Ассалому алайкум! Бугун декабр ойининг еттинчи санаси, ҳафтанинг эса муборак жума куни.
Ҳафта давомидаги янгиликлар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг
"Вақф" фонди Сийрат мусобақаси ғолибларини тақдирлади
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди.
“Аёлни эъзозлаган дин” китоби нашрдан чиқди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг исломда аёлнинг ўрни, унга қилинадиган ҳурмат ва эҳтиром ва аёлларга хос бошқа масалалар хусусида “Аёлни эъзозлаган дин” номли китоби нашрдан чиқди. Муаллиф рисолада мусулмон аёлларининг оила ва жамиятдаги ўрни, Ислом динида нозик хилқат вакилаларига бўлган эътибор ва эътирофни илмий далиллар, ҳаётий воқеъликлар орқали ўқувчига тушунарли тарзда ёритиб берган. Мазкур рисола яқин орада қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам чоп этилиши режалаштирилган.
“Мурувват карвони” Жиззах вилоятида бўлди
1 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Жиззах вилоятида ўтказилди. Хайрия тадбири доирасидаги 100 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафар жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари берилди. Икки нафар ёрдамга мухтож оилаларнинг уйларини таъмирлаш ишларига маблағлар ажратилди. “Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!
БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этди
Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки Ўзбекистон павильони фестивалдаги энг катта композициялардан бири бўлди.
Малайзия Ўзбекистонда ислом банкинги бўйича мутахассисларни тайёрлайди
Тошкент молия институти ва Малайзиянинг Binary бошқарув ва тадбиркорлик университети янгидан очилаётган ўзбек-малайзия факультетининг ўқув дастурини тасдиқлашди. Бошланғич босқичда Тошкент молия институти қошидаги ушбу факультетда 50 нафар магистрант молия ва банк иши бўйича қабул қилинади. Малайзия университети ижрочи раиси Жозеф Адайкаламнинг айтишича, келгусида факультет ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, халқаро аудит ва ислом банкинги бўйича мутахассисларни ҳам тайёрлаши мумкин бўлади.
“Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида видеосеминар ўтказилди
4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди. Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Маккада ногиронлиги бўлган кишилар учун махсус намозхона очилди
Масжиди Ҳаромнинг ишлар бош бошқармаси намозхоналардан бирини эшитиш қоблияти билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдо (ишорат) тилини биладиган таржимон билан ажратилганини маълум қилди. Бу ҳақда islom.uz нашри хабар беради. Хабарда айтилишича, жума намози, Фитр ва Қурбон байрамлари мавъизалари, ёмғир дуоси, дарслар ва Масжиди Ҳаромда айтиладиган ваъзларни сурдо таржима орқали уларга етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, бу ерда кўзи ожизлар учун намозхонага олиб борадиган махсус оқ тутқичлар ҳам ўрнатилган. Улар учун Брайл ёзувидаги Қуръони каримлар ҳамда Мусҳафни тутиб турадиган махсус ускуна тайёрланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.