Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Ўзингда бор нарсалар ҳақида тафаккур қил, ўзингда йўқ нарсалар ҳақида эмас. Сенда бор нарсалар Аллоҳнинг карамидандир. Сенда йўқ нарсалар Аллоҳнинг ҳикматидандир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Агар сени қоронғуда топа олмасам, (тонг отиб, атроф) ёруғ бўлганда сенга эҳтиёжим йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шайтонлар – Ватан учун эмас, балки Ватанга қарши урушувчилардир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Лаганбардорлик ва мунофиқликни бас қил! Нима бўлган тақдирда ҳам ҳақиқатни гапир! Сенинг ёнингда қоладиганлар битта қўлингдаги бармоқлар ададидан ошмайди. Лекин ана ўшалар сен билан бир умрга бирга бўладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Муаммо ҳақни билишда эмас. Балки натижа нима бўлишидан қатъи назар ҳақни айтишдадир.
Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамларнинг тасарруфларини кузатадилар.
Одамларнинг хулқ-атворини танқид қиладилар.
Одамларнинг ниятларини таҳлил қиладилар.
Шу билан ўз ҳаётларини яшамай, балки одамларнинг ҳаётини яшаб умрлари ўтиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир оғиз гапирмасингдан туриб сени эшитадиганлар ва тушунадиганларни эҳтиёт қил!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кутаётган киши учун вақт секин ўтаётгандек туюлади.
Қўрқаётган киши учун вақт тез ўтаётгандек туюлади.
Маҳзун киши учун вақт узундек туюлади.
Ўйин-кулги қилаётган киши учун вақт қисқадек туюлади.
“Ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.