Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йилнинг 11 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан Ўзбекистонда дин эркинлигини таъминлаш йўлида салмоқли натижаларга эришилганини эътироф этган ҳолда, мамлакатимизни “алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” (СРС) рўйхатидан чиқарди.
Мазкур қарор кутилган ва ундан ажабланма-са ҳам бўлади. Чунки Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳасига дахлдор туб ислоҳотлар ҳамда ўзгаришлар билан боғлиқ, тарихий босқич юз беряпти. Америкалик ва бошқа ҳамкорлар Ҳаракатлар стратегиясининг хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга қаратилган бешинчи устувор йўналишни рўёбга чиқариш бўйича кўлга киритилаётган натижаларга бир неча бор ишонч ҳосил қилишди.
АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ютуқлари диний эркинликни илгари суриш бўйича ўтказилган вазирликлар конференциясида илк бор эътироф этилган эди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация ҳам қатнашган.
Вашинггондаги дипломатик миссиямиз томонидан қайд этилганидек, АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбэк бошчилигидаги АҚШ делегацияси жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни такомиллаштириш ва соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқиш, диний жиноятлар учун қамалган минглаб шахсларни мисли кўрилмаган даражада афв этиш, қолаверса, маърифатли исломни илгари суриш борасидаги институционал механизмларни яратиш бўйича амалий чора-тадбирларга бевосита гувоҳ бўлди.
Америка ташқи сиёсат идорасининг мазкур қарори Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигини нишонлаш пайтига тўғри келганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Зеро, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, инсон қадр-қимматини эъзозлаш биз учун ўтган икки йил давомида энг устувор вазифага айланди.
Ўз аҳамияти бўйича Ўзбекистон тарихида мутлақо янги воқелик – минглаб маҳкумларнинг афв этилиши бунинг тасдиғидир. Ўшанда давлатимиз раҳбари биринчи марта ўзининг конституциявий ваколатидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан озодликдан маҳрум этилган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги Фармонни қабул қилди. Ўтган икки йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаролар “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Юқорида айтиб ўтилган муваффақиятлар 11 декабрь куни Давлат департаменти қарори эълон қилиниши муносабати билан сенатор Рожер Уилкер раислигида ўтказилган Хельсинки комиссияси эшитувида ҳам баён этилди. Рожер Уилкер эшитувни очар экан, шундай дея алоҳида қайд этди: “Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон рўйхатдаги ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга интилаётган ва зарур ислоҳотларни олиб бориш учун сезиларли чора-тадбирлар қабул қилаётган ягона давлатга айланди”.
“Ўзбекистон АҚШнинг янада кучли ҳамкори бўлиши мумкин ва бизнинг мақсад – мамлакатнинг иқтисодиёти гуллаб-яшнашига кўмак беришдан иборат. У минтақа ва унинг ташқарисида тараққиёт моделига айланади”, дея айтди сенатор. У яна шуни қўшимча қилди: “Ўзбекистон ҳукумати келгусида ҳам ислоҳотларни амалга оширишга қатъий содиқдир ва Конгресс умумий мақсадларни қўлга киритиш учун барча манфаатдор томонлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этади”.
Ўз маърузаси билан иштирок этган элчи Самуэл Браунбэк ҳам таъкидлаганидек, “Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти, ҳақиқатан ҳам, янгиланишлар жараёнига содиқдир ҳамда мамлакатда нафақат дин эркинлиги, балки мажбурий меҳнат ва умуман, инсон хуқуқлари соҳасида салмоқли ўсишга эришилган”.
Элчи республикада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид тавсияларини амалга ошириш мақсадида “йўл харитаси” қабул қилингани, минглаб маҳкумларнинг афв этилиши ва “қора рўйхатлар”дан чиқарилиши, ўнга яқин диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтказилиши ҳамда тегишли тартиб-таомилларнинг соддалаштирилишини сезиларли натижалар қаторига киритган.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан хабар берилишича, эшитув чоғида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро муваффақиятли ҳамкорлик жараёни, шунингдек, Ўзбекистон ўз зиммасига олган ҳуқуқий мажбуриятларини амалга ошириш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг диний хавфсизлик, диний бағрикенглик ва ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муҳим ташаббуслари борасида Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган мисли кўрилмаган фаоллик алоҳида белгилаб қўйилди.
“Ўзбекистоннинг алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилиши ўз вақтида қилинган ва тўғри қарордир. Бу Ўзбекистондаги салмоқли юксалиш натижасидир. АҚШ Давлат департаменти Диний эркинлик бўйича офисининг 20 йиллик фаолияти тарихида иккита мамлакат мана шундай рўйхатдан чиқарилган: Вьетнам ва Ўзбекистон”, дея АҚШ Давлат департаменти қарорига муносабат билдирди Глобал ҳамкорлик институти раҳбари Крис Сайпл.
Крис Сайпл элчи Самуэл Браунбэк делегацияси таркибида шу йил кузда Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Ўшанда Глобал ҳамкорлик институти Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан Ўзбекистонда дин эркинлигини илгари суриш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузишга доир Меморандум имзолаган эди.
С. МАХСУМОВ тайёрлади.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
Набавий башорат
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.
Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳи
Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.
Семириш – глобал эпидемия
Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.
Агар шу ҳолат давом этса…
Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.
Семизлик ёш танламайди
Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.
Семиришнинг сабаби нима?
Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.
Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!
Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.
Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.
Даврон НУРМУҲАММАД