Бугун, 4 январь куни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакили, шаҳар бош имоми ва Юнусобод тумани “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларига тайинланди.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган “Минор” жоме масжидидаги 4 январь кунги жума намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов намозхонларга янги бош имом-хатибни таништирди.
Раҳимберди домла Раҳмоновнинг ушбу шарафли вазифаларда Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирокида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида аҳоли вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тумандаги "Олимпия" тўйхонасида бўлиб ўтган ушбу учрашувда ҳозирги кунда ёшлар тарбияси, фарзандларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни таълим олиши муҳимлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маъруза давомида фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, уларни қадриятларимизга мос равишда соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашдаги ҳар бир ота-онанинг ўрни каби муҳим мавзуларда ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.