Олдинлари “Қуёш ҳаракат қилмайди” деб ўйланар эди. Бу гап Қуръони Карим оятига зиддир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالشَّمْسُ تَجْرِي لِمُسْتَقَرٍّ لَّهَا ذَلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ
“Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир”. (Оятда қуёшнинг ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши–ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда.) (Ёсин сураси, 38-оят).
Дарҳақиқат, Қуёш ўзининг барча сайёралари билан бирга жуда катта тезликда Сомон йўли галактикасининг маркази атрофида айланади. У галактика маркази атрофини 225 миллион йилдан кўпроқ вақтда бир марта тўла айланиб чиқади. Агар биз фаразан Қуёшнинг ҳаракатига ташқаридан назар солсак, унинг ҳаракати худди мавжли денгиздаги кеманинг ҳаракатига ўхшаб, пастлаб-кўтарилишдан иборат экан. Қуръоннинг ушбу ҳаракат ҳақидаги хабарида وَالشَّمْسُ تَجْرِي (“Вашшамсу тажрий”) дейилган. Эътибор беринг “тажрий” феъли ишлатилган.
Биз юқорида Қуёшнинг галактика маркази атрофидаги ҳаракати кеманинг мавжли денгиздаги ҳаракатига ўхшайди дедик. Қуръони Каримда кеманинг ҳаракати борасида ҳам бир неча оятлар бор. Шулардан бирини келтирсак:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ الْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِنِعْمَتِ اللَّهِ لِيُرِيَكُم مِّنْ آيَاتِهِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ
“Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир” (Луқмон сураси, 31-оят).
Бу оятдаги кеманинг денгизда юришини ифода этган сўз ҳам تَجْرِي (“тажрий”) бўлиб келган.
Юқоридаги оятда Қуёшнинг ҳаракатини ифода этувчи сўз تَتَحَرَّكُ (татаҳарраку – ҳаракат қилади), تَدُورُ (тадууру – айланади), تَسِيْرُ (тасийру – сайр қилади) тарзида эмас, балки айнан تَجْرِي (тажрий) тарзида келган. Бу эса Қуёшнинг бир текис эмас, балки кеманинг мавжли денгиздаги ҳаракатига ўхшаш ҳаракат қилишига ишорадир.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Луқмон сурасидаги оятда кеманинг ҳаракатини “тажрий” сўзи билан баён этди. Ёсин сурасидаги оятда Қуёшнинг ҳаракатини ҳам “тажрий” сўзи билан баён қилди. Бу эса юқорида айтганимиздек, Қуёшнинг галактика маркази атрофидаги ҳаракати бир кўтарилиб, бир тушиш тарзидаги ҳаракат эканига ишорадир.
Энди бундан ўн тўрт аср олдин бирор киши Қуёшнинг ҳаракат қилиши ҳақида, қилганда ҳам денгизда кетаётган кеманикига ўхшаш ҳаракат қилиши ҳақида маълумотга эга бўлган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ! Чунки ўтган асрда ҳам олимлар “Қуёш ҳаракатланмайди” деб юришарди. Қуёшнинг ҳам ҳаракат қилишини инсоният яқин йиллар ичида билди.
Бундан бир минг тўрт юз йил олдин Қуръони Каримда бу илмий ҳақиқатнинг ўта нозик иборалар билан айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳнинг ҳақ Каломи эканига, у нозил қилинган инсон – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ Расули эканликларига очиқ-ойдин далилдир!
Субҳаналлоҳ!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ