Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.
Умар розияллоҳу анҳу
Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу хурмозорга чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишганини кўрди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз). Гувоҳ бўлинглар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар.
Убайдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ
Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Хуфтон намозини доимо жамоат билан бирга ўқир эдим. Бир куни уйимга меҳмон келди. Меҳмон билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда шаҳардаги барча масжидларни айланиб чиқдим. Афсуски, масжидларда намоз ўқиб бўлинган эди. Уйга қайтиб, хуфтон намозини йигирма етти марта ўқидим.
Ўша куни туш кўрдим. Отлиқлар билан бирга эканман. Бироқ отим дўстларимнинг отига ҳеч ета олмас эди. Шунда улардан бири менга қараб: “Отингни қийнама, ҳаргиз бизга ета олмайсан”, деди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, деб жавоб берди”.
Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ
Тобеинларниг саййиди Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ: “Эллик йил давомида бирор марта жамоат намозини тарк этмадим”, деган.
Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ
Ҳотами Асом айтади: “Бир марта жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда Абу Исҳоқдан бошқа ҳеч ким менга таъзия билдирмади. Агар фарзандим вафот этганида ўн мингдан ортиқ инсон таъзия изҳор қилган бўларди. Наҳотки, дунё мусибати дин мусибатидан оғирроқ бўлса” (Мукошафатул Қулуб).
Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ
Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ деди: “Умрим бўйи икки маротаба жамоат намозига улгурмадим. Шунда ўзим ёлғиз ўқидим. Аммо шу икки марта ўқиган намозимни гўё ўқимагандек бўлдим” (Зайл табақот ал-Ҳанбалия).
Саид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ
Муҳаммад ибн Муборак Сурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саид ибн Абдулазиз бир куни жамоат намозини ўтказиб юборди. Шунда узоқ вақт ҳўнграб йиғлади” (Тазкиратул Ҳуффоз).
Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ
Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Қирқ йил бирор марта ҳам жамоат намозини тарк этмадим. Фақат онам вафот этган куни жамоатга бироз кеч қолдим” (Сияр аълам ан-нубало).
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Иқомат айтилмасидан олдин жамоатга келиш намозга бўлган ҳурмат белгисидир”, деди.
Солиҳ
Бир солиҳ кишидан: “Нега ҳамиша азон айтилмасдан масжидга келасиз?” деб сўрашди.
Солиҳ: “Азон ғофилларни уйғотиш учундир. Мен ғофиллардан бўлмасликка ҳаракат қиламан”, деб жавоб берди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.