Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Қуёш кема каби ҳаракатланишини билармидингиз?

20.12.2018   3488   3 min.
Қуёш кема каби ҳаракатланишини билармидингиз?

Олдинлари “Қуёш ҳаракат қилмайди” деб ўйланар эди. Бу гап Қуръони Карим оятига зиддир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَالشَّمْسُ تَجْرِي لِمُسْتَقَرٍّ لَّهَا ذَلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ

“Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир”. (Оятда қуёшнинг ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши–ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда.) (Ёсин сураси, 38-оят).

Дарҳақиқат, Қуёш ўзининг барча сайёралари билан бирга жуда катта тезликда Сомон йўли галактикасининг маркази атрофида айланади. У галактика маркази атрофини 225 миллион йилдан кўпроқ вақтда бир марта тўла айланиб чиқади. Агар биз фаразан Қуёшнинг ҳаракатига ташқаридан назар солсак, унинг ҳаракати худди мавжли денгиздаги кеманинг ҳаракатига ўхшаб, пастлаб-кўтарилишдан иборат экан. Қуръоннинг ушбу ҳаракат ҳақидаги хабарида  وَالشَّمْسُ تَجْرِي (“Вашшамсу тажрий”) дейилган. Эътибор беринг “тажрий” феъли ишлатилган.

Биз юқорида Қуёшнинг галактика маркази атрофидаги ҳаракати кеманинг мавжли денгиздаги ҳаракатига ўхшайди дедик. Қуръони Каримда кеманинг ҳаракати борасида ҳам бир неча оятлар бор. Шулардан бирини келтирсак:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ الْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِنِعْمَتِ اللَّهِ لِيُرِيَكُم مِّنْ آيَاتِهِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ

“Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир” (Луқмон сураси, 31-оят).

Бу оятдаги кеманинг денгизда юришини ифода этган сўз ҳам تَجْرِي (“тажрий”) бўлиб келган.

Юқоридаги оятда Қуёшнинг ҳаракатини ифода этувчи сўз تَتَحَرَّكُ  (татаҳарраку – ҳаракат қилади), تَدُورُ (тадууру – айланади), تَسِيْرُ (тасийру – сайр қилади) тарзида эмас, балки айнан تَجْرِي (тажрий) тарзида келган. Бу эса Қуёшнинг бир текис эмас, балки кеманинг мавжли денгиздаги ҳаракатига ўхшаш ҳаракат қилишига ишорадир.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Луқмон сурасидаги оятда кеманинг ҳаракатини “тажрий” сўзи билан баён этди. Ёсин сурасидаги оятда Қуёшнинг ҳаракатини ҳам “тажрий” сўзи билан баён қилди. Бу эса юқорида айтганимиздек, Қуёшнинг галактика маркази атрофидаги ҳаракати бир кўтарилиб, бир тушиш тарзидаги ҳаракат эканига ишорадир.  

Энди бундан ўн тўрт аср олдин бирор киши Қуёшнинг ҳаракат қилиши ҳақида, қилганда ҳам денгизда кетаётган кеманикига ўхшаш ҳаракат қилиши ҳақида маълумотга эга бўлган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ! Чунки ўтган асрда ҳам олимлар “Қуёш ҳаракатланмайди” деб юришарди. Қуёшнинг ҳам ҳаракат қилишини инсоният яқин йиллар ичида билди.

Бундан бир минг тўрт юз йил олдин Қуръони Каримда бу илмий ҳақиқатнинг ўта нозик иборалар билан айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳнинг ҳақ Каломи эканига, у нозил қилинган инсон – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ Расули эканликларига очиқ-ойдин далилдир!

Субҳаналлоҳ!

 

  

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сиз кутаётган кун ҳеч қачон келмайди

10.01.2025   3348   2 min.
Сиз кутаётган кун ҳеч қачон келмайди

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.