Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.
“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ” деб, ҳожат айтилади.
“Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт”.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек, истихора қилишни ўргатар эдилар”.
“Аллоҳумма, Роббас самааваатис сабъи ва Роббал аршил аъзийм. Роббанаа ва Робба кулла шайин, мунзилат Таврооти вал Инжийли вал Қуръаани! Фаалиқол ҳабби ван наваа! Аъуузу бика мин шарри кулли шайин анта аахизун бинаа сийатиҳи, анталАввалу фа лайса қоблака шайун. Ва антал Аахиру фа лайса баъдака шайун. Ва антаз-Зоҳиру фа лайса вафқока шайун. Ва антал Баатину фа лайса дуунака шайун! Иқзи ъанни аддайна ва ағнинии минал фақри” (Имом Муслим Имом Термизий ривояти).
“Аллоҳим! Етти осмоннинг Робби ва улуғ Аршнинг Робби! Роббимиз ва барча нарсанинг Робби! Ё Таврот, Инжил ва Қуръонни нозил қилувчи! Ё донни ва данакни ёрувчи! Мен Сендан Ўзинг пешонасидан тутувчи ҳар нарсанинг шарридан паноҳ тилайман. Сен аввалсан! Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен охирсан! Сендан кейин ҳеч нарса йўқ! Сен зоҳирсан! Сендан устун ҳеч нарса йўқ! Сен ботинсан! Сенинг ортингда ҳеч нарса йўқ! Мени қарзимдан қутқар! Мени фақирликдан бой қил!”.
“Лаа илааҳа иллаллоҳул Ҳалиймул Карийм, субҳааналлоҳи Роббил- аршил ъазийм. Алҳамдулиллааҳи Роббил ъааламийн. Асалука мужибаати роҳматик ва ъазааима мағфиротик вал ғониймата мин кулли биррин вас салаамата мин кулли исмин. Лаа тадаъ ланаа занбан илла ғофартаҳ ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ йаа Арҳамар Роҳимийн”.
“Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) илоҳ йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни сўрайман, барча яхшиликлардан насиба, барча ёмонликлардан саломат бўлишни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай албатта раво қилгин, Ё Раҳмлиларнинг раҳмлиси!”.
“Роббим! Осон қилгин, қийин қилма. Роббим, (ишимни) яхшилик билан тугатгин”.
“Аллоҳим, Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амал сўрайман!”.
“Роббим! Мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман” (Қасос сураси, 24-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: “Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан”, деганлар.
Аллоҳ таоло ризқимизни кенг қилсин, ҳалолидан берсин. Ўзидан ўзгага муҳтож этмасин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!
Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:
Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…
У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.
Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:
Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…
Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:
«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).
Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.
Шоир айтади:
Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.
Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!
Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.
Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.
Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 261-оят.