Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Университет таълими кишига ақл эмас, балки вазифа (ишга жойлашишга имкон) беради.
Алберт Эйнштейн
*****
Ҳўкизга олди томонидан, эшакка орқа томонидан, аҳмоққа ҳеч қайси томонидан яқин келма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Онгсиз халқ куни келиб виждонсиз оммавий ахборот воситаси етаклайдиган қўйлар подасига айланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Эҳтимол ишга жойлашишинг кечикаётгандир, эҳтимол уйланишинг кечикаётгандир, эҳтимол беморликдан тузалишинг кечикаётгандир. Лекин бу синовларга сабр қилганинг учун ажринг асло кечикмайди.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Бу замондаги кўплаб одамлар ҳақида:
Сиқилсанг, сенга тасалли берадиган инсонни тополмайсан.
Хурсанд бўлсанг, сени табриклайдиган инсонни тополмайсан.
Йиғласанг, кўз ёшингни артиб қўядиган инсонни топа олмайсан.
Лекин хато қилсанг, ҳамма сенга тикилиб турганини кўрасан.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Одамларни ўзингга жалб этиш учун ёлғон гапирма! Инсонлар сендан узоқлашиб кетсалар ҳам рост гапиришдан қўрқма!
“Ҳикмат дурдоналари”
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
Мол-дунё масаласида ўзингиздан пастроқдагиларга қаранг, дедик. Лекин дину диёнат масаласида доим ўзингиздан олдиндагиларга қаранг, улардан ибрат олинг, уларга етиб олишга интилинг. Дунё, бойлик, соғлик ва гўзаллик борасида ўзингиздан қуйидагиларга қараб, чексиз марҳамати учун Аллоҳга шукр қилсангиз, ҳаётингиз бахт-саодатга тўлади, Аллоҳ таоло сизни шукр ва сабр қилувчилар сафига ёзиб, фазлу марҳамати билан уларга бериладиган мукофотларидан сизга ҳам беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Кимда икки хислат бор бўлса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Кимда бу икки хислат бўлмаса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди. Дину диёнатда ўзидан юқоридагиларга қараб, уларга эргашса; мол-дунёда эса ўзидан пастдагиларга қараб, ўзини улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Ким дин борасида ўзидан пастдагиларга, дунё борасида эса ўзидан юқоридагиларга қараб, ўзи етиша олмаган нарсага афсусланса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди» (Имом Термизий ривояти).
Уч хил қараш қалбингиздаги маҳзунликни кетказади:
- бировлардаги нарсаларга розилик кўзи билан қараш;
- мусибатга учраганларга ибрат кўзи билан қараш;
- аҳволи сиздан ёмонроқ, ҳоли хароброқ одамларга қараш.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.