Шафоат – Аллоҳ таолога тазарру қилиб, ёлвориб ўзгага яхшиликни тилаш ва ундан ёмонликни дафь этилишини сўрашдир.
«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).
Бу ояти каримада яхши шафоатдан мурод мусулмонни ҳаққи риоя қилинган, ёмонликни ундан дафь этилгани шафоатдир. Ёки Аллоҳ таолонинг розилигини истаб мумкин бўлган ишларда бирор нарса олмай мусулмонга яхшилик келтиришдир. Ёмон шафоат яхши шафоатнинг аксидир (Замахшарий).
Аллоҳ таолонинг изнисиз қиёмат куни ҳеч ким гапираолмас, шафоат ҳам қилолмас.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).
«У кунда Раҳмон унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас» (Тоҳа сураси, 109-оят).
«Сен уларни яқинлашгувчи Кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» (Ғофир сураси, 18-оят).
«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Магар, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса(гина бўлур)» (Нажм сураси, 26-оят).
«Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).
Аллоҳ таолонинг изни билан қфиёмат куни пайғамбарлар, фаришталар, солиҳ мўминлар шафоат қилинади.
Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчи бўлади. Рўза: “Ё Раббим! Мен кундузи уни таом ва шаҳватдан ман қилдим, энди мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан ман қилдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди» (Имом Аҳмад ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бирор мусулмон вафот этса ва унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларни бу бандага шафоатчи қилади”, деганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар муаззинни (нг азонини) эшитсангиз, унинг айтганларини такрорланг, сўнг менга салавот айтинг. Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кейин Аллоҳдан мен учун васийлани сўранг. У жаннатдаги бир мартаба бўлиб, Унга Аллоҳнинг бандаларидан биттасигина эришади. Ўша мен бўлишимни умид қиламан. Ким мен учун васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Турсунбой МАТКАРИМОВ,
“Имом Фахриддин ар-Розий”
ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ