Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Нишонга урилган гаплар: “Инсонларнинг қандайлигини мусофирликда ёки мусибат келган пайтда биласан”

22.12.2018   4473   1 min.
Нишонга урилган гаплар: “Инсонларнинг қандайлигини мусофирликда ёки мусибат келган пайтда биласан”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Ёдингизда тутинг, азизлигингиз Исломга амал қилишингиздадир. Сизларга нусрат Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилганингизда келади. Бирорта хатони кичик санаманглар! Душманга ишонманглар!

Султон Абдулҳамид II раҳимаҳуллоҳнинг васиятидан

*****

Ҳеч қачон илм олаётган кишидан қўрқмадим. Аммо баъзи китобларни ўқиб олиб, ўзларини олим деб ҳисоблайдиган анави аҳмоқлардан йироқ юраман.

Султон Абдулҳамид II раҳимаҳуллоҳ

*****

Кучли – бошқанинг устидан ҳукм қилган кимса.

Буюк – ўз нафсининг устидан ҳукм қилган киши.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсонларнинг қандайлигини мусофирликда ёки мусибат келган пайтда биласан.

Абдурроҳман Мунийф

*****

“Мени фалончи юборди” деган сўз 10 йиллик тажриба ва 5 та дипломга тенг бўлиб қолди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кўп душманларга йўлиқдим. Лекин уларнинг ичидаги энг ёмони ўзларини менинг дўстим эканини даъво қилувчилардир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Оғриқ қолдирувчи воситалар – кўп юриш ва инсонни хурсанд қиладиган ишлар билан машғул бўлишдир.

Абу Али ибн Сино

*****

Чин муҳаббат – собит турганидир.

Кетадиган муҳаббат муҳаббат эмас.

Ўзгарадиган муҳаббат муҳаббат эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Бошқа мақолалар

Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?

16.07.2025   660   2 min.
Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?

Осмонлару ерни яратган  Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.

Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.

Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.

Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.

Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].

Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?!  Албатта, йўқ.

Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.

Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг. 

Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг.  Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Ҳуд сураси, 102-оят.