Саудия Арабистонининг оммабоп «Swift News» веб-сайтида «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси туризм соҳасини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги боис туризм янги босқичга кўтарилди,- дейилади мақолада. -Ушбу соҳада кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция дастурлари ишга туширилди, халқаро стандартлар асосида туристларга хизмат кўрсатиш тизими яратилди».
Нашрда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, туризм объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури қабул қилиниши таъкидланган.
«Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги мамлакатга келаётган сайёҳлар сонини 4,5 миллиондан 10 миллион нафарга кўпайтиришни режалаштирган. Шу сабабли, Ўзбекистон саёҳатга қўйилган барча чекловларни бекор қилди, - деб ёзилади материалда. - Саёҳат чекловларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларида меҳмонхоналар билан бандлик кўрсаткичларининг 83,6 фоизга ва ҳостелларнинг 70,8 фоизга ошишига олиб келди».
Мақолада таъкидланишича, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 833 та янги меҳмонхона ишга туширилиб, уларда 75 мингдан ортиқ меҳмон қабул қилиняпти. Сайёҳлик кўчалари ва қишлоқлари ташкил этиляпти, зарур инфратузилмалар ривожлантирилмоқда.
«Сайёҳлик объектлари қаторида дунёнинг 90 та давлати фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши, шунингдек, 60 га яқин давлат фуқароларига тезкор виза олиш имкониятлари яратилди», - деб ёзади «Swift News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита, Сергели туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Сергели туманидаги “Мударрис халқаро мактаб”ида пойтахтимизда жойлашган “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфутдинов иштирокида “Кенгмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи ота-оналар ва аҳоли вакиллари билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда давомида фарзанд тарбияси, одоб-ахлоқ ва илм эгаллашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат ва маънавий поклик ёшларни ёт ғоялардан асрашда муҳим восита экани таъкидланди. Шунингдек, оиладаги тарбиянинг кучи, ота-онанинг фарзандга намуна бўлиши жамият барқарорлигига хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати