Гўшти ҳалол бўлиши учун жонивор шариъатга мувофиқ сўйилиши лозим.
(Шаръатга мувофиқ) Сўйилмаган жонлиқ ҳаромдир.[1] Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَنْ تَسْتَقْسِمُوا بِالْأَزْلَامِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ
Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)*. Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир.[2]
*Яъни охирги беш ҳолатдаги ҳайвонларнинг жони чиқмай туриб, типирчилаб турган пайтида топиб, “бисмиллоҳ”ни айтиб сўйишга улгурсангиз уларнинг гўшти ҳалол ҳисобланади (Мд.).
Ҳалқуми ва бўйни ўртасидан сўйилиши лозим.[3] Демак гўшти ҳалол бўлиши учун қассоб мусулмон бўладими ёки аҳли китобми чорва ҳайвонини шариатга мувофиқ ҳолда, яъни ҳалқуми ва бўйни ўртасидан сўйиши лозим. Юқорида ўтган ояти каримага биноан бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, бошқа ҳайвон сузиб ўлдирган ва йиртқич ҳайвонлар баъзисини еб кетган ҳайвонлар ҳаром ҳисобланади. Уламоларимиз электор токи ёрдамида ёки бошқа воситалар билан ўлдирилган ҳайвонларнинг ҳам ҳукми юқоридагилар билан бир ҳил дейдилар. Фақатгина бу ҳайвонларни ҳаром ўлиб қолмасдан аввал сўйишга улгирилса гўшти ҳалол бўлади. Яъни сўйилаётган бошқа ҳайвонлар каби типирчиласа ва уларда ҳаёт аломати бўлиб, тасмия айтиб сўйилсагина ҳалол бўлади. Агар аксинча бўлса, яъни сўйилаётганда ҳаёт аломати бўлмаса гўшти ўлимтик гўшти билан бир хил ҳукмда бўлади.
Бундан ташқари гўшт ҳалол бўлиши учун сўяётган қассобнинг ҳам шартлари бор. Қассобнинг шарти:
Мусулмон ёки аҳли китоб (яҳудий ё насроний) бўлиши шарт. Гарчи аёл, жинни, ақли бор ёш бола, хатна қилинмаган киши, ёки сақов бўлса ҳам.[4] Демак қассоб мусулмон бўлиши лозим. Бунга далил Аллоҳ Таолонинг: إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ. илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). (Моида сураси 3-оят) Оятдаги сўйганинггиз калимасидан мурод мусулмонлар сўйган дегани. Ёки аҳли китобнинг ҳам сўйгани мусулмонга ҳалол Аллоҳ Таолонинг: وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол. (Моида сураси 5-оят) Оятдаги таомдан мурод сўйган нарсалари. Чунки бошқа таомларларнинг ҳалоллиги миллатга боғлиқ эмас[5]. Сўйган нарсаси ҳалол бўлиши учун қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши лозим. Аҳли китоб бўлмаган ғайри динларни сўйгани ҳалол эмас.
Китобсиз ҳам, муртад ҳам бўлмаслиги лозим[6]. Яъни аҳли китобдан бошқа, Мажусий ёки бутпараст бўлмаслиги лозим. Имом Абдурраззоқ ва ибн Абу Шайба ҳазрати Алий розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мажусийлар ҳақида: “Улардан ким мусулмон бўлса, Исломи қабул қилинади. Мусулмон бўлмаганига жизя солинади, фақат аёллари никоҳланмайди ва сўйганлари ейилмайди” деганлар. Тавҳидда эмаслигида бутпарастлар ҳам мажусийлар билан бир хил. Шунингдек мурдаднинг ҳукми улар билан бир. Чунки унинг дини йўқ.
Бундан ташқари қассоб мусулмон бўладими ёки аҳли китобми, Тасмияни (Аллоҳнинг исмини зикр қилишни) қасддан тарк қилмаган бўлиши лозим.[7] Имом Шофиъиий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида эса тасмияни тарк қилганнинг сўйганини ейиш ҳалол, чунки тасмия имом Шофиъийнинг мазҳабларида суннат ҳисобланади. Далиллари: Имом Дуруқутний Марвон ибн Солимдан, у Авзоийдан, у Яҳё ибн Абу Касирдан, У Абу Саламадан, у Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, сўяётиб Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутган киши ҳақида сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмондадир”, бошқа лафзда “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг оғзидадир”. Дедилар. Бизнинг мазҳабимиз олимлари бу ҳадисни заиф дейишади. Чунки ҳадис ровийларидан бўлган Марвон ибн Солимни имом Дуруқутний, ибн Қаттон, ибн Адий, имом Аҳмад ва имом Насаийлар заиф деганлар. Бошқа далиллари имом Абу Довуд Маросилларида Абдуллоҳ ибн Довуддан, у Савр ибн Язиддан, у ас-Солтдан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳнинг исмини зикр қилса ҳам, зикр қилмаса ҳам Мусулмоннинг сўйгани ҳалолдир” дедилар. Ибн Қаттон: “Бу ҳадисда мурсаллик бор. Чунки ас-Солт Садусийнинг ҳолати маълум эмас. У бундан бошқа ҳадис билан танилмаган ва ундан Савр ибн Язиддан бошқа ҳеч ким ҳадис ривоят қилмаган[8]”. деган.
Қолган уч мазҳаб, Моликийлар, Ҳанбалийлар ва Ҳанафийлар, агар қассоб тасмияни эсидан чиқариб айтмаса, сўйгани ҳалол бўлади, аммо қасддан тарк қилса ҳалол бўлмайди дейдилар.
Бунга далил Аллоҳ таолонинг сўзи:
وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ
Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангиз! Зеро, у фосиқликдир. Шайтонлар эса, ўз дўстлари (мушриклар)ни сизлар билан баҳслашишлари учун васваса қилурлар*. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар (ҳам) мушрикларсиз.[9] (Анъом сураси121 оят)
* Икрима (рз.)нинг айтишича, ўлимтикнинг ҳаромлиги тўғрисидаги оят нозил бўлганда форс мажусийлари Қурайш мушрикларига хат ёзиб, унда: “Муҳаммаднинг олдига бориб, сен ўлдирган ҳайвон гўшти ҳалолу, Аллоҳ ўлдирган ҳайвон гўшти ҳаромми, деб баҳслашингиз”, – деб тайинлайдилар. Шундан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб, у орқали уларни шайтонларга, таклифларини эса шайтоннинг васвасасига ўхшатиб мусулмонларни огоҳлантиради (Хз.).
Яъни унга Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарса ҳаром бўлади чунки оятдаги фосиқлик, тоатдан чиқиш. Ва албатта оятда Аллоҳни исми зикр қилинмаган нарсани ейишдан мутлоқ қайтарилиши ҳаромликни тақозо қилади. Бундан ташқари кутубу ситта соҳиблари Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилишади: Мен: “Эй Аллоҳнинг Росули, албатта мен итимни ов учун қўйиб юбораман ва у билан бошқа итни ҳам топаман. Қайсиси овни тутганини билмай қоламан” дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Уни емагин, албатта сен ўзингни итингга тасмия айтгансан, бошқа итга тасмия айтмагансан” дедилар. Бу ҳадисни бизга далил бўлиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмияни қасддан тарк қилинишини ҳаромликга сабаб қилиб келтирдилар[10].
Агар тасмияни эсидан чиқариб тарк қилса сўйгани ҳалол бўлади.[11] Яъни қассоб тасмияни қасддан эмас, баки эсидан чиқаргани учун тарк қилса сўйгани ҳалол бўлади. Чунки унутгани учун тасмия айтмаган одамни сўйганини ҳаром қилишликда жуда ҳам катта машаққат бор. Сабаби инсон унутишдан жуда оз ҳолатдагина холий бўла олади. Агар бу эътиборга олинса, танглик бўлиб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жонлиққа тасмия айтишни унитган киши ҳақида сўралганларида: “Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг тилидадир” деб жавоб берганлар. Чунки эсидан чиқарган киши ҳадисга биноан унутган нарсасига хитоб қилинмагандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларига кўра гуноҳ ундан кўтарилган: Бу умматдан учта ҳолатда гуноҳ кўтарилди: хато қилганда, эсдан чиқарганда ва мажбурланганда (Ибн Адий ал-камил китобларида ривоят қилган). Шундай экан у сўяётган пайтида зиммасидаги фарзни тарк қилмаган ҳисобланади. Аммо қасддан тасмияни тарк қилган ундай эмас, унинг сўйгани ҳалол бўлмайди.[12]
Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси А. Собиров.
[1] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 54-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[2] Моида сураси 3-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[3] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 54-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[4] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 59-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[5] Имом Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Мадорику-танзил ва ҳақоиқут-таъвил (Тафсирун-насафий). Моида сураси 5-оят 273-бет. Байрут. Дарул маърифа.
[6] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 59-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[7] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 60-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[8] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[9] Анъом сураси 121-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[10] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[11] Имом, фақиҳ, муҳаддис Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ал Ҳировий Ал Қорий. Фатҳу бабил-иъная. 3- жуз, Китабу-забоиҳ 61-бет. Байрут. Дарул Арқам ибн Абул Арқам.
[12] Имом Абдулллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ал-Мавсолий ал-Ҳанафий. Ал-ихтиёр литаълилил-мухтор. 5- жуз, Китабу-забоиҳ 11-бет. Байрут. Дарул кутубул иълмийя 1998й.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уч тоифадан бўлишга интилинг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат куни жаҳаннамни кўрмайдиган, Аллоҳ таоло жаҳаннам азобидан қутқарадиган кўзлар ҳақида шундай деганлар: «Уч тоифа инсон борки, уларнинг кўзи жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида соқчилик қилган кўз; Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўз; Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз».
Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири
Бир қиз айтади:
«Бир куни овқатланиб ўтирсак, телевизорда «Дўмбоқ жўжа» деган таомнинг рекламаси бўлиб қолди. Ҳозиргина онам берган овқатни емай, хархаша қилаётган кичкинтой укам рекламани кўриб, «Ойи, қорним очди...» деб қолди. Ана шунда рекламалар бизни қанчалар ўйинчоқ қилиб, ўзига тобе қилиб олаётганини тушуниб қолдим. Овқат егиси келмаётган бола биргина рекламани кўриб, бир зумда қовурилган жўжа ейман деб жанжал қила бошлади-я! Бу каби рекламаларнинг салбий таъсирларидан бири – инсонни ўз ҳаётидан нолиб, ундан норози бўлиб яшайдиган қилиб қўяр экан. Натижада инсон қаноатнинг ҳаловатини йўқотиб, Аллоҳ берган неъматларни кўра олмайдиган бўлиб қолар экан».
Энди шу саволга жавоб беринг:
«Сиз ҳам рекламанинг ҳис-туйғуларингизга, ўй-хаёлларингизга, хотиржамлигингизга, бутун ҳаётингизга қандай таъсир қилишини сезганмисиз?»
Қизларнинг реклама борасидаги тажрибалари
Жуда кўп қизлардан «Реклама бўйича бирор тажрибангиз борми?» деб сўраб, ажойиб жавоблар эшитганмиз. Келинг, улардан баъзиларини ўқиб кўринг.
Бир қиз айтади: «Қизларга хос нарсаларнинг рекламаси мени жинни қилишига сал қолди. Олдинига кийим-кечак (айниқса ички кийим), кейин сочни, терини парваришлайдиган воситалар, сўнгра парфюмерия маҳсулотлари, атир-упалар... Минг афсуслар бўлсинки, мен шундай рекламаларнинг асирасига айланиб қолибман. Ўсмирлик пайтимда яна ҳам чиройли бўлиш учун рекламани битта ҳам қолдирмай кўрардим. Кўрганимга, эшитганимга ишонаверардим. Ким нима тавсия қилса, ўшани сотиб олиб, синаб кўрардим. Лекин натижа қандай бўлса ҳам, ҳеч биридан кўнглим тўлмас эди, шунинг учун реклама қилинган бошқа нарсаларни сотиб олиб, синаб кўришга ҳаракат қилардим. Шундай қилиб, йиллар давомида ундан бунга сакраб юравердим. Мақсадим – рекламадагидек чиройли бўлиш, гўзал қизга айланиш эди. Йиллар давомида танани ёшартирувчи, сочни бақувват, жозибали қилувчи, юзни оқартириб, теримни текис, майин қилувчи кремларни синаб кўравериб, ўзимни ўзим тажриба қуёнчаси қилиб қўйибман. Лекин афсуски, рекламада кўрсатилган қизлардек гўзалликка эриша олмадим.
Бир куни эрталаб уйғониб, ойнага қарадим-да, ўзимга ўзим «Қачондир мен ҳам чиройли бўлармикинман?» деб савол бердим. Сўнг «Ҳеч қачон…» деб, йиғлаб юбордим. Шу кундан бошлаб чиройли, бетакрор бўлишдан умидимни уздим. Тушкунликка, умидсизликка тушиб қолган бўлсам ҳам, гўзалликка бу каби нарсалар билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етдим. Шундагина ўша рекламаларни кўрмасликка қарор қилдим, ҳатто ойнага ҳам қарамай қўйдим.
Орадан бир неча ой ўтди: қизларга хос рекламаларни кўрмадим, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Бир куни бир дугонам «Юзинг роса тиниқлашиб, чиройли бўлиб кетибди-я. Қанақа крем ишлатяпсан?» деб сўраб қолди.
Мен бўлса жаҳл билан «Мени масхара қиляпсанми?» дедим.
«Вой ўлай, нега масхара қиламан?! Ростдан айтяпман, сен роса чиройли бўлиб кетибсан! Ойнага қарагин!» деди у.
Бир неча ойдан бери биринчи марта ойнага қарадим. Дугонам тўғри айтган экан, юзим тиниқлашиб, чиройли бўлиб қолибди.
Дугонам: «Тўғри айтибманми? Энди менга қанақа крем суртганингни айт!» деди.
Мен шундай дедим: «Бир неча ойдан бери умуман ҳеч қанақанги косметиканинг рекламасини кўрмаяпман. Кремларни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам, ҳаммасини йиғиштирдим. Умуман, чиройли бўлишдан умидимни узиб, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Ҳозир эса шундай хулосага келдим: реклама кўришни тўхтатганимда бери хотиржам бўлиб, юзимдан нур ёғила бошлабди. Демак, ҳақиқий гўзалликни рекламадан қидирмаслик керак экан!».
Яна бир қиз айтади:
«Реклама деса, мазам қочади, чунки шуни деб бошимга жуда ёмон кунлар тушган. Бу нарса ўн уч ёшимдан бошлаб бугунги кунгача давом этяпти. Ҳаммаси юзга суртиладиган крем билан тиш пастасининг рекламасидан бошланган. Рекламадаги қизларнинг ҳаммаси юзи оппоқ қизлар эди, битта ҳам буғдой ранглиси йўқ. Шунинг учун юзимга қараб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетганман. Бир неча ой ойнага қарамадим. Ҳар сафар рекламани, уларда роль ўйнаган қизларни кўрганимда ўзимни баттар ёмон кўриб кетардим. Бир куни айнан менга керак бўлган, юзни оқартирадиган кремни реклама қилиб қолишди. Эртаси куниёқ ўша кремни сотиб олиб, юзимга сурдим. Ҳар куни ўн марталаб ойнага қараб, юзимга тикиламан. Ҳар соатда ойнага қарайвериб, чарчаб ҳам кетдим. Кремим тугаши билан янгисини олардим. Бир неча ойдан кейин даҳшатли фожиа юз берди. Кремни ҳаддан ташқари кўп ишлатиб юборганимдан, юзимнинг териси қорайиб, тошмалар тошиб кетди. Тери шифокорига борсам, «Юзингни нима қилдинг? Териси бутунлай заҳарланиб кетибди-ку! Ишқилиб, саратон орттириб олмаган бўлсанг бўлди», деб роса уришди.
Унинг сўзлари ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, мени ғафлат уйқусидан уйғотди. Қилган ахмоқлигим учун роса йиғладим. Мен ақлимни ахлат қутиси қилиб олган эканман, рекламачилар эса унга хоҳлаган нарсасини ташлаб юраверган экан. Ақлимни рекламага сотибман, лекин эвазига ҳеч нарсага эга бўлмабман. Фақатгина пулимни, тинчимни ва соғлом теримни йўқотганим қолибди. Узоқ муолажалардан кейин юзим бироз ўзига келди. Лекин реклама ваъда қилганидек, юзим оқармади. Қанчалик алданганимни тушунишим учун уч йил керак бўлди. Шу уч йилда ўқишни ҳам ташлаб қўйдим, ҳаётдан розилик деган нарсани унутдим. Бир неча бор ўз жонимга қасд қилишни ҳам ўйладим, лекин Аллоҳ сақлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.