Мўмина оналаримиз орасида Умму Салама (розияллоҳу анҳо) воқеаларни ғоятда чуқур ўйлаб, жуда тўғри қарорлар берадиган ақлли аёл эди. Мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг содир бўлган воқеаларни диққат билан кузатиб борди. Инсонлар, хусусан, уларни идора этувчи халифа ва волийларнинг тўғри йўлдан адашмаслиги учун ҳаракат қилди. Тарихчиларнинг ёзишича, бир куни Умму Салама (розияллоҳу анҳо) халифаликни олган Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ҳузурига кирди ва ул зотга насиҳат қилиб, шундай деди: “Эй ўғлим, менга нима бўляптики, одамларнинг сендан узоқлашиб, ҳимоянгдан чиқаётганини кўряпман. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган йўлидан бошқа бир йўлда хайр қидирма. У ўчирган ўтни ёқма. Дўстларинг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ва Умар (розияллоҳу анҳу) нинг йўлларидан юр. Улар ишни маҳкам ушладилар ва асло зулм қилмадилар. Бир она сифатида насиҳат қиляпман. Бу менинг ҳаққим, вазифам. Сен ҳам итоат этишинг лозим”. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу): “Албатта, сиз айтдингиз, мен тингладим. Сиз тавсия эттингиз, мен ҳам қабул эттим”, дедилар.
Саидаброр Умаров
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ