Бугун юртимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёга машҳур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, меҳмонлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5326-сон Фармони ижросини таъминлаш борасида бир талай ишлар қилинмоқда. Хорижлик сайёҳларни юртимизга жалб этишда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Кеча, 14 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлигидан бир гуруҳ меҳмонлар юртимизга ташриф буюришди. Мартабали меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжидида жума намозини мўмин-мусулмонларимиз билан бирга-бирга адо этдилар.
Шундан сўнг, Диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов томонидан саудиялик меҳмонларга ушбу муҳташам жоме масжиднинг фаолияти, намозхонлар кайфияти, олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ва юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.
Подшоҳликдан келган меҳмонлар, ҳақиқатан, Ўзбекистон заминида сўнгги йилларда катта янгиланишлар ва ижроотлар бўлаётганини эътироф этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати