Атрофга назар солсангиз, одамларнинг қилаётган ҳар бир ҳаракати замирида маълум бир инсонларнинг эътирофи яъни севгисига эришиш ётади. Хўш, нима бўлибди дерсиз. Ҳеч нима. Мана шу ҳеч нима бўлмайдиган, ўткинчи эътироф ва туйғулар учун жуда кўп вақтимиз ва соғлигимизни сарфлаймиз. Натижа эса биз ўйлагандек бўлмайди.
Баъзида юзи нурли, қалби – ўзи таъкидламаса-да пок бўлган, кўпчилик томонидан эъзозланадиган инсонларни кўриб “Худо суйган банда эканда” деб қўямиз. Яна бир тоифа одамлар бор. Уларнинг юриш-турушидан нолиб, аксарият кишилар “Худо урган одам у” дейди.
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда Ўзи севган бандалари ҳамда ёмон кўрган тоифалари ҳақида хабар бериб, бир қанча оят нозил қилган. Қуйида мазкур тоифаларнинг айримларини тақдим этамиз.
Аллоҳ таолонинг севгисига сазовор бўладиган тоифалар:
“Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”. (Оли Имрон, 31)
“Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”. (Моида, 13)
“Албатта, Аллоҳ одилларни севади”. (Моида,42)
“Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир”. (Бақара, 165)
“Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара, 222)
“Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади”. (Оли Имрон, 76)
Аллоҳ таоло севмайдиган тоифалар:
“Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”. (Анъом,141)
“Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо, 36)
“Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам имон келтирмайдиганларни (Аллоҳ севмайди)”. (Нисо, 38)
“Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди”. (Нисо,107)
“Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”. (Нисо, 141)
Мазкур оятларда Аллоҳ таоло қайси тоифа одамларни севиши-ю, қайси тоифани севмалигини очиқ-ойдин таъкидламоқда. Бизларга берилган имконият эса қайси тоифада бўлишни танлаш. Ҳар биримизнинг қилаётган ният ва амалларимиз ё Аллоҳнинг ғазабига, ёки севгисига мушарраф этади.
Барчамизга Аллоҳ таоло, Ўзи севган бандалари қаторида бўлишликни насиб этсин!
Саидаброр Умаров
Бугун, 6 январь кунидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотлари бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда билим юрти устозлари ва тингловчилар қатнашди.
Билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов ўқув курсининг тингловчиларига "Илм ва унинг одоблари" мавзусида маъруза қилиб, уларга ҳақиқий илм эгасига қандай одобларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ўқув курси тингловчиларининг тартиб-интизомга риоя қилиши, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этиши ва бошқа интизомга оид тавсияларга амал қилиш ҳар жиҳатдан манфаатли бўлишини айтиб ўтди.
Айни йўналишдаги давра суҳбати Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги 46-давра тингловчилари билан ҳам ўтказилди. Унда таълим муассасаси мутасадди вакиллари бўлғуси қори ва қорияларга ўз тавсияларини берди.
Якунда “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги босқич тингловчилари ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати