22 декабрь куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди.
Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 2-давра тингловчиларига энг долзарб мавзулар бўйича дарслар ташкил қилинди. Дарсларни намунали ташкил қилиш ва ўтказиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди.
Тингловчиларга дарсларнинг 1-кунида маърузачилар томонидан “Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузилишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар”, “Қуръон тиловати одоблари: тажвид қоидалари”, “Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий китоблар ва масалаларнинг мартабалари”, “Мотуридийлик таълимотида имон масаласи”, “Исломдаги ғоявий ихтилофлар, оқимлар ва фирқалар: тарих ва бугунги кун” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилди.
Ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакиллиги ходими Нуруллоҳ Қодиров
#Ҳаж_2025
Юртимизда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар Исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этмоқдалар.
2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. 2022 йилда 12 мингдан зиёд, 2023–2024 йилларда эса 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмон ҳажни адо этди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз Исломнинг бешинчи рукнини адо этадилар, иншоаллоҳ.
Бугун Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида шу йил ҳажга борувчи гуруҳ раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра маркази бўлими бошлиғи Мақсуд Каримов қатнашган йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домда Юнусов кириш сўзи билан очиб бердилар.
Тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бу йил элликбоши бўлиб ҳажга борувчи диний соҳа ходимлари иштирок этган бўлсалар, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан борувчи гуруҳ раҳбарлари ZOOM платформаси орқали онлайн қатнашдилар.
Йиғилишда гуруҳ раҳбариларига ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатилиб, уларга гуруҳлар аниқ бўлгач, зиёратчилар билан учрашиб, Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажга пухта тайёргарлик кўришлари, эҳром боғлаш, ҳажнинг арконлари, шартлари, фарзлари, вожиб ва суннатларини атрофлича тушунтиришлари зарурлиги қайд этилди.
Аллоҳ таоло бу йилги ҳаж мавсумини юқори савияда ўтказишни насиб этсин. Ҳар бир зиёратчининг ҳажи мабрур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати