Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида айтган равза деган жой бор, зиёратга борган кишилар ўша равзада намоз ўқишга интиладилар.
Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уйим билан минбарим орасида жаннат равзаларидан бир равза бор” дедилар. Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ва муттафақун алайҳ даражасига кўтарилган худди шундай матн Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.
Имом Аҳмаднинг “Муснад”ларида ҳадисдаги “Уйим” сўзининг ўрнига “Қабрим” сўзи келган экан.
Равза — боғ деган маънони билдиради.
Уламолар ҳадисдаги “равза” сўзи ҳақида турли фикрларни айтганлар.
Биринчи фикрга кўра, бу жой раҳматнинг тушиши, зикр, ибодат ва тиловат сабабли бахт-саодатнинг ҳосил бўлишида худди жаннат равзасига ўхшайди.
Иккинчи фикрга кўра, бу ерда қилинган ибодат кишини жаннатга олиб боради.
Учинчи фикрга кўра, ҳадиснинг зоҳирига қараб тушунилади, демак, бу жой жаннатга тегишли ҳақиқий равзадир. Охиратда шу жой яна жаннатга қайтарилади. Буни Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳларида айтганлар.
Юқоридаги суратда — Равзаи муборакни кўриб турибсиз! Бу жой инсонлар орасида “Яшил гилам” номи билан машҳур. Эътибор берилса, ушбу муборак масжиддаги аксари гиламлар қизил рангда, аммо бу жойга равзани ифода қилиши учун яшил гилам солиб қўйилган.
Ҳаж ва Умрага борган мусулмонлар Масжидун Набавийга келганларида, айнан шу жойда намоз ўқишга астойдил уринадилар.
Биз ҳам умрага борганимизда, диндошларимиз бу яшил гилам устида намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр ва дуолар қилиш учун соатлаб навбатда турганларини кўрдик.
Ушбу муборак масжидга келиш насиб қилган ҳар бир мусулмон шу равзада кўпроқ намоз ўқиш, Қуръон тиловати қилиш, зикр ва саловотларда бардавом бўлиб, суннатда келган дуоларни кўпроқ қилиш пайидан бўлиш керак.
Аллоҳ таоло барчамизга ушбу муборак равзада, саҳиҳ ҳадисда эълон қилинган мана шу жаннат боғида намоз, Қуръон ўқиб, зикру дуода бўлишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муторриф ибн Мусъаб айтадилар: “Мен халифа Мансурнинг ҳузурига кирсам, у ғамгин ва хафа ҳолатда экан. Айрим яқин инсонларидан жудо бўлгани сабаб, ҳатто сўзлашмай қўйган экан. У менга: “Эй Муторриф! Мен мусибатга дучор бўлдим. Бу балони Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бартараф қила олмас. Аллоҳ бу мусибатни даф қилишини сўрашим учун бирон дуо борми? Мен уни ўқиб юрардим”, деди.
Мен: “Эй мўминларнинг амири! Муҳаммад ибн Собит менга Амр ибн Собит ал-Басрийдан ривоят қилиб гапириб берган. “Басралик бир кишининг қулоғига пашша кириб кетиб, қулоқ пардасигача етиб борди. У оғриқдан қийналиб, кечасию кундузи ухлолмай қолди. Шунда Ҳасаннинг яқинларидан бир киши: “Саҳоба Ало ибн Ҳазрамийнинг дуоларини ўқигин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу дуони саҳрода ва денгизда сўраб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло уларни машаққатдан халос қилган”, деб айтган эди, у киши: “Аллоҳ раҳм қилсин, у қанақа дуо?” деди. Шунда мен у кишига қуйидаги ривоятни айтиб бердим:
“Ало ибн Ҳазрамийни Баҳрайнга юборилди. У киши саҳрони юриб бораркан, жуда қаттиқ чанқоқ ва сувсизликдан ўлар ҳолатга келди. Шунда у зот уловдан тушди ва икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: “Йа Ҳалийму, йа Алийм, йа Алиййу, йа Азийм, исқинаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни сув билан суғор, ташналигимизни қондир) деб дуо қилганди, бирдан қушнинг қанотига ўхшаб кетадиган булутлар пайдо бўлиб, гумбурлай бошлади. Сўнгра ёмғир ёға бошлади, биз идиш ва мешкобларимизни тўлдириб олдик. Йўлимизда давом этиб, денгиз қирғогидаги кичик кўрфазга етиб келдик. У ерда ҳеч қимирлашни иложи йўқ эди. Сузиб кетишимиз учун кемаларимиз ҳам йўқ эди. У киши икки ракат намоз ўқиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм, ажизнаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни бу ердан ўтказиб юбор), деб айтдилар. Сўнгра отнинг тизгинидан ушлаб: “Аллоҳнинг исмини айтиб бу ердан кечиб ўтинглар”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Биз сувнинг устидан юриб ўтдик. Аллоҳга қасамки, бизни на оёқларимиз, на маҳсиларимиз ва на оёқ кийимларимиз ҳўл бўлган эди. Ўша пайтда қўшин тўрт минг отлиқдан иборат эди”, деб айтдилар.
(Ибн Абу Дунё, Лалкаий ва Ибн Абу Шайба мусаннифларида баъзи қисқартириш ва қўшимчалар билан ривоят қилишган).
Ҳалиги қулоғига пашша кириб кетган киши ҳам ушбу дуони ўқиган эди, қулоғидан пашша чиқиб, ўз ҳолига келди.
Халифа Мансур ҳам қиблага қараб, ушбу дуо билан сўрай бошлади. Бироз фурсат ўтиб, менга юзланди ва: “Эй Муторриф, Аллоҳ мендаги ғамни аритди”, деб овқат келтиришларини амр қилди ва мени ҳам таклиф этди, бирга ўтириб тановвул қилдик.
“Ёқимсиз нарсаларни бартараф қилиш ва бало офатдан қутулишда дуонинг аҳамияти” номли китобдан.
Биз ҳам ҳаётда қандайдир муаммо ва тўсиқларга дуч келиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм”, деб айтиб, ўша муаммони кўтаришини Аллоҳдан астойдил ва чин ихлос билан сўрасак, инша Аллоҳ У Зотнинг ёрдами билан муаммолардан халос бўламиз.