Саидаброр Умаров
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Саккиз тоифа киши қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланади ва азобга қолади», деганлар.
Биринчиси тоифа – ёлғончилар.
Бу тоифадаги кишилар фақат жамиятга, оиласига зарар етказади. Ёлғончи кимса гуноҳ қилиб, «Қилганим йўқ», дейди. Оиласига хиёнат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиш учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Шунинг учун Сарвари олам (алайҳиссалом): «Ёлғончи жаннатга кирмайди», деганлар. Ёлғон сўз имонга уради ва соҳибининг юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан яна бири — у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишидир. Cодир бўлган бузғунчиликнинг гуноҳи ёлғон гапирганнинг бўйнида бўлади. Фақат эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бунда ният тамоман бошқачадир.
Иккинчи тоифа кишилар мутакаббирлардир.
Яъни, манмансираган, озгина амал учун «Мен фалонийман», деб ўзини кўз-кўз қиладиган ёки озгина бойлик қўлга кириб қолса, кечаги кунини унутиб, катта гапирадиганлар. Ҳар бир ишнинг ўртача бўлгани яхши, ҳар бир сўзнинг тавозе, камтарона айтилгани ундан ҳам яхши. Мутакаббирлик фарзандлар тарбиясига жуда катта зарар етказади. Борлигида ҳамма нарса исрофи билан сарфланса, болалар бундай исрофга ўрганиб қолишади. Озгина қийинчиликка чидаёлмай «дод-вой» қилади, қиз бўлса, турмушидан ажраб, ўғил бўлса, жиноят қилиб, ота-она бошига турли кулфатлар келтириши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) доимо камтарликка, ҳар ишда ўртача йўл тутишга чақирганлар.
Учинчи тоифа – қалбларида мўмин биродарларига нисбатан буғзу адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар.
Бу тоифадаги кишилар кўрганида яхши гапириб, сизни мақтаб, йўғингизда ёмонлаб, одамлар кўзига сизни ёмон кўрсатади. Бундайларни иккиюзламачи, мунофиқ деб аташ мумкин. Чунки сизга бир юз, бошқага бир юз билан қарайди. Қалби тоза-пок эмас, сиздаги ишчанликни, тадбиркорликни кўролмайди. Ғийбатингизни қилиб, девор орқасидан тош отади. Сизни кўриб қолса, тошни ташлаб мулозамат қилади. Баъзилар одамларнинг амалига, мансабига, бойлигига қараб муомала қилишади. Куни келиб, ўша одам мансабдан кетса, тескари қараб кетаверади. Бу иш исломиятга мутлақо тўғри келмайди.
Тўртинчиси, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилардир.
Одам (а.с.)дан то Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)гача барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) инсонларни фақат ҳидоятга чорлашган. Залолат, қон тўкиш, ўғрилик, зинони қаттиқ қоралашган. Жумладан, Қуръон ва ҳадис таълимоти мўмин-мусулмонларни тинчликка, аҳил бўлиб яшашга, ҳалол меҳнат қилишга ундаб, бировнинг ҳақидан қўрқишга буюриб туради. Шайтон эса тамомила бунинг акси, инсониятни доимо ёмонликка чақиради.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Мўмин бешта кулфат орасида бўлади. Бир мўмин унга ҳасад қилади. Мунофиқ уни ёмон кўради. Душман у билан урушади. Шайтон уни адаштиради. Нафси уни саргардон қилади» (Анас ибн Молик ривояти), деганлар. Ароқ ичиб, зино қилиб юрадиган одамнинг кўзига шайтон гуноҳни жилвалантириб, зийнатлаб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтон даъватини тез бажаради.
Бешинчи тоифа ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар.
Бундай кишилар қасам ичиб мол ўтказади ёки озгина фойда пули учун ёлғон гувоҳлик беради. «Мен бу нарсанинг тозалигига кафолат бераман», деб қасам ичадида, фойдани олиб кетаверади. Эртаси куни учратиб: «Берган молингда нуқсон бор экан», десангиз, қасам ичиб, мен сени биринчи бор кўриб турибман, деб яна ўзини оқлаб тураверади.
Бундай кимсалар жамият бошига тушган қуртнинг ўзи, аста ўрмалаб асабингизга тегиб, роҳат қилишади. Сарвари олам бир ҳадисларида бундай деганлар: «Қасам молни ўтказади, аммо баракасини кетказади».
Бозорларда савдо-сотиқ қилаётган айримлар тош-тарозидан уриб қолади, харидор ҳақига хиёнат қилади, назоратчиларнинг қўлига тушса, қасам ичиб, тўртта болам етим, шуларни боқаман деб, яна ёлғон гапиради. Абдуллоҳ Тустарий деган зот бундай дейдилар: «Ҳаром ейдиган одамнинг тана аъзолари хоҳласа-хоҳламаса гуноҳга, ҳалол ейдиган одамники тоатга бораверади. Демак, жамиятнинг соғлом бўлишида, фарзандлар етук инсон бўлиб камолга етишида ҳалол луқмага эътибор бериш жуда муҳимдир».
Олтинчи тоифадаги кимсалар чақимчилардир.
Чақимчилик энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. «Чақимчи жаннатга кирмайди», деган ҳадис бор. Демак, одамларнинг ўртасини бузувчи фитнагар одамдан жаннат ҳазар қилади. Чақимчи сеҳр- гардан ёмон, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган. Сеҳргар сеҳри билан одамларнинг кўзини бўяса, чақимчи гапи билан одамлар қалбини тирнайди. Сеҳргар кўрсатган сеҳр томошагоҳда қолади, чақимчилик билан узилган дўстлик, қариндошлик ришталарини улашга кўп вақт ва ҳаракат керак. Демак, чақимчи жаннатга кирмаслигининг сабаби одамлар ва жамиятни бузишидир. Аммо, бирор кимса адашиб гуноҳ қилаётган бўлса ёки жиноятга қўл ураётган бўлса, бунинг олдини олиш ва тарбия бериш учун унинг яқинларини огоҳ этиш чақимчиликка кирмайди. Чунки бу ерда ният томоман бошқача.
Еттинчи тоифадаги кимсалар дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилардир.
Бундай ҳолат юз берса, қариндош-уруғ, биродарлар ўртасида нохушлик пайдо бўлади. Бу иш билан фақат қалбида ҳасад касаллиги бор одамларгина шуғулланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, чақимчилар шундай ҳол юз берса, роҳатланади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: Аллоҳнинг нусрати аҳил бўлган жамоат устидадир». Бир маҳалла бир жамоат ҳисобланади, маҳалланинг одамлари иттифоқ бўлса, ҳар бир ишни маслаҳат билан, тўй ва дафн маросимларини ихчам ўтказишга ҳаракат қилса, бундай жамоа Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлади. Шундай иноқ-аҳил одамларнинг орасини фақат диндан хабари йўқ кимсаларгина бузишга ҳаракат қилишади.
Саккизинчи тоифа гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар.
Бирор воқеани кўзи билан кўрмасдан бировдан гумон қилиб гапириш жамият ёки оила ичига раҳна солади. Туҳмат қилиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки туҳмат орқасида жуда катта фожеа туради. Арзимаган бир гап учун одамнинг тақдири ёмон тарафга ўзгариши мумкин. Бу борада жуда кўп ҳадислар, кўрсатмалар бор. Туҳматчилик ахлоққа, эътиқодга зид амал экани исботланган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалардан: «Умматнинг муфлисини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Муфлис динори ҳам, моли ҳам бўлмаган кишидир», дейишди. У зот: «Умматимнинг муфлиси қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Аммо у бировни сўккан, бировнинг молини еган, бировни зинокор деб айблаган, бировнинг қонини тўккан, бировни урганлар. Шу ишлари учун унинг яхшиликларидан олинади. Агар яхшиликлари тўловларига етмаса, уларнинг хатолари олиниб, муфлисга берилади, сўнг дўзахга улоқтирилади».
Мазкур муборак пандларни ҳаётга татбиқ қилиб, иложи борича яхши ишлар қилишга, яхши ном қолдиришга, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилсак, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насиҳатларига, кўрсатмаларига мувофиқ иш тутсак хақиқий мўмин сифатига эришамиз.
Юқорида баён этилган бадбахт саккиз тоифа кишилар гуруҳига кириб қолишдан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаймиз.
Саидаброр Умаров
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.