Қувайт давлатининг Ал Аҳмади вилоятида очилиши режалаштирилган “Ал-Риёда” номи билан аталувчи Қуръон маркази 15–19 ёшдаги қизларга мўлжалланган. Бу ҳақда IQNA агентлигининг турк тилидаги нашри хабар берди.
Ислом тадқиқотлари ва Қуръон фанлари бошқармаси мудири Фаҳд ал-Жанфавийнинг айтишича, бундай марказлар асосан қиш мавсумида ўз фаолиятини юритади. Маълум бўлишича, ушбу ташкилот томонидан очилган 100 ортиқ диний марказлар Қувайт Ижтимоий хизматлар идораси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Яқин келажакда ёши улуғлар учун махсус Қуръон марказлари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати