Намоз – Ислом динининг беш устунидан биридир. Намоз мўминнинг меърожидир. Намоз мўмин-мусулмон одам ҳар куни бажарадиган энг муҳим амалидир. Намоз банданинг бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажотга эришишига сабаб бўладиган энг улуғ ибодатдир.
Ҳозирги кунда кўплаб табиблар намознинг тиббий фойдалари жуда кўп эканини бир овоздан айтишмоқда.
Намоз инсонни варикоз касалликларидан ҳимоя қилади.
Намозда амалга ошириладиган ҳаракатлар туфайли оёқ-қўлларда томирлар бўртиб чиқиб қолиши билан кечадиган варикоз касаллигидан намозхон мўмин одам омонда бўлар экан.
Намоз танадаги қон айланишини ҳам яхшилайди. Жисмнинг барча аъзоларига қон бир маромда, тартиб билан етиб боришини таъминлайди.
Намоз ҳар куни тартиб билан адо этилгани учун ўзига хос машқлар мажмуаси ҳамдир. Мўъмин инсон ҳар куни тартиб билан намоз ўқиб юрса, танаси ҳам рисоладагидек ишлайди.
Шунингдек, намоз инсонни яна кўплаб касалликлардан ҳимоя қилади. Масалан, суякларнинг мўртлашиши, умуртқа поғонасининг эгилиши ва камҳаракатлилик натижасида юзага келадиган бошқа бир қанча касалликларнинг одини олади.
Намозларни ўз вақтида мунтазам ўқиб бориш жисмга яшовчанлик, фаоллик келишига, тананинг ички аъзолари фаолиятида тартиб-интизом ўз ўрнига тушишига сабаб бўлади.
Намоздаги рукуъ ва сажда қорин, болдир ва сон мускулларининг бақувват бўлишига олиб келади.
Намоз ичаклар фаолиятининг фаоллашишига катта ҳисса қўшиб, ич қотишининг олдини олади.
Рукуъ ва сажда мияга қон келиб, у яна ортга қайтишига, мия қон билан меъёрида таъминланишига, унга бўладиган қон босимининг камайишига, барча аъзоларда қон интизомли айланишига сабаб бўлади.
Энди мана бу ривоятларга диққат қилайлик!
“Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишдан маҳзун бўлсалар, намозга киришар эдилар”. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим “Амал қилинглар, албатта, амалларингизнинг энг яхшиси намоздир!” дер эдилар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривояти.
Субҳаналлоҳ!
Дунё ва охиратда нажотга эришишимизнинг гарови, охиратда биринчи биздан сўраладиган амал, кўплаб руҳий, тиббий, ақлий фойдаларнинг манбаи ва энг асосийси – Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирувчи энг буюк амал бўлган НАМОЗ ИБОДАТИни ўз вақтида адо этайлик, унга асло бепарво бўлмайлик!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати