Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳнинг фикрлари

1.01.2019   3813   1 min.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳнинг фикрлари

Албатта, сен Рамазон ойида Масжидул Ҳаромда 50 минг намозхонларнинг қўлларида Қуръон ушлаб, уни ўқиб ўтирганларини кўрасан. Лекин улардан 50 кишининг ўзи ўқиётган оятларини тушунишини ёки улар ҳақида тафаккур қилиб кўришини топмайсан.

 

*****

Агар битта товуқ атрофига иккита хўроз келиб қолса, иккиси ҳам товуқни ҳимоя қилиб, шеригидан рашк қилиб бир-бири билан урушади.

Искандария шаҳрининг денгиз қирғоқларида ва Байрутда мусулмон эркаклар ўзларининг муслима аёлларини бегона эркаклардан рашк қилмайдилар. 

*****

Эркакнинг аёлнинг иффатига бўлган ҳамласи бўрининг қўйга бўлган ҳамласидан ва қўйнинг ўлишидан юз маротаба оғирроқдир. 

 

*****

Чекинишдан, мағлубиятдан олинадиган ибрат ғалабадан олинадиган ибратдан каттароқ бўлади.

*****

Лаззатли нарсаларнинг барчасини тотиб, тажриба қилиб кўрдим. Китоб билан холи қолишдан-да ёқимлироқ нарсани кўрмадим.

 

*****

Шаҳарлар, мамлакатлар ҳам одамларга ўхшайди. Туғилади, ўлади, ёш бўлади, кексаяди, азиз бўлади, хор бўлади.

*****

 أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا

“Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Ҳар бир оятни, ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилиш Қуръонни тадаббур қилишдир. Ўшанда парда кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловот топади, виждон мусаффо бўлади. “Қалбларида қулф” бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан, Қуръон нури ҳам кирмайди.) (Муҳаммад сураси, 24-оят).

Қуръонда айтилаётган гапларни тушунишимиз учун бу қулфларни қачон синдирамиз?!

*****

Ким мен(инг ёзганларим)дан бирор нарса ўқиса ёки мен(инг ёзганларим)дан бирор нарса эшитса, ундан менга бўладиган мукофот ҳаққимга дуо қилишидир.

 

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ли ийлафи қурайш" сураси

8.01.2025   4871   2 min.

"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради. 

Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.

Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди. 
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.

Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.

Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ