Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтишларича, саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайр саждада жуда узоқ қоларканлар. Шунчалик жим туриб қоларканларки, қушлар келиб, у кишининг орқасига қўнаркан. У баъзан сажда ёки рукуъда туни билан тураркан, ғазот-уруш пайтида у намоз ўқиётган масжид деворини ўқ тешиб вайрон қилган экан. Девордан бир парча тош отилиб, Абдуллоҳнинг соқоли ва томоғи ўртасидан ўтган экан. У шунда ҳам намозини қисқартирмабди ва ғазабланмабди. Бир куни у намоз ўқиётганида ўғли Ҳошим унинг ёнида ухлаётган экан. Илон шипдан тушиб, бола атрофида айланибди. Бола уйғонибди ва қичқирибди, барча уй эгалари боланинг атрофига тўпланишибди. Улар шов-шув ва қичқириқлар билан илонни ўлдиришибди. Ибн Зубайр хотиржам ва осойишта намоз ўқиш билан банд экан. Намозни ўқиб бўлиб, хотинига дебди: «Намоз вақтида шов-шув эшитдим, нима бўлди?» Хотин ҳайқирибди: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Боланинг ҳаёти хавф остида эди, сиз зиғирча ҳам аҳамият бермабсиз».
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бир куни ўз боғида намоз ўқирди. Унинг эътибори шохма-шох юрган қушга тушди, қуюқ барглар орасидан уни тополмади. Бир неча сония кўзлари билан қушни излади ва намоз ракати миқдори ёдидан чиқди. Бу хатосидан ўзига ғазаби зиёда бўлди. Тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб шундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг бу боғим намозимга нуқсон етишига сабаб бўлди, мен уни Аллоҳ йўлида инъом этаман. Ўзингиз қандай раво кўрсангиз, ундан шундай фойдаланаверинг».
Усмон розияллоҳу анҳу замонида бир ансор билан ҳам шундай воқеа юз берган. У ўз боғида намоз ўқирди. Дарахт шохлари пишган ширадор хурмолар мўл-кўллигидан эгилиб қолганди, бу унинг эътиборини ўзига тортди, мамнун бўлди. Аммо бу ракат миқдорини унутишга сабаб бўлди. Жаҳли чиқиб, уни намоздан чалғитган боғдан воз кечишга аҳд қилди. У Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, боғдан Аллоҳ йўлида фойдаланишини илтимос қилди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу боғини эллик минг дирҳамга соттириб, пулни Ислом эҳтиёжига сарфладилар. Бу саҳобаларнинг намозга эътиқоди нақадар юксаклигини кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозга турганларида (ҳузурнинг ҳайбатидан) тахланган либос каби бўлиб қоларканлар. Намоз чоғи уйдагиларнинг гап-сўзини ҳам эшитмас эканлар. Баъзан уйдагилар: «Жим, овоз чиқарманглар, Абдуллоҳ намоз ўқияпти», дейишса, у киши: «Истаганларингизни гапираверинг, мен намоздалик пайтимда гапларингизни эшитмайман», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўз (пардаси) оғришидан изтироб чекарди. Табиб унга шундай деди: «Даволаш мумкин, фақат эҳтиёт чорасини кўришинг керак. Беш кунлаб ерга мукка тушишдан ўзингни тийиб туришинг лозим. Шу боис саждани адо этишда тахта мосламадан фойдаланишинг мумкин». У деди: «Бунақа бўлиши мумкин эмас, бу аҳволда мен бир ракат ҳам намоз ўқий олмайман. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: «Бирор кимса билиб туриб хато намоз ўқиса, қиёмат кунида Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейди: «Бу одамлар савдога муккасидан кетган, аммо улар азонни эшитишлари билан ҳамма нарсани ташлаб, масжид томон шошиладилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан қайтаётиб, бир жойда тўхтаб тунашга қарор қилдилар. Сўрадиларки: «Бугун тунда бу жойни ким қўриқлайди?» Муҳожир Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва ансор Аббал ибн Бишр ўз хизматларини таклиф этишди. Иккалови қир тепасида душманнинг тасодифий тунги ҳужумига қарши соқчилик қилиб туришди. Аббал Амморга деди: «Кел, навбати билан кузатайлик. Туннинг ярмида сен ухлаганингда мен уйғоқ бўлай, қолган ярмида мен ухлаганимда сен қоровуллик қил». Аммор рози бўлди ва ухлади. Аббал намоз бошлади. Бироқ душман кузатувчиси олисдан қоронғуда белгилаб қўйган экан, унга камон ўқини отди. Уни пайқаб, Аббал қимир этмади, душман унга тегмади, деб ўйлаб, яна ва яна ўқ отди. Аббал ҳар бир ўқни олиб, эгасига қайтариб отаверди, ниҳоят ҳамроҳи уйғониб қолди. Душман улар иккаловини бирга кўргач, у ерда улар кўпчилик бўлишса керак, деб қочиб қолди. Аммор Аббалнинг уч жойидан қон оқаётганини пайқаб қолди ва: «Субҳаналлоҳ! Нега мени эртароқ уйғотмадинг?» деди. Аббал жавоб берди: «Намозда «Каҳф» сурасини ўқий бошлаган эдим. Мен унинг қисқа бўлишини ёқтирмасдим, аммо менга учинчи марта ўқ узилганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хавфсизликларига менинг ўлимимнинг катта алоқаси борлигини билдим. Шунинг учун намозни тамомлаб, сени уйғотдим. Бироқ ана шу ҳайиқиш бўлмаса, мени ўлдириб қўйишганида ҳам сурани тамомламай рукуъга бормаган бўлардим»
Изоҳ: Ҳанафий мазҳабига кўра қон оқиши билан таҳорат бузилади, шофеъий мазҳаби қоидасида биноан бундай эмас, Аббал иккинчи қоидага риоя қилган бўлиши мумкин.
Кимдир Халаф ибн Айюбдан: «Намоз вақтида пашшалар ғашингизга тегмайдими?» деб сўради. У шундай жавоб қилди: «Ҳатто гуноҳкор бандалар ҳукмдорнинг қийноқларига бардош берадилар, уларнинг бу бардошлари, чидамлиликларига тасанно. Нега мен Хожам ҳузурида туриб, арзимас пашшаларнинг хархашасига безовта бўларканман?»
Муслим ибн Йасир намозга турганида ўз оила аъзоларига дер экан: «Сизлар суҳбатлашаверинглар, нима гапирганларингни мен билмасам бўлди». Бир куни у Басранинг жомеъ масжидида намоз ўқирди. Масжид деворининг бир бўлаги йиқилиб тушди, ҳамма жонини қутқариш учун қочиб қолди, бироқ у (Ибн Йасир) шовқинни ҳам эшитмади.
Хотами Асом розияллоҳу анҳудан «Намозни қандай ўқийсиз?» деб сўраганларида, у зот бундай жавоб қилган эканлар: «Намоз вақти яқинлашганида яхшилаб таҳорат оламан, намоз ўқийдиган жойимга бориб ўтираман, ақлимни жамлаб, кейин намозга тураман. Каъбани икки қошим ўртасида, Сирот кўпригини оёғим остида, жаннатни ўнг томонимда, жаҳаннамни чап тарафимда, ўлим фариштасини тепамда тасаввур этиб, қўрқув ва умид билан оламлар Рабби ҳузурида тураман. Тафаккур қилиб такбир айтаман, оғир-оғир ва маъносини ўйлаб Қуръон ўқийман, тавозуъ билан рукуъ қиламан, хушуъ билан саждага бораман. Ўнг оёғимни тик қилиб, чап оёғим устига ўтираман, намозимни ихлос ва самимият билан адо этишга ҳаракат қиламан».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Мўминнинг меърожи” китобидан
- 58وَلِلدَّعَوَاتِ تَأْثِيرٌ بَلِيغٌ وَقَدْ يَنْفِيهِ أَصْحَابُ الضَّلاَلِ
Маънолар таржимаси: Дуоларнинг етук таъсири бордир, гоҳида адашганлар уни инкор қиладилар.
Назмий баёни:
Дуоларнинг етук таъсирлари бор,
Адашганларгина қиларлар инкор.
Луғатлар изоҳи:
لِ – жор ҳарфи فِي маъносида келган.
دَعَوَاتِ – калимаси دَعْوَةٌ нинг кўплик шакли бўлиб, луғатда “илтижолар” маъносини англатади. Жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабардир.
تَأْثِيرٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.
بَلِيغٌ – сифат. Ушбу калимада дуонинг таъсирга сабаб эканига ишора бор. Чунки таъсир, аслида, Аллоҳ таолонинг яратиши билан вужудга келади.
وَ – “ҳолия” маъносида келган.
قَدْ – “тақлилия” (чеклаш) маъносида келган.
يَنْفِيهِ – феъл ва мафъул. نَفِي калимаси луғатда “бир четга суриб қўйиш” маъносига тўғри келади.
اَصْحَابُ – фоил. Бу калима صَاحِب нинг кўплик шакли бўлиб, “лозим тутувчилар” маъносига тўғри келади.
الضَّلاَلِ – музофун илайҳ. Ушбу изофада لِ жор ҳарфи муқаддар бўлган[1]. “Залолат” калимаси “тўғри йўлдан адашиш” маъносида ишлатилади.
Матн шарҳи:
Дуо луғатда “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши, дуо деб аталади”[2].
Мўмин бандаларнинг қилган дуоларида ўзларига ҳам, агар марҳумлар ҳақларига дуо қилаётган бўлсалар, уларга ҳам манфаатлар етади. Дуоларнинг таъсири борлигини адашган кимсаларгина инкор қиладилар. Матндаги “залолатдагилар” деган сўздан мўътазилий тоифаси кўзда тутилган. Чунки мўътазилий тоифаси бу масалада ҳам Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид даъволарни қилган.
Дуоларнинг таъсирини инкор этадиганлар бир қанча далилларни келтиришган. Масалан, ояти карималарда ҳар бир инсонга ўзи қилгандан бошқа нарса йўқлиги баён қилинган:
“Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур”[3].
Бошқа бир оятда эса киши ўзининг қилган яхши ишлари туфайли мукофотга эришса, ёмон қилмишлари сабабли жазоланиши баён этилган:
“Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”[4].
Ушбу ояти карималарда ҳар бир кишининг кўрадиган манфаатлари бошқаларнинг қилган дуо ва хайрли ишларидан эмас, фақат ўзининг қилган ишларидан бўлиши баён қилинган, бу эса дуоларнинг таъсири йўқлигига далолат қилади, – дейишган.
Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчиларга раддиялар
Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчилар келтиришган юқоридаги ва ундан бошқа далилларига батафсил жавоблар берилган. “Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий” китобида қуйидагича жавоб келган: "Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур" маъносидаги оятда баён қилинганидек, ҳақиқатда инсон ўз сайи-ҳаракати ва яхши феъл-атвори билан дўстлар орттиради, уйланиб бола-чақали бўлади, инсонларга меҳр-муҳаббат кўрсатади ва кўплаб яхши ишларни амалга оширади. Шунга кўра инсонлар уни яхшилик билан эслаб, унга Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, тоат-ибодатларнинг савобларини унга ҳадя қилсалар, буларнинг барчаси бировнинг эмас, аслида, ўз сайи-ҳаракатининг натижаси бўлади.
Иккинчи далил бўлган "Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир", маъносидаги оят ҳам юқоридаги каби оят бўлиб, ҳар бир киши ўзининг қилган яхши ишининг самарасини кўради, қилган маъсиятига кўра жазоланади, каби маъноларни ифодалайди. (Яъни “ҳар ким экканини ўради”, дейилгани каби)”[5].
Шунингдек, дуо қилишнинг фойдаси бўлмаганида мағфират сўрашга буйруқ ҳам бўлмасди. Қуръони каримда эса мағфират сўрашга буюрилган:
“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!”[6].
Шунингдек, вафот этиб кетган кишилар ҳақига қилинган дуоларда манфаат бўлмаганида, уларни эслаб дуо қилганлар Қуръони каримда мадҳ этилмасди:
“Улардан кейин (дунёга) келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга (нисбатан) қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй, Роббимиз, албатта, Сен шафқатли меҳрибонсан”, – дерлар”[7].
Шунингдек, вафот этганларга жаноза намозини ўқиш тириклар зиммасига вожиб қилинган. Жаноза намозида эса сано ва саловот айтиш билан биргаликда “Эй Аллоҳим, бизларнинг тирикларимизни ҳам, ўликларимизни ҳам мағфират қилгин”, маъносидаги дуо ўқилади.
Мазкур далилларнинг барчасида дуоларнинг таъсири борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун инсон вафотидан кейин ҳам ўз ҳақига хайрли дуолар қилинишига сабаб бўладиган яхши амалларни қилиши лозим.
Дуо қилиш бандага фойда келтирадиган ва ундан зарарларни даф қиладиган энг кучли сабаблардан экани Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:
“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар”[8].
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига дуо қилишга даъват этган ва Ўз фазлу марҳамати билан қилган дуоларини албатта ижобат этишга кафолат берган”, – деган. Ояти кариманинг давомидаги “ибодатдан кибр қилганлар” эса Аллоҳ таолога дуо қилишдан такаббурлик қилган кимсалар дея тафсир қилинган. Ҳадиси шарифларда дуонинг қазони қайтаришга сабаб қилиб қўйилгани баён этилган:
عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال لَا يَرُدُّ القَضاءَ إلا الدُّعاءُ وَ لَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”, – дедилар (Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Ушбу ҳадисда дуонинг бажариладиган ишларга боғлаб қўйилган қазони қайтариш сабабларидан экани баён қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло амалга ошадиган барча нарсаларга азалий сабабларни тайин қилиб қўйган. Солиҳ амаллар саодатга эришиш учун азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш, қариндошлик алоқаларини узмаслик каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради. Ана шундай азалий сабаблар юзага чиқарилган пайтда ўша сабабга боғланган ишлар ҳам юзага чиқади.
Имом Таҳовий[9] раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут Таҳовия” асарида қуйидагиларни ёзган: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида ўликлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилади ва хожатларни раво қилади (деб эътиқод қиламиз)”.
Кейинги мавзу:
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни.
[1] Бу ҳақидаги маълумот 53-байтнинг изоҳида баён қилинди.
[2] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-Роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 105.
[3] Нажм сураси, 39-оят.
[4] Бақара сураси, 286-оят.
[5] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 192.
[6] Муҳаммад сураси, 19-оят.
[7] Ҳашр сураси, 10-оят.
[8] Ғофир сураси, 60-оят.
[9] Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳамад ибн Салама Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 239 йилда Мисрнинг “Тоҳа” шаҳарчасида туғилган.
Имом Таҳовий ҳанафий мазҳабидаги мўътабар олимлардан бўлиб, “Сиҳоҳи ситта” муаллифлари билан бир асрда яшаб фаолият юритган. Бу зот ҳақида уламолар кўплаб мақтовли сўзларни айтганлар. Жумладан Суютий “Тобақотул Ҳуффоз” асарида: “Имом Таҳовий аллома, ҳофиз, гўзал таснифотлар соҳибидир”, – деган. Заҳабий: “Кимки ушбу имомнинг ёзган асарларига назар солса, бу зотнинг илм даражаси юқори, маърифати кенг эканига амин бўлади”, – деган.
Имом Таҳовий тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ ва сийратга оид кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:
1. Аҳкамул Қуръан (Қуръон ҳукмлари);
2. Шарҳу маъонил осор ( Асарларнинг маънолари шарҳи);
3. Ақидатут Таҳовия (Таҳовий ақидаси);
4. Баёну мушкилил осор (Асарларнинг мушкилотлари баёни);
5. Шарҳу жомеис сағир (Жомеус сағир шарҳи);
Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 321 йилда Мисрда вафот этган.