Аллоҳ таоло инсонни жонзотлар ичида мукаррам қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Демак, инсон ва унинг аъзолари мукаррам, ҳатто вафот этган кишининг ҳукми ҳам шундайлигича қолади, яъни вафот этган кишининг жасадини хўрлаш ёки бирор аъзосини кесиб олиш катта гуноҳ саналади.
Инсон аъзоларини сотиш жоиз эмас, чунки у савдо моли ҳисобланмайди. Инсон аъзолари мулк эмас, уни сотишга шаръан рухсат берилмайди, эваз ҳам олинмайди, чунки бу мулкида бўлмаган нарсани сотишдир. Худди шундай, инсоннинг аъзолари ворисларига ҳам мулк эмас, улар ҳам маййитнинг аъзоларини сота олмайдилар.
Одам аъзоларини сотиш унинг ҳурматига, мукаррамлигига зид келади.
Шариатимиздаги яна бир асл қоида: мусулмон киши хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин унга жароҳат ёки кесиш билан озор бериш ҳаром ҳисобланади. Ана шу қоидадан бошқасига ўтиш ёки истисно қилишга мажбур қиладиган далил бўлмаса, асл қоида ўз ҳолида қолади.
Уламолар инсон аъзоларини трансплантация қилиш (кўчириш) амалиётининг жоизлигига “инсонга манфаат бериш ва ундан зарарни даф қилиш” шаръий қоидасини асос қилиб олганлар. Ушбу қоидага биноан амалиёт жараёнида бошқа бир инсонни ҳалокатга дучор қилмаслик шарт бўлади.
Бу амалиётни бажаришда бошқанинг ҳаёти учун жуда катта манфаат борлиги сабаб ўз аъзоларини олиб, муҳтожга қўйишга рухсат берилиши инсоннинг аъзолари муккаррам эканини сақлаш тушунчасига зид эмас. Икки тараф мувофиқ келган тақдирда қуйидаги шартлар асосида аъзони кўчириш амалиёти мумкин бўлади:
1. Бирор аъзосини ҳадя қилувчи одамнинг аъзоси олинганда унинг ҳаёти хавф остида қолмаслиги.
2. Ўз аъзосини ҳадя қилувчи одам ихтиёрий равишда бўлиши, ҳеч ким томонидан мажбур қилинмаслиги.
3. Аъзонинг кўчирилишига сабаб ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлган беморнинг касаллиги тиббиёт жиҳатидан фақат шу йўл билангина тузалиши мумкин деган хулосага келинган бўлиши.
4. Аъзоси олинаётган ва янги аъзо қўйилаётган икки тараф учун ҳам жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда ўтиши ва кутилган натижага эришилиши тажрибаларда кузатилган ва унга ишонч ҳосил қилинган бўлиши зарур.
Кўчириш мумкин бўлмаган аъзолар:
- бир инсоннинг насли бошқасига ўтишига сабаб бўладиган ирсий аъзолар (эркак ва аёлнинг жинсий аъзолари), шу сифатларни ташувчи ва ҳомилага сабаб бўлувчи аъзолар;
- инсоннинг яшашига бевосита боғлиқ бўлган юрак каби аъзолар;
- инсоннинг тўкис яшашига билвосита боғлиқ бўлган кўз қорачиғи каби аъзо;
Умуман, инсон шаъни, обрўси ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган тиббий амалиётларнинг барчаси шаръан таъқиқланади.
Юқорида зикр қилинган, аъзоларни зарурат бўлганда кўчиришга бир нечта шартлар қўйилмоқда. Энг муҳим нуқта – аъзо кўчирилганда ҳам сотилмайди, балки табарруъ (эҳсон) қилинади.
Энди баъзида қулоққа чалиниб қоладиган болаларни ўғирлаш ва уларнинг тана аъзоларни сотиш ҳолатларида бир нечта катта гуноҳлар жам бўлади. Бу ерда одамнинг жонига қасд қилиш бор. Қуръони каримда бир одамни ноҳақ ўлдириш барча одамларни ўлдиришга баробарлиги айтилган. Бунинг устига шариатимизда мол (товар) деб ҳисобланмаган нарса (одам аъзолари)ни сотиш – ҳаром пул топишдир. Бундай жирканч гуноҳга қўл урадиган кимсаларни агар тавба қилмасалар, дунёда хорлик ва охиратда аламли азоб кутади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Аллоҳ таоло онамни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш муҳаббати билан сийлаган. Онамдан энг кўп эшитганим – Пайғамбаримизга салавот! Онам ҳатто овқатни ҳам салавот айтиб қилади. Уй ишларини ҳам салавот айтиб қилади, «Шундай қилсам, осон, тез бўлади», дейди. Мен касал бўлиб қолсам ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб юрган дуоларни ўқиб, дам солади. Дори ичираётганда ҳам тили салавотдан тўхтамайди. Шунинг учун бўлса керак, мен доим хотиржам эдим. Сал хафа бўлиб турганимни кўрса, «Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгин, Аллоҳ нажот беради», дер эди. Бу сўзларни онамдан жуда кўп эшитганим учунми, «Онам жуда ошириб юборади-да, худди бошқа оламда яшаётгандек», дер қўяр эдим.
Бир куни кайфиятим жуда тушиб кетди. Ўзимни чалғитиш нималар қилиб кўрмадим, лекин фойдаси бўлмади. Охири таслим бўлиб, йиғлай бошладим. Ғам-қайғуларимга, кўз ёшларимга ғарқ бўлиб турган эдим, онамнинг «Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгин, Аллоҳ нажот беради», деган сўзлари эсимга тушиб қолди. Шу заҳоти салавот айта бошладим. Бир маҳал қарасам, Расулуллоҳга салавот айтавериб, қайғуларим эсимдан ҳам чиқиб кетибди! Бир неча марта шундай қилганимдан кейин салавот айтсам, ғам-ташвишлар йўқ бўлишига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим.
Ҳозир, шу сатрларни ёзаётганда ҳам салавот айтиб ёзяпман. Дугоналарим қўшиқ хиргойи қилиб, завқланиб юрган бир пайтда Аллоҳнинг марҳамати билан менинг тилим севикли Пайғамбаримизга салавот айтиш билан банд. Аллоҳ таоло менга Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни яхши кўрадиган, қайғу-аламларимга қарши салавот ёрдамида курашишни ўргатган онани насиб қилмаганида, балки мен ҳам қўшиқ айтиб юрган бўлармидим...»
Шайх Солиҳ Муғомисий ҳафизаҳуллоҳ айтади:
«Бир куни тобим қочиб, жарроҳлар юрагимни операция қилишди. Эртаси куни жонлантириш бўлимида ётсам, бир ҳамшира хабар олиш учун кириб, томиримга уланган назорат жиҳозига қаради-ю, бирдан саросимага тушиб қолди. Олдин ҳамшира шеригини, кейин шифокорни чақирди… Нима бўлаётганини билмасам ҳам, аҳволим жиддий эканини сездим. Бирпасда тепамда ўндан ортиқ шифокору ҳамширалар тўпланиб кетишди. Кимдир зудлик билан бош шифокорни чақириш кераклигини айтди, уни ҳам чақиртиришди. У ҳам келиши билан қурилмаларга қараб, ҳамкасблари билан бир нималарни маслаҳатлаша бошлади. Кейин менга: «Шайх Солиҳ, юрагингизда қон йиғилиб қолибди. Олиб ташламаса бўлмайди. Кўкрак қафасни яна очамиз», деди. Мен калимаи шаҳодатни айтиб, бош ирғаб, розилик бердим. Жарроҳлар амалиёт хонасини тайёрлашга киришиб кетишди. Ҳамширалар ҳам менга уланган симларни узиб, тайёрлана бошлашди. Шу пайт ливанлик ҳамшира: «Шайх, салавот айтинг! Аллоҳ нажот беради», деб қолди. Унинг сўзлари қалбимга муҳрланиб қолди. Шу заҳоти: «Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммад» деб, салавот айта бошладим.
Шу пайт қурилмаларнинг бири ўз-ўзидан ишга тушиб, овоз чиқара бошлади. Бошимни буриб қарасам, ҳозиргина тўхтаб турган қурилма ишга тушиб, ичидаги шаффоф идишга қон кела бошлабди! Мени амалиётга тайёрлаётган ҳамширалар буни кўриб, анграйиб қолишди. Сўнг биттаси ўзига келиб, бош шифокорни чақиришга югуриб кетди. Тўлиқ кийиниб олган шифокор кириб келди-ю, жиҳозни кўриб, турган жойида қотиб қолди. Сўнг яқинроқ келиб, қурилмага қараб турди-да, «Субҳаналлоҳ! Шайх Солиҳ, биз сизни қутқаришга ҳаракат қилиб турсак, Аллоҳнинг Ўзи сизни қутқариб қўйибди-ку!» деди.
Ҳозир ўша воқеани эслаб, ҳайрон қоламан. Менга «Салавот айтинг, Аллоҳ нажот беради», деган ўша ливанлик ҳамшира аёлни кўрган одам «Бу хотин умуман Худони танимаса керак», деб ўйлайди. Лекин ўша аёл менга энг қийин пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни эслатиб, мусибатлардан қутулиш эшигини очган эди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.