Тунда осмонга қарасангиз, жуда кўплаб юлдузлар тартибсиз сочилиб ётганга ўхшайди. Аслида улар осмонда тартибсиз сочилиб ётмайди. Ҳозирги вақтда олимлар расадхона, яъни обсерваторияларда юлдузларнинг катталиги, ҳарорати, кимёвий таркиби ва ҳаракатларини шунингдек, ўзаро жойлашган ўринларини ҳам ўрганишмоқда.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, юлдузлар ниҳоятда қизиб ётган, Ердан жуда узоқда жойлашган осмон ёритгичларидир. Уларни одамлар қадимдан гуруҳларга ажратишган ва ҳар бир гуруҳга ном беришган. Булар юлдуз туркумлари деб аталади. Масалан, Тарози, Чаён, Мезон ва бошқалар.
Сиз Катта Айиқ юлдузлар туркумини билсангиз керак. Уларни хаёлан чизиқ билан туташтирсангиз дарҳақиқат, чўмичга ўхшайди. Чўмич бандидаги иккинчи юлдуз ёнида кичик юлдузча бор. Қадимда жангчиларнинг кўзи ўткирлигини шу юлдузни кўра олишига қараб аниқлашган. Бизга кўриниб турадиган анча ёруғ юлдузлардан бири Олтин Қозиқ (қутб) юлдузидир. Бу юлдуз ҳамма вақт ҳам осмонда бир жойда – Шимолий қутб устида туради.
Олтин Қозиқ (қутб) юлдузига қараб шимолни, шунингдек бошқа томонларга бўлган йўналишни ҳам аниқлаш мумкин. Агар олд томонингиз билан шимолга қараб турсангиз, ўнг томонингиз шарқ, чап томонингиз ғарб, орқа томонингиз жануб бўлади.
Фан-техника ривожланган бугунги кунда ҳам сайёҳлар, илмий тадқиқотчилар, олимлар ва денгизчилар ҳамон юлдузларга қараб ориентирлаш услубидан фойдаланади. Чунки, қўлимиздаги техник асбоб-ускуналарни одам боласи ясаган. У бузилиши, адашиши ва ҳатто нотўғри кўрсатиши ҳам мумкин. Аммо, юлдузлар Қодир Зот томонидан мукаммал тарзда яратилган бўлиб, биз бандалар учун хизмат қилишга Аллоҳ таоло томонидан бўйсундирилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилди:
“У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни батафсил баён қилдик”. (Анъом, 97)
“(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар”. (Наҳл, 16)
Суддийнинг сўзига кўра, сафарга чиққанлар ва мусофирликда юрган йўловчилар манзилига янглишмай етиб олишлари учун Аллоҳ таоло осмонда ернинг тўрт томонини ва қиблани аниқлаш учун сурайё, етти оғайни, олтин қозиқ, қутб ва бошқа юлдузлар каби аломатларни мўлжал сифатида яратиб қўйган.
Таъкидлаш жоизки юлдузларнинг йўл кўрсатиш билан бир қаторда, ўзига хос бизга маълум ва мавҳум кўплаб вазифалари бўлиб, ана шулардан бири йил ҳисобини ҳам белгилашдир. Қуръони каримда мазкур ҳолат хусусида ҳам оят нозил бўган:
“(Биз) осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб қўйдик”. (Ҳижр, 16)
Уламолар ушбу оятни қуйидагича тафсир этишган: “Осмоннинг ўн икки буржи – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут бўлиб, қуёш уларни 360 даража билан бир йил мобайнида кесиб ўтади. Ойнинг ҳам шу каби ўн икки буржи мавжуд”.
Бизларга ота-онамиздан ҳам минг чандон Меҳрибон бўлган, биз учун сон-саноқсиз, чексиз неъматлар ато этган ҳамда адашганимизда тўғри йўл кўрсатган АЛЛОҲ ТАОЛОга чексиз ҲАМД-У САНОЛАР БЎЛСИН!
Саидаброр Умаров ЎМИ матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати