Шифокорлар хулосаси: аксарият инсонлардаги сурункали касалликлар асосан руҳий бузилиш ёки зўриқишдан келиб чиқади ва айнан шунинг учун ҳам дарддан тузалиши қийин бўлади. Кузатувлар натижасида маълум бўлдики кўнглида ва онгида салбий фикрлар (ғараз, ҳасад ва алам) сақлайдиган инсонларда сурункали касалликлар тез шаклланади ва тузалиши ҳам қийин кечади. Бу тоифадаги инсонларнинг энг хавфлиси кишиларга нисбатан кечиримлилик ҳисси паст даражадагилардир. Кечиримлиларга нисбатан кечирмайдиган инсонларда бош мия, асаб ва юрак, шунингдек ошқозон билан боғлиқ сурункали патологик симптомлар кўп учрайди. Мазкур тоифадаги инсонлар аввало ички дунё ва фикрларини ижобий томонга ўзгартиришлари лозим.
Зеро, Аллоҳ таоло кечиримлилик хусусида биз бандаларга шундай марҳамат қилади:
“Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14).
“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).
“... балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.” (“Нур” сураси, 22-оят)
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД