Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қотиллик, “самосуд”, яъни ўзбошимчалик билан бировни жазолаш, таҳқирлаш, калтаклаш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Наманганда 26 ёшли эркак 23 ёшли талаба хотинини куппа-кундузи таълим муассасаси ҳудудида пичоқлаб ўлдирди... Қашқадарёда бир аёл собиқ эрига турмушга чиққан жувонни кўчада зўравонлик билан таҳқирлади... Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчининг онаси томонидан калтакланди... Бу каби воқеаларни эшитиб даҳшатга тушасан.
Сир эмас, “самосуд” пайтида ҳам кучлар тенг бўлмайди, жазоланувчи киши ҳимоясиз, ожиз ҳолатда ваҳшийлик қурбонига айланади. Ўйланиб қоласан, жамиятимизда бу каби ҳолатлар нега тез-тез такрорланяпти, одамларга нима бўляпти ўзи? Кимнидир ўзбошимчалик билан жазолашга, энг даҳшати, ҳаётига қасд қилишга уларни нима мажбур этмоқда?
Бирор кишининг айбдор ёки жиноятчи деб топилиши учун аввало унинг айби маҳкамада гувоҳлар ва далиллар ёрдамида исботланиши лозим. Айби исботлангач, қандай жазо белгилашни ҳам фақатгина қози – судья ҳал қилади. Бошқа ҳеч ким эмас! Бу нарса қомусимизда ҳам таъкидлаб қўйилган:
24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.
26-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Яхши англашимиз лозим, инсонларни ноҳақ азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, охиратда, албатта жазосини олади. Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин. “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган доно нақл бор. Агар ўзгага нисбатан зўравонлик қилмоқчи бўлган кимса, унга етказадиган жабри миқдорича азоб тортмасдан туриб гуноҳи кечирилмаслигини билса, бу ишга қўл урармиди? Асло!
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ўз ғуломига тарсаки туширса, бунинг каффорати уни озод қилишдир”, деганларини эшитдим» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: «Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан “Эй Абу Масъуд, билгинки” деган овозни эшитдим. Ғазабнинг кучидан овозни танимадим. (Овоз эгаси) менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У зот: “Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирроқдир”, демоқда эдилар. Мен дарҳол: “Бундан сўнг ҳеч қачон қулни урмайман”, дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг розилиги учун у ҳурдир”, дедим. У зот: “Агар шундай қилмаганингда, дўзах сени куйдирган бўлар эди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Динимизда нафақат бегонага, балки ўзининг қулига (шахсий мулкига!) ҳам куч ишлатишдан қайтарилади. Энди бировларга нисбатан ўзича жазо қўллаётганлар, айниқса, ваҳшийларча қотиллик қилаётганларнинг оқибатини тасаввур қилаверинг. Улар ўзларича адолатни қарор топтиряпман, деб ўйлашади. Аслида эса, дахлсиз бир инсоннинг ҳаётига дахл қилишмоқда. Ҳеч кимнинг ўзбошимчалик билан самосуд қилишга ҳаққи йўқ!
Тўлқин ШЕРНАЕВ
Шу йил 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон Халқаро ислом академияси талабалари билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
Суҳбат аввалида Ҳомиджон домла кейинги йилларда юртимизда ёшларнинг таълим-тарбиясини юксалтиришга катта эътибор берилаётгани таъкидлаш баробарида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, илк номи “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” бўлган ташкилот 1943 йил 20 октябрда ташкил топгани, 1992 йили “Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси”, 1995 йили “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” деб давлат рўйхатидан ўтказилгани, истиқлолгача 80 та масжид фаолият юритгани, Ўрта Осиёда ягона бўлган Мир Араб мадрасасида жами 10 нафар талаба ўқитилганини айтиб ўтди.
Ҳомиджон домла ўз сўзи давомида мустақиллик неъмати насиб этгандан сўнг диний-маърифий соҳада улкан ўзгаришлар бўлгани, хусусан, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар натижаси ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари саъй-ҳаракатлари билан юртимиз масжидлари сони 2145 тага, диний таълим муассасалари сони 14 тага етгани, Фатво ва илмий-тадқиқот марказлари, диний адабиётлар нашри, “Вақф” фонди жадал фаолият олиб бораётгани, умра бўйича квота олиб ташлангани, ҳажга борувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, энг қадимий ва нодир қўлёзма саналган “Усмон мусҳафи”, “Лангар Қуръони” юқори даражада таъмирлангани, Диний идора Кутубхона фондида 20 дан зиёд тошбосма ва қўлёзма асарлар яхши ҳолатда сақлаб келинаётгани ва бу каби амалий ишларнинг саноғи ва салмоғи кўплигини таъкидлаб, ана шу эътибор ва имкониятларнинг қадрига етиш ва ҳар ким ўз йўналишида етук мутахассис бўлиб юрт ривожи ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшиши лозимлигига урғу қаратди.
Мулоқот якунида ҳар бир талабага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Ёшларга насиҳатим”, “Фитна кўз илғамас хатар” китоблари тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати