Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Мўминаларга ибрат мўминалар: Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо

4.01.2019   4784   2 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват тушишидан олдин, ҳар йили бир ой давомида Маккадаги ҳаётдан узоқлашиб, Ҳиро ғорида тоат-ибодат билан машғул бўлар эдилар. Тоғдан тушгач, Каъбани тавоф килиб, уйга қайтардилар. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун вужудлари титраб уйга кириб келдилар ва Хадича розияллоҳу анҳо онамизга: 

- Мени ўраб қўйинг, мени ўраб қўйинг, — дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо нима воқеа юз берганини сўраганларида: 

- Ё Хадича, ўзимдан қўрқдим, - дедилар. Суюкли завжалари эса эътимод ва ишонч билан: 

- Йўқ, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сабр қилинг, балки бу ҳодиса бир хушхабардир. Чунки сизнинг тўғрисўз ва ҳалол инсон эканингиз ҳаммага маълум. Умид қиламанки, сиз бу умматга пайғамбар бўласиз, — дедилар. Сўнгра маслаҳат сўраб, амакиваччалари Варақа ибн Навфал ҳузурига бордилар. Варақа Расулуллоҳ соллаллолоҳу алайҳи ва салламдан воқеа тафсилотини эшитгач:

 - Муборак бўлсин, эй Муҳаммад (соллаллолоҳу алайҳи ва саллам). Бу Мусо алайҳиссаломга тушган фаришта Номусдир. Муҳаққақ сен бу умматнинг пайғамбари бўлибсан, - дея нидо қилди. Бу хушхабарни эшитган Хадича розияллоҳу анҳо дарҳол имон келтирди. Аллоҳга ва унинг Расулига имон келтирган, Аллоҳ оятларини тасдиқлаган илк инсон ва илк мусулмон аёл Ҳазрати Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бўлдилар. Расули Акрам алайҳиссаломни энг қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаган, машаққатларга тўла ҳаётида доимо Набий соллаллолоҳу алайҳи ва салламнинг ёнидан айрилмаган аёл ҳам Ҳазрати Хадича розияллоҳу анҳо эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 - Ё Хадича, оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолодан Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом келтиряпти, — дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо:

 - Салом Аллоҳга бўлсин. Салом Ундан келади ва Унга қайтади, Жаброил (алайҳиссалом)га ҳам салом бўлсин, - дедилар. Шу кундан эътиборан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барокатлар ва машаққатларга тўла бўлган янги бир ҳаётни бошладилар.

Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   2079   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан