Қуръони каримда махлуқотлар ичида энг мукаррами ва мукаммали инсон экани баён этилади (Исро сураси, 70-оят, Тин сураси, 4-оят). Барча нозу неъматлар инсон учун. Шу боис Аллоҳ таоло бани башарни онгли қилиб яратди.
Онг фақат инсонга хос, десак янглишамиз. Айрим жониворлар борки, уларнинг номи Қуръони каримда ҳамда ҳадиси шарифларда зикр этилган. Ҳатто уларнинг жаннатга кириши айтилган.
Абдураҳмон Жомий жаннатга кирадиган ўнта ҳайвондан бири “Ғор эгалари”нинг “Қитмир” деган итига атаб ёзган шеърида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Агар ғор эгаларининг ити жаннатга кирса, мен ҳам киришим керак. У Ғор эгаларининг ити бўлса, мен Сизнинг саҳобаларингизнинг итиман”, дейди.
Жаннатга кирувчи ўн ҳайвон:
1. Ғор эгаларининг ити.
2. Юнус балиғи (Юнус алайҳиссаломни ютган балиқ).
3. Исмоил алайҳиссалом ўрнига қурбонлик қилинган қўчқор.
4. Солиҳ алайҳиссаломнинг туяси.
5. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳўкизи.
6. Узайр алайҳиссаломнинг улови (эшаги).
7. Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси.
8. Сулаймон алайҳиссаломнинг Билқисга юборган ҳудҳуди.
9. Мусо алайҳиссаломнинг сигири.
10. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяси.
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД