Ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхонадан махсус автобус юртдошларимизни “Масжидул ҳарам”га яқинроқ бўлган автобуслар тўхташ жойига олиб келди. Уёғига юришнинг имкони йўқ. Ҳаракат чекланган. Автобусдан зиёратчилар талбияни айтиб тушдилар. Шунда бир онахон умрани ўзлари юриб адо эта олмасликлари, арава кераклигини айтдилар. Автобус олдига арава хизматини таклиф қилиб келган кишилардан бирини гаплашдик. Келишилган нарх эвазига тўлиқ умра қилдириб, қайтиб ана шу автотураргоҳга олиб келишга келишилди. Хизматчи онахонни аравалар учун белгиланган махсус жойдан ҳарамга олиб кириб кетди.
Умра амаллари бирин кетин адо этилиб, Сафо ва Марва орасидаги саъй якунланди. Марвада сочларини кестиргач, онахон маҳрамлари, турмуш ўртоқларини учратганлар. Отахон ҳали саъйлари якунига етмагани мана шу жойда уларни кутиб турсалар, бирга чиқиб кетишларини айтганлар. Онахон аравачи хизматчи кутиб қолмасин деб, унга: Мен шу жойда тушаман, эримни кутаман, раҳмат сизга, кетаверишингиз мумкин деб, ишора билан тушунтириб, хизмат ҳаққини бермоқчи бўлдилар. Бироқ аравачи бунга кўнмади ва онахонни айтишича, араб тилида бир нималар деб уни олиб кетмоқчи бўлди. Тил муаммоси... ўртада тушунмовчилик.... Шунда аравачи йигит араб тилини биладиган ўзбекни топиб онахонга тушнтиришини илтимос қилди: “Мен аввалда сизнинг вакилларингиз билан гаплашганда умра қилдириб, яна автобуслар тўхташ жойигача олиб келишга келишганман. Гарчанд сиз рози бўлаётган бўлсангиз ҳам сизни бу жойга ташлаб кета олмайман. Зиммамдаги вазифамни охиригача адо этишим шарт”, дея туриб олди. Онахон йигитнинг муддаосини тушунгач, бунга рози бўлди ва унинг тақвосига, диёнатига лол қолиб, ҳаққига дуолар қилди.
Байтуллоҳ муҳити ундаги мусулмонни мана шундай тарбиялаб қўяди. Бу жойда аввало қалб ўзгаради....
Зоиржон Содиқов
Макка шаҳри
#xabar #kirish_imtihoni #sana #manzil
2025-2026 ўқув йили учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ҳамда Тошкент ислом институти Модуль таълим шакли учун кириш имтиҳонлари санаси ва манзиллари билан танишинг:
1-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/Vmbm88k5b7tJg9WH6)
29-31 июль кунлари Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжиди мажлислар зали;
2-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/4LDn82ij51CtGkzq5)
5-7 август кунлари Наманган вилояти Наманган шаҳридаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси;
3-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/E5fnbp9h4M34JbMV9)
11 август куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази;
4-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/NwTKBd1QPhnj66sG9)
13 август куни Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси;
5-ҳудуд: ЖОЙЛАШУВ (https://maps.app.goo.gl/sLRA2EXo4rfrHhNPA)
15 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом таълим муассасаси.
Имтиҳон саналари ҳудудлардаги абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланган.
Маълумот ўрнида абитуриентлар ўзининг имтиҳон рухсатномасида кўрсатилган ҳудуддагина имтиҳон топшириши мумкин. Бошқа ҳудудларда қабул қилинмайди. Шу боис улардан ўзлари танлаган ҳудудда бўлишлари талаб этилади.
Ҳурматли абитуриентлар! Қабул имтиҳонлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний таълим муассасаларнинг расмий саҳифаларида кузатиб боринг.
Имтиҳон рухсатномасини олиш тартиби бўйича қўшимча маълумот берилади.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати