Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446

Жумадан жумагача

21.12.2018   2701   6 min.
Жумадан жумагача

Саудиялик меҳмонлар эътирофи

14 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлигидан бир гуруҳ меҳмонлар юртимизга ташриф буюришди. Мартабали меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжидида жума намозини мўмин-мусулмонларимиз билан бирга-бирга адо этдилар. Шундан сўнг, Диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов томонидан саудиялик меҳмонларга ушбу муҳташам жоме масжиднинг фаолияти, намозхонлар кайфияти, олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ва юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Подшоҳликдан келган меҳмонлар, ҳақиқатан, Ўзбекистон заминида сўнгги йилларда катта янгиланишлар ва ижроотлар бўлаётганини эътироф этишди.

БАТАФСИЛ

 

Отинойилар учун ўқув-семинари ташкил этилди

11-14 декабрь кунлари Фарғона вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқаро Ислом академияси докторантлари ва Дин ишлари бўйича қўмита ходимларидан иборат мутахассислар иштирок этиб, белгиланган дастур асосида маърузалар ва давра суҳбатлари ўтказди. Ўқув-семинар долзарб мавзуларга бой савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.

БАТАФСИЛ

 

Нукусдаги билим юртида тингловчиларга сертификат топширилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг иккинчи давра ўқув машғулотлари якунланди. Жорий йилнинг 10 декбрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

БАТАФСИЛ

 

Нургоҳо Сукамдани: “Асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш”

18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мамлакатимизга ташриф буюрган Индонезиянинг “Саҳид” номли вақф фонди раҳбари Нургоҳо Сукамданини қабул қилдилар. Меҳмонга Индонезиядаги “Истиқлол” музейи масъул ходими жаноб Сайфуддин ва диний таълим муассасалари мажмуаси раҳбари Анда Хоним ҳамроҳлик қилди. Самимий мулоқот чоғида Нургоҳо Сукамдани жаноблари Малайзия фонди томонидан Ўзбекистонда қурилаётган меҳмонхоналар, зиёрат туризмини ривожлантириш, ҳалол стандартлаш, диний таълим муассасалари талабаларини ўқитиш борасида ҳамкорлик қилиш ва “Истиқлол” музейида Ўзбекистон павилионини ташкил этиш таклифларини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистондаги диний таълим бериш тизимига алоҳида қизиқиш билдирди. Нургоҳо Сукамдани жаноблари мана шундай ишларни амалга оширишдан асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш эканини билдирди.

БАТАФСИЛ

 

Қашқадарёда Туркия агентлиги иккита тарихий обидани таъмирлайди

Қашқадарё вилоятида 2019 йилда Туркия давлатининг ТИКА агентлиги кўмагида Китоб туманидаги Хўжа Илм Кон ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилади. Қашқадарё вилоятидаги тарихий-маданий обидаларни реставрация қилиш ва ҳудудларни ободонлаштириш дастурига кўра Қарши туманидаги Имом Абу Муъин ан-Насафий мажмуаси ва Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар мажмуасини реставрация қилиш ишлари жорий йилда бошланган бўлиб, 2019 йилда якунланиши кўзда тутилган. Маълумот учун, айни пайтда Қашқадарё вилоятида 1 321 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, мавжуд зиёратгоҳларни ободонлаштириш натижасида 2018 йилда сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ортган.

 БАТАФСИЛ

 

Қуръони каримнинг 900 йиллик нусхаси топилди

Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳридаги музейда Қуръони каримнинг 12 асрга тегишли нусхаси намойиш этилди. Жорий йилнинг 16 декабрь куни Реза Аббосий музейида тадқиқотчилар ва қўлёзма мутахассислари иштирок этган анжуманда қадимий Мусҳаф кўздан кечирилди.  Ушбу нусха 1150 йилга тегишли бўлиб, хаттот Абул Фаҳр ибн Абилфазл ал Зафароний томонидан кўчирилган ва унга Зафароний нусхаси деб ном берилган.

 БАТАФСИЛ

 

Мадридда Ислом маданияти маркази очилди

Испания Қироллигининг пойтахти бўлган Мадрид шаҳрида Ислом маданияти ва диний бағрикенглик маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу маросимда Испания олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва мамлакатда фаолият олиб бораётган дипломатик ваколатхона раҳбарлари иштирок этган. Бирлашган Араб Амирликларининг Диний бағрикенглик вазири Шайх Наҳян бин Муборак ҳам Марказнинг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.  вазир уз нутқида бу лойиҳа жаҳонда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлашни мақсад қилганини қайд этди.

 БАТАФСИЛ

 

АҚШда масжидлар "очиқ масжидлар куни"ни ташкил этишди

АҚШнинг Огайо штатидаги масжидларда жорий йилнинг 16 декабрь куни "Очиқ масжидлар куни" ташкил этилди.Огайодаги Марказий Огайо масжидида ҳам ушбу тадбир кенг миқёсда ташкил этилди. Ушбу тадбир Огайо штатида тарихида илк бор ўтказилаётгани қайд этилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад мусулмонларга нисбатан жамоатчиликда шаклланган фикрни ўзгартириш экани таъкидланган. Штат аҳолиси эътиқодлараро ҳамкорлик масаласида қилинган ушбу ғояни қўллаб-қувватлашган. Ташриф буюрганлар енгил таомлардан истеъмол қилишлари, мусулмонлар ҳаёти билан танишишлари ва Ислом дини ҳақида маълумот олишларига имконият яратилган.

 БАТАФСИЛ

 

"Мурувват карвони" сирдарёликлар кўнглини шод қилди

15 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Сирдарё вилоятига етказилди. Ушбу вилоятда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида мухтожларга 20 дона ногиронлик аравачаси, 315 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 500 литр ёғ, 74 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 296 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) китоблари ва пул маблағлари беғараз тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз “Вақф” фонди хайру эҳсонингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди, маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг.

 БАТАФСИЛ

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   947   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.