Имоннинг ярми дея сифатланган сабр ҳақида қанча кўп ёзилса, қанча кўп китоблар нашр этилса, шунча фойдали бўлади. Чунки сабр-қаноат инсонга бот-бот эслатиб турилмаса, инсоннинг бесабрликка берилувчанлик табиати устунлик қилиб олади.
Ушбу китобнинг фазилати шундаки, унда сабрнинг фазилати шариатимиз аҳкомларига кўра таърифланган. Унинг диндаги ўрни, сабр соҳибига бериладиган даражалар, сабрнинг қисмлари, сайр ва сулукдаги ўрни; сабрдан келадиган фойдалар, сабрсизлик сабаб бўладиган офатлар тартиби билан худди толиби илмга тушунтирилгандек, содда усулда баён қилинган.
Энг муҳими, ушбу мўъжаз асарни ўқиган китобхон муқаддас Китобимиз – Қуръони каримда сабрга қанчалик катта эътибор қаратилгани ва унинг етмишдан ортиқ жойда зикр этилгани, сабрли инсонларга нақадар улкан ажру савоблар ваъда қилинганини билиб олади.
Таржимон китобнинг таъсирчанлик руҳини оширишни ният қилиб, таржима сўнгидан оят, ҳадислар, ҳикмат ва мақоллар келтирганки, бундан муҳтарам китобхонларга жуда ҳам яхши фойда етади деган фикрдамиз.
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган
Муаллиф: Муҳаммад Зоҳид Қўтқу
Таржимон: Дамин Жумақул
Муҳаррир: Толиб Низом
Нашриёт дўконидаги нархи 5000 сўм
Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов