Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қотиллик, “самосуд”, яъни ўзбошимчалик билан бировни жазолаш, таҳқирлаш, калтаклаш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Наманганда 26 ёшли эркак 23 ёшли талаба хотинини куппа-кундузи таълим муассасаси ҳудудида пичоқлаб ўлдирди... Қашқадарёда бир аёл собиқ эрига турмушга чиққан жувонни кўчада зўравонлик билан таҳқирлади... Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчининг онаси томонидан калтакланди... Бу каби воқеаларни эшитиб даҳшатга тушасан.
Сир эмас, “самосуд” пайтида ҳам кучлар тенг бўлмайди, жазоланувчи киши ҳимоясиз, ожиз ҳолатда ваҳшийлик қурбонига айланади. Ўйланиб қоласан, жамиятимизда бу каби ҳолатлар нега тез-тез такрорланяпти, одамларга нима бўляпти ўзи? Кимнидир ўзбошимчалик билан жазолашга, энг даҳшати, ҳаётига қасд қилишга уларни нима мажбур этмоқда?
Бирор кишининг айбдор ёки жиноятчи деб топилиши учун аввало унинг айби маҳкамада гувоҳлар ва далиллар ёрдамида исботланиши лозим. Айби исботлангач, қандай жазо белгилашни ҳам фақатгина қози – судья ҳал қилади. Бошқа ҳеч ким эмас! Бу нарса қомусимизда ҳам таъкидлаб қўйилган:
24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.
26-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Яхши англашимиз лозим, инсонларни ноҳақ азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, охиратда, албатта жазосини олади. Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин. “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган доно нақл бор. Агар ўзгага нисбатан зўравонлик қилмоқчи бўлган кимса, унга етказадиган жабри миқдорича азоб тортмасдан туриб гуноҳи кечирилмаслигини билса, бу ишга қўл урармиди? Асло!
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ўз ғуломига тарсаки туширса, бунинг каффорати уни озод қилишдир”, деганларини эшитдим» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: «Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан “Эй Абу Масъуд, билгинки” деган овозни эшитдим. Ғазабнинг кучидан овозни танимадим. (Овоз эгаси) менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У зот: “Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирроқдир”, демоқда эдилар. Мен дарҳол: “Бундан сўнг ҳеч қачон қулни урмайман”, дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг розилиги учун у ҳурдир”, дедим. У зот: “Агар шундай қилмаганингда, дўзах сени куйдирган бўлар эди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Динимизда нафақат бегонага, балки ўзининг қулига (шахсий мулкига!) ҳам куч ишлатишдан қайтарилади. Энди бировларга нисбатан ўзича жазо қўллаётганлар, айниқса, ваҳшийларча қотиллик қилаётганларнинг оқибатини тасаввур қилаверинг. Улар ўзларича адолатни қарор топтиряпман, деб ўйлашади. Аслида эса, дахлсиз бир инсоннинг ҳаётига дахл қилишмоқда. Ҳеч кимнинг ўзбошимчалик билан самосуд қилишга ҳаққи йўқ!
Тўлқин ШЕРНАЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси