Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

Жумадан жумагача

7.12.2018   2813   4 min.
Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун декабр ойининг еттинчи санаси, ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг 

"Вақф" фонди Сийрат мусобақаси ғолибларини тақдирлади

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди. 

“Аёлни эъзозлаган дин” китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг исломда аёлнинг ўрни, унга қилинадиган ҳурмат ва эҳтиром ва аёлларга хос бошқа масалалар хусусида “Аёлни эъзозлаган дин” номли китоби нашрдан чиқди. Муаллиф рисолада мусулмон аёлларининг оила ва жамиятдаги ўрни, Ислом динида нозик хилқат вакилаларига бўлган эътибор ва эътирофни илмий далиллар, ҳаётий воқеъликлар орқали ўқувчига тушунарли тарзда ёритиб берган. Мазкур рисола яқин орада қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам чоп этилиши режалаштирилган. 

“Мурувват карвони” Жиззах вилоятида бўлди
1 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Жиззах вилоятида ўтказилди. Хайрия тадбири доирасидаги 100 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафар жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари берилди. Икки нафар ёрдамга мухтож оилаларнинг уйларини таъмирлаш ишларига маблағлар ажратилди. “Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!

БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этди

Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки Ўзбекистон павильони фестивалдаги энг катта композициялардан бири бўлди.

Малайзия Ўзбекистонда ислом банкинги бўйича мутахассисларни тайёрлайди

Тошкент молия институти ва Малайзиянинг Binary бошқарув ва тадбиркорлик университети янгидан очилаётган ўзбек-малайзия факультетининг ўқув дастурини тасдиқлашди. Бошланғич босқичда Тошкент молия институти қошидаги ушбу факультетда 50 нафар магистрант молия ва банк иши бўйича қабул қилинади. Малайзия университети ижрочи раиси Жозеф Адайкаламнинг айтишича,  келгусида факультет ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, халқаро аудит ва ислом банкинги бўйича мутахассисларни ҳам тайёрлаши мумкин бўлади.

“Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида видеосеминар ўтказилди

4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди. Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

Маккада ногиронлиги бўлган кишилар учун махсус намозхона очилди

Масжиди Ҳаромнинг ишлар бош бошқармаси намозхоналардан бирини эшитиш қоблияти билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдо (ишорат) тилини биладиган таржимон билан ажратилганини маълум қилди. Бу ҳақда islom.uz нашри хабар беради. Хабарда айтилишича, жума намози, Фитр ва Қурбон байрамлари мавъизалари, ёмғир дуоси, дарслар ва Масжиди Ҳаромда айтиладиган ваъзларни сурдо таржима орқали уларга етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, бу ерда кўзи ожизлар учун намозхонага олиб борадиган махсус оқ тутқичлар ҳам ўрнатилган. Улар учун Брайл ёзувидаги Қуръони каримлар ҳамда Мусҳафни тутиб турадиган махсус ускуна тайёрланган. 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосининг фазилати

15.01.2025   2882   3 min.
“Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муторриф ибн Мусъаб айтадилар: “Мен халифа Мансурнинг ҳузурига кирсам, у ғамгин ва хафа ҳолатда экан. Айрим яқин инсонларидан жудо бўлгани сабаб, ҳатто сўзлашмай қўйган экан. У менга: “Эй Муторриф! Мен мусибатга дучор бўлдим. Бу балони Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бартараф қила олмас. Аллоҳ бу мусибатни даф қилишини сўрашим учун бирон дуо борми? Мен уни ўқиб юрардим”, деди.

Мен: “Эй мўминларнинг амири! Муҳаммад ибн Собит менга Амр ибн Собит ал-Басрийдан ривоят қилиб гапириб берган. “Басралик бир кишининг қулоғига пашша кириб кетиб, қулоқ пардасигача етиб борди. У оғриқдан қийналиб, кечасию кундузи ухлолмай қолди. Шунда Ҳасаннинг яқинларидан бир киши: “Саҳоба Ало ибн Ҳазрамийнинг дуоларини ўқигин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу дуони саҳрода ва денгизда сўраб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло уларни машаққатдан халос қилган”, деб айтган эди, у киши: “Аллоҳ раҳм қилсин, у қанақа дуо?” деди. Шунда мен у кишига қуйидаги ривоятни айтиб бердим:

“Ало ибн Ҳазрамийни Баҳрайнга юборилди. У киши саҳрони юриб бораркан, жуда қаттиқ чанқоқ ва сувсизликдан ўлар ҳолатга келди. Шунда у зот уловдан тушди ва  икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: “Йа Ҳалийму, йа Алийм, йа Алиййу, йа Азийм, исқинаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни сув билан суғор, ташналигимизни қондир) деб дуо қилганди, бирдан қушнинг қанотига ўхшаб кетадиган булутлар пайдо бўлиб, гумбурлай бошлади. Сўнгра ёмғир ёға бошлади, биз идиш ва мешкобларимизни тўлдириб олдик. Йўлимизда давом этиб, денгиз қирғогидаги кичик кўрфазга етиб келдик. У ерда ҳеч қимирлашни иложи йўқ эди. Сузиб кетишимиз учун кемаларимиз ҳам йўқ эди. У киши икки ракат намоз ўқиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм, ажизнаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни бу ердан ўтказиб юбор), деб айтдилар. Сўнгра отнинг тизгинидан ушлаб: “Аллоҳнинг исмини айтиб бу ердан кечиб ўтинглар”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Биз сувнинг устидан юриб ўтдик. Аллоҳга қасамки, бизни на оёқларимиз, на маҳсиларимиз ва на оёқ кийимларимиз ҳўл бўлган эди. Ўша пайтда қўшин тўрт минг отлиқдан иборат  эди”, деб айтдилар.

(Ибн Абу Дунё, Лалкаий ва Ибн Абу Шайба мусаннифларида баъзи қисқартириш ва қўшимчалар билан ривоят қилишган).

Ҳалиги қулоғига пашша кириб кетган киши ҳам ушбу дуони ўқиган эди, қулоғидан пашша чиқиб, ўз ҳолига келди.

Халифа Мансур ҳам қиблага қараб, ушбу дуо билан сўрай бошлади. Бироз фурсат ўтиб, менга юзланди ва: “Эй Муторриф, Аллоҳ мендаги ғамни аритди”,  деб овқат келтиришларини амр қилди ва мени ҳам таклиф этди, бирга ўтириб тановвул қилдик.

“Ёқимсиз нарсаларни бартараф қилиш ва бало офатдан қутулишда дуонинг аҳамияти” номли китобдан.

Биз ҳам ҳаётда қандайдир муаммо ва тўсиқларга дуч келиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм”, деб айтиб, ўша муаммони кўтаришини Аллоҳдан астойдил ва чин ихлос билан сўрасак, инша Аллоҳ У Зотнинг ёрдами билан муаммолардан халос бўламиз.