Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2024   |   26 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
27 Декабр, 2024, 26 Жумадул сони, 1446

04.01.2019 й. Ёшлик даври – ғанимат

29.12.2018   5534   11 min.
04.01.2019 й. Ёшлик даври – ғанимат

بسم الله الرحمن الرحيم

ЁШЛИК ДАВРИ – ҒАНИМАТ

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي قَالَ: "أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَأَحْسِنُوا آدَابَهُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир, бунда инсон онадан туғилиб, вафот этгунча охират учун сай-ҳаракат қилади. Умр бўйи қилган яхши амаллари эвазига савоб, ёмон амаллари учун гуноҳ ёзилиб турадиган бир муддатдир. Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:

" ...اِغْتَنِمْ شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ..."

(رواه الإمام الترمذى)

яъни: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор:

اَلْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ كَالنَّقْشِ عَلَى الْحَجَرِ

яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.

Демак, ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ

яъни: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривояти).

Халқимизда “Бўладиган бола бошидан маълум” деган ҳикматли сўз бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қуйидаги ҳадисларида келажаги яхши бўладиган кимсалар қаторида санаш асносида ёшлигидан Аллоҳни таниб, ибодатда ўсган ёшларни мақтамоқдалар: 

سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلاَّ ظِلُّهُ... وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ ...

(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)

яъни: “Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ кунда (қиёмат куни) Аллоҳ етти кишини Ўз соясига олур: (улардан бири) Парвардигорнинг ибодатида ўсган ёш йигит” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда Луқмони ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатлари шундан иборатдир:

يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ

وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

яъни: “Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 17-19-оятлар).

Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.

Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.

Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.

         Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида инсон учун дўст танлашнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ибратли байтни келтирган:

              ﭘِسَرِ نُوحْ بَابَدَانْ بِنِشَسْتُ  

             خَانَدَانِ نُبُوَّتَشْ ﮔُومْ شُودْ

             ﺳَﮓِ أَصْحَابِ كَهْفْ رُوزِى چَنْدْ                       

  ﭘَيِ نِيْكَانْ ﮔِرِفْتُ مَرْدُومْ شُودْ

яъни: Нуҳ алайҳиссаломнинг (Ём исмли) фарзандлари ёмонлар билан бирга бўлиб,

Пайғамбарликдан маҳрум бўлди, яъни, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк  мартабадан маҳрум бўлди.

Асҳоби каҳфнинг ити бир неча кун,

Яхшилар сафида бўлиб, инсоният қаторига кирди, яъни, инсонларга ўхшаб, жаннат аҳлидан бўлди.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди.  Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ. 

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида “Ҳайвонот оламига нисбатан меҳр-шавқат ва ғамхўрлик кўрсатиш” мавзусида суҳбатлашамиз. Динимиз ҳайвонот оламининг ҳаётимиздаги аҳамияти ва инсониятга манфаатини воқеъликка мувофиқ ҳолда эътиборга олади ҳамда керакли кўрсатмаларни беради. Қуръони каримнинг бир нечта суралари ҳайвонларнинг номлари билан аталди. Баъзи оятларда чорва молларининг одамларга манфаатлари неъмат ўлароқ санаб ўтилган (Наҳл сураси, 5-7 оятлар).  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг ҳам ҳуқуқлари борлигини асослаб бердилар. Авваламбор ҳайвонларга азият (озор) бермаслик керак. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб ўлдириш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган аёлнинг азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти).  Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эти суягига ёпишиб кетган туяни кўриб қоладилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Минишга яроқли қилиб мининглар, ейишга яроқли қилиб енглар”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳар бир ҳайвонни нима учун яратилган бўлса, шу ишда фойдаланиш ҳам динимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингиз устини минбар қилиб олишдан сақланинглар...”, – дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Бунинг маъноси, кимнидир кутаётганда, савдо сотиқ қилаётганда ёки бошқа ишларни қилаётганда уловни устига миниб турманг, деганидир. Ҳадиси шарифларда тирик жонзот (товуқ, қўй, эчки кабилар)ни ўқ отишга нишон қилиб олишдан қайтарилади (Имом Бухорий ривояти).

Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир. Бу мавзуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Масалан, чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган кишининг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни қайтариб ўз жойига қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларида агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам ўйнаб ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.

Аллоҳ таоло ушбу янги йилни барчаларимизга унумли қилиб, фарзандларимиз тарбиясига янада масъулият билан ёндашувимизни насиб айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири

26.12.2024   882   6 min.
Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Уч тоифадан бўлишга интилинг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат куни жаҳаннамни кўрмайдиган, Аллоҳ таоло жаҳаннам азобидан қутқарадиган кўзлар ҳақида шундай деганлар: «Уч тоифа инсон борки, уларнинг кўзи жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида соқчилик қилган кўз; Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўз; Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз».

 

Рекламаларни томоша қилиш ва уларнинг таъсири

Бир қиз айтади:

«Бир куни овқатланиб ўтирсак, телевизорда «Дўмбоқ жўжа» деган таомнинг рекламаси бўлиб қолди. Ҳозиргина онам берган овқатни емай, хархаша қилаётган кичкинтой укам рекламани кўриб, «Ойи, қорним очди...» деб қолди. Ана шунда рекламалар бизни қанчалар ўйинчоқ қилиб, ўзига тобе қилиб олаётганини тушуниб қолдим. Овқат егиси келмаётган бола биргина рекламани кўриб, бир зумда қовурилган жўжа ейман деб жанжал қила бошлади-я! Бу каби рекламаларнинг салбий таъсирларидан бири – инсонни ўз ҳаётидан нолиб, ундан норози бўлиб яшайдиган қилиб қўяр экан. Натижада инсон қаноатнинг ҳаловатини йўқотиб, Аллоҳ берган неъматларни кўра олмайдиган бўлиб қолар экан».


Энди шу саволга жавоб беринг:

«Сиз ҳам рекламанинг ҳис-туйғуларингизга, ўй-хаёлларингизга, хотиржамлигингизга, бутун ҳаётингизга қандай таъсир қилишини сезганмисиз?»


Қизларнинг реклама борасидаги тажрибалари

Жуда кўп қизлардан «Реклама бўйича бирор тажрибангиз борми?» деб сўраб, ажойиб жавоблар эшитганмиз. Келинг, улардан баъзиларини ўқиб кўринг.

Бир қиз айтади: «Қизларга хос нарсаларнинг рекламаси мени жинни қилишига сал қолди. Олдинига кийим-кечак (айниқса ички кийим), кейин сочни, терини парваришлайдиган воситалар, сўнгра парфюмерия маҳсулотлари, атир-упалар... Минг афсуслар бўлсинки, мен шундай рекламаларнинг асирасига айланиб қолибман. Ўсмирлик пайтимда яна ҳам чиройли бўлиш учун рекламани битта ҳам қолдирмай кўрардим. Кўрганимга, эшитганимга ишонаверардим. Ким нима тавсия қилса, ўшани сотиб олиб, синаб кўрардим. Лекин натижа қандай бўлса ҳам, ҳеч биридан кўнглим тўлмас эди, шунинг учун реклама қилинган бошқа нарсаларни сотиб олиб, синаб кўришга ҳаракат қилардим. Шундай қилиб, йиллар давомида ундан бунга сакраб юравердим. Мақсадим – рекламадагидек чиройли бўлиш, гўзал қизга айланиш эди. Йиллар давомида танани ёшартирувчи, сочни бақувват, жозибали қилувчи, юзни оқартириб, теримни текис, майин қилувчи кремларни синаб кўравериб, ўзимни ўзим тажриба қуёнчаси қилиб қўйибман. Лекин афсуски, рекламада кўрсатилган қизлардек гўзалликка эриша олмадим.

Бир куни эрталаб уйғониб, ойнага қарадим-да, ўзимга ўзим «Қачондир мен ҳам чиройли бўлармикинман?» деб савол бердим. Сўнг «Ҳеч қачон…» деб, йиғлаб юбордим. Шу кундан бошлаб чиройли, бетакрор бўлишдан умидимни уздим. Тушкунликка, умидсизликка тушиб қолган бўлсам ҳам, гўзалликка бу каби нарсалар билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етдим. Шундагина ўша рекламаларни кўрмасликка қарор қилдим, ҳатто ойнага ҳам қарамай қўйдим.

Орадан бир неча ой ўтди: қизларга хос рекламаларни кўрмадим, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Бир куни бир дугонам «Юзинг роса тиниқлашиб, чиройли бўлиб кетибди-я. Қанақа крем ишлатяпсан?» деб сўраб қолди.

Мен бўлса жаҳл билан «Мени масхара қиляпсанми?» дедим.

«Вой ўлай, нега масхара қиламан?! Ростдан айтяпман, сен роса чиройли бўлиб кетибсан! Ойнага қарагин деди у.

Бир неча ойдан бери биринчи марта ойнага қарадим. Дугонам тўғри айтган экан, юзим тиниқлашиб, чиройли бўлиб қолибди.

Дугонам: «Тўғри айтибманми? Энди менга қанақа крем суртганингни айт деди.

Мен шундай дедим: «Бир неча ойдан бери умуман ҳеч қанақанги косметиканинг рекламасини кўрмаяпман. Кремларни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам, ҳаммасини йиғиштирдим. Умуман, чиройли бўлишдан умидимни узиб, ойнага ҳам қарамай қўйдим. Ҳозир эса шундай хулосага келдим: реклама кўришни тўхтатганимда бери хотиржам бўлиб, юзимдан нур ёғила бошлабди. Демак, ҳақиқий гўзалликни рекламадан қидирмаслик керак экан!».

 

Яна бир қиз айтади:

«Реклама деса, мазам қочади, чунки шуни деб бошимга жуда ёмон кунлар тушган. Бу нарса ўн уч ёшимдан бошлаб бугунги кунгача давом этяпти. Ҳаммаси юзга суртиладиган крем билан тиш пастасининг рекламасидан бошланган. Рекламадаги қизларнинг ҳаммаси юзи оппоқ қизлар эди, битта ҳам буғдой ранглиси йўқ. Шунинг учун юзимга қараб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетганман. Бир неча ой ойнага қарамадим. Ҳар сафар рекламани, уларда роль ўйнаган қизларни кўрганимда ўзимни баттар ёмон кўриб кетардим. Бир куни айнан менга керак бўлган, юзни оқартирадиган кремни реклама қилиб қолишди. Эртаси куниёқ ўша кремни сотиб олиб, юзимга сурдим. Ҳар куни ўн марталаб ойнага қараб, юзимга тикиламан. Ҳар соатда ойнага қарайвериб, чарчаб ҳам кетдим. Кремим тугаши билан янгисини олардим. Бир неча ойдан кейин даҳшатли фожиа юз берди. Кремни ҳаддан ташқари кўп ишлатиб юборганимдан, юзимнинг териси қорайиб, тошмалар тошиб кетди. Тери шифокорига борсам, «Юзингни нима қилдинг? Териси бутунлай заҳарланиб кетибди-ку! Ишқилиб, саратон орттириб олмаган бўлсанг бўлди», деб роса уришди.

Унинг сўзлари ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, мени ғафлат уйқусидан уйғотди. Қилган ахмоқлигим учун роса йиғладим. Мен ақлимни ахлат қутиси қилиб олган эканман, рекламачилар эса унга хоҳлаган нарсасини ташлаб юраверган экан. Ақлимни рекламага сотибман, лекин эвазига ҳеч нарсага эга бўлмабман. Фақатгина пулимни, тинчимни ва соғлом теримни йўқотганим қолибди. Узоқ муолажалардан кейин юзим бироз ўзига келди. Лекин реклама ваъда қилганидек, юзим оқармади. Қанчалик алданганимни тушунишим учун уч йил керак бўлди. Шу уч йилда ўқишни ҳам ташлаб қўйдим, ҳаётдан розилик деган нарсани унутдим. Бир неча бор ўз жонимга қасд қилишни ҳам ўйладим, лекин Аллоҳ сақлади».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

Мақолалар