Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "Энг маърифатли имом – 2018" кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.
Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди.
1 ўрин: Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиев. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ноутбук ва 3.000.000 сўм пул мукофоти топширилди.
2 ўрин: Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби Яҳёхон Абдураҳмонов. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган LCD 42 телевизор ва 2.500.000 сўм пул мукофоти топширилди.
3 ўрин: Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Саъдулло ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов . Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган микро тўлқинли печ ва 2.000.000 сўм пул мукофоти топширилди.
Бундан ташқари, бир қанча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи эълон қилинди.
"Энг кўп обуна уюштирган имом" номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги "Нурул Ислом" жоме масжиди имоми Озод Назаров;
"Энг кўп мақола чоп этган имом" номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти Касби туманидаги "Фазли" жоме масжиди имоми Азамат Усмонов;
"Энг обод масжид" номинацияси бўйича Урганч шаҳридаги "Охун бобо" жоме масжиди;
"Энг инновацион ёндашув" номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги "Домло Омонулло" Ғанижон Абиев ва Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги "Далварзин" жоме масжиди имоми Искандар Ортиқов тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати