Омина деган аёл бор эди. Ҳар куни Қуръон ўқир, имкони етганича оятлардан ёдлар эди. Икки қизини ҳам узатиб, эри билан ёлғиз яшарди.
Бир куни эрига “Бориб, қизларингиздан хабар олиб келмайсизми?” деди. Қизларидан бири эри билан деҳқончилик қилар, иккинчиси лойдан ғишт қуйиб сотишарди.
Ота қизларидан хабар олиш учун йўлга тушди. Биринчи деҳқончилик билан шуғулланадиган қизининг уйига борди. Ҳол-аҳвол сўради, меҳмон бўлди. Кейин қизидан: “Болам, қийналмаяпсизларми?” деб сўради. Қизи: “Йўқ, отажон. Тинч яшаяпмиз. Бу йил катта деҳқончилик қилдик. Уруғларни экиб бўлдик. Энди бир дуо қилсангиз, Аллоҳ таоло бизга ёмғир берса” деди. Ота дуога қўл кўтариб, Аллоҳ таолодан баракали ёмғир сўради. Шундан сўнг қизи билан хайрлашиб, нариги қизиникига борди.
Ундан ҳам ҳол-аҳвол сўради, меҳмон бўлди. Кейин ундан: “Болам, қийналмаяпсанми?” деб сўради. Қизи: “Йўқ, отажон. Эрим билан тинч яшаяпмиз. Шу кунларда кўп миқдорда ғишт қуйдик. Шунга Аллоҳ таолога дуо қилсангиз, ёмғир ёғмай турсаю, биз ғиштларимизни сотиб олсак” деди. Ота қўлларини дуога очиб, Аллоҳ таолодан қизининг мушкулини осон қилишини сўради. У билан ҳам хайрлашиб, уйга қайтди.
Уйга келиб, бироз дам олди. Кейин аёли ундан “Қизларингиз тинч ўтирган эканми?” дея сўради. Эри “Ҳа, ўтиришибди. Бири ёмғир кутяпти, бошқаси эса ёмғир ёғмаса эди” деб турибди. Иккови учун ҳам дуо қилиб келдим. Ёмғир ёғмаса, каттасининг аҳволи нима кечади, бордию ёғса, кичигининг аҳволи нима бўларкин” деди. Шунда аёл: “Сиз Қуръон билан ошно бўлмайсиз-да! Ҳар куни Қуръон ўқиганингизда бундай хаёл билан ноилож қолмаган бўлардингиз, муаммонинг ечимини топган бўлардингиз. Ахир Қуръонда бу муаммонинг ечими бор-ку!” деди. Эр қизиқиб, “Қандай ечими бор?” деб сўради. Аёл: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган” деб мана бу оятни ўқиб берди:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يُزْجِي سَحَاباً ثُمَّ يُؤَلِّفُ بَيْنَهُ ثُمَّ يَجْعَلُهُ رُكَاماً فَتَرَى الْوَدْقَ يَخْرُجُ مِنْ خِلَالِهِ وَيُنَزِّلُ مِنَ السَّمَاءِ مِن جِبَالٍ فِيهَا مِن بَرَدٍ فَيُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ وَيَصْرِفُهُ عَن مَّن يَشَاءُ يَكَادُ سَنَا بَرْقِهِ يَذْهَبُ بِالْأَبْصَارِ
“Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. (Аллоҳ) осмондан – ундаги тоғ (булут)лардан дўл ёғдириб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни кетказгудекдир” (Нур сураси, 43-оят).
Эр дарҳол Аллоҳга шукр саждасини қилди ва қўлини дуога очиб: “Эй Роббим, ғишт қуйган қизимдан ёмғирни буриб юбор, деҳқончилик қилган қизимга барака ёмғирингни ёғдир” дея дуо қилди.
Аёлининг фаросати, ҳозиржавоблигидан хурсанд бўлди. Кейин унга шундай солиҳа жуфт насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтди.
Ота кейинчалик қилган дуосининг ижобатини кўрди. Деҳқончилик билан шуғулланувчи қизи яшайдиган томонда ёмғир ёғди, ғишт қуйиш билан шуғулланувчи қизи яшайдиган минтақада ёғингарчилик кузатилмади.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
мавъизаларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.