида бўлиб ўтади. Мусобақанинг барча қатнашувчилари шаъбон ойининг 15-22 кунларида ўзаро куч синашадилар. Финал босқичи шаъбон ойининг 23-28 кунлари бўлиб ўтади. Рамазоннинг 8 кунида эса мусобақа натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиши айтилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан