Бир одам бир аёлни ёқтириб қолди.
Бир куни кечаси аёл ўз юмуши билан ташқарига чиққан эди, эркак уни кўриб қолди ва ортидан эргашиб, аёлнинг манзилигача борди. Унинг яшайдиган жойи бир кенг саҳрода эди. Эркак аёл билан холи қолганда, унга тегажоқлик қилмоқчи бўлди. Шунда аёл:
“Қарачи, одамлар ухладимикин?” деди. Эркак ўзича: “Аёл истагимга рози бўлади шекилли” деб қувонди ва атрофни кузатиб, текишириб чиқди. Қараса, ҳамма одамлар ухлаб бўлган экан.
Хурсанд бўлиб аёлнинг ёнига қайтди, ҳамма ухлаётганининг хабарини берди. Шу пайт аёл:
“Аллоҳ таоло ҳақида нима деб ўйлайсан?! Ҳозир У ҳам ухлаяптимикин?!” деди. Эркак:
“Аллоҳ таоло ухламайдиган, Уни мудроқ олмайдиган Зотдир!” деди. Аёл эркакка:
“Ҳозир ухламаётган Зот олдин ҳам ухламаган ва кейин ҳам ҳеч қачон ухламайди! Бизни одамлар кўрмаётган бўлса ҳам У кўриб турибди! Ундан қўрқишимиз муҳимдир!” деб таъкидлади.
Бу гапларни эшитган эркак ўзига келди, аёлнинг гапларидан таъсирланди, қилмоқчи бўлган ишини Аллоҳ таолодан қўрқиб тарк этди ва тавба қилди. Кейинчалик ўша киши вафот этганда, айрим одамлар уни тушларида кўришди. Ундан:
“Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?” деб сўралганда, у:
“Аллоҳ таолодан қўрққаним ва Унга тавба қилганим учун У мени мағфират қилди” деб жавоб берди.
Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар
ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан