Тоғлар – табиатдаги энг гўзал нарсалардан биридир. Олимлар яқин-яқингача тоғларнинг вазифаси нима эканини билишмас эди. Илм-фан ривожланиб, тараққий этганидан сўнг тоғларнинг бир қанча вазифалари борлигини кашф этдилар. Қуръони Каримда тоғларнинг вазифалари очиқ-ойдин айтиб қўйилган.
Тоғлар ўзининг шакли ва ер остига чуқур кириб боргани сабабли ер қатламлари сурилиб кетишининг олдини олиб, қозиқ сифатида уларни ушлаб туради. Ернинг устки плиталари кесишган жойда тоғлар мавжуд бўлиб, икки плита бирлаштирилиб, устига тоғлар мих каби қоқиб қўйилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
أَلَمْ نَجْعَلِ الْأَرْضَ مِهَاداً وَالْجِبَالَ أَوْتَاداً
“Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)” (Наба сураси, 6-7-оятлар).
Тоғлар булутларнинг шаклланишига, шамолларнинг тўсилишига ўз ҳиссасини қўшади.
Қуръони Каримдаги мана бу оятга диққат билан назар солайлик:
خَلَقَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا وَأَلْقَى فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَبَثَّ فِيهَا مِن كُلِّ دَابَّةٍ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
“У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик”. (Оятда “ўсимликларни ўстириб қўйдик”, дейилмасдан, “карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик”, деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.) (Луқмон сураси, 10-оят).
Тоғлар сувларнинг тоза, пок ҳолда сақланишига ҳам катта ҳисса қўшади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلْنَا فِيهَا رَوَاسِيَ شَامِخَاتٍ وَأَسْقَيْنَاكُم مَّاء فُرَاتاً
“Ва Биз унда юкасак тоғлар қилдик ва сизларни зилол сув билан суғордик” (Мурсалот сураси, 27-оят).
Тоғлар ўз устида катта миқдордаги чучук сув захирасини қор ва муз кўринишида сақлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَهُوَ الَّذِي مَدَّ الأَرْضَ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَاسِيَ وَأَنْهَاراً
“У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган” (Раъд сураси, 3-оят).
Бизга маълумки, дунёдаги барча уммонлар ва денгизларнинг сувлари шўр бўлиб, тўғридан-тўғри ичишга яроқсиздир. Инсоният фақат дарё сувларини ичади. Оятдаги “анҳааро” сўзи ўзбекчага таржима қилинганда “дарёлар” деган маънони ифода қилади. Ушбу оятда тоғлардан дарёлар оқиб тушишига ва улар ичишга яроқли эканига ишора қилинмоқда.
Тоғлар бир неча минг йиллар давомида инсоният учун бошпана вазифасини ҳам ўтаган. Одамлар тоғлардаги ғорларда яшаб, ваҳший ҳайвонлар, совуқ ҳаво ва бошқа хатарлардан сақланишган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلَ لَكُم مِّنَ الْجِبَالِ أَكْنَاناً
“Ва сизга тоғлардан бошпаналар... қилиб қўйди” (Наҳл сураси, 81-оят).
Тоғлар ўзидаги сув захираси ва ўзига хос ландшафти туфайли ер юзидаги ўсимлик дунёсининг мувозанатини бир маромда сақлашга ҳисса қўшади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا وَأَلْقَيْنَا فِيهَا رَوَاسِيَ وَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ شَيْءٍ مَّوْزُونٍ
“Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик” (Ҳижр сураси, 19-оят).
Тоғлар ернинг барқарорлигига, силкиниб кетмаслигига ҳисса қўшади. Улар ўзига хос шакли туфайли водийларнинг вужудга келишига ҳам сабаб бўлади. Маълумки, водийлар дарёлар оқадиган жойларда вужудга келади. Тоғлар эса дарёларнинг пайдо бўлишига, тоғ ён бағирларига, пстликларга қараб оқишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَأَلْقَى فِي الأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَأَنْهَاراً وَسُبُلاً لَّعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
“У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз” (Наҳл сураси, 15-оят).
Агар тоғлар бўлмаганда, текис йўлларнинг вужудга келишига имкон бўлмасди. Юз миллионлаб йиллар давомида Ер юзи рельефи шаклланиши тарихини ўқиган киши тоғлар, даралар, йўллар пайдо бўлишига сабаб бўлган тектоник силжишлар ҳамда плиталар тўқнашуви нақадар аҳамиятга эга эканини англаб етади. Ана шундай ҳодисалар натижасида тоғлар орасида текис йўллар, даралар юзага келиб, одамлар ўша йўллардан минг йиллардан бери қийинчиликсиз юриб ўтадилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلْنَا فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِهِمْ وَجَعَلْنَا فِيهَا فِجَاجاً سُبُلاً لَعَلَّهُمْ يَهْتَدُونَ
“Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик” (Анбиё сураси, 31-оят).
Тоғларнинг ранги ҳақида ҳам тафаккур қилган одам уларнинг турли рангларда эканини фаҳмлайди. Ҳа, тоғлар хилма-хил рангда бўлиб, баъзилари қизил-қўнғир, баъзилари қора, айримлари эса оқ рангда бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ ثَمَرَاتٍ مُّخْتَلِفاً أَلْوَانُهَا وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ
“Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик” (Фотир сураси, 27-оят).
Бундан ташқари тоғлар атрофнинг гўзаллигига гўзаллик қўшади. Улар ўз кўриниши билан Буюк Яратувчининг азаматига далолат қилади.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло тоғларни Ернинг барқарорлиги, унда ҳаётнинг тинч, гўзал давом этиши, ўсимликларнинг мувозанати, ичимлик сувининг пок ҳолда сақланиши, инсоният ва барча жонзотлар қулай шароитларда яшаши учун яратиб қўйган. Бу ҳақиқат қуйидаги оятларда аниқ баён этилган:
وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا أَخْرَجَ مِنْهَا مَاءهَا وَمَرْعَاهَا وَالْجِبَالَ أَرْسَاهَا مَتَاعاً لَّكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ
“Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди. Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди. Ва тоғларни собит қилди. Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин учун” (Назиат сураси, 30-33-оятлар).
Инсоният тоғларнинг вазифаси, тузилиши, уларда чучук сувнинг тўпланиши, ўсимликларнинг мувозанатига сабаб бўлиши ҳақида билиши у ёқда турсин, тоғлар ўзи нималиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган бир пайтда Қуръони Каримда тоғларнинг вазифалари ҳақида очиқ-ойдин айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ расули ва набийси эканликларига катта далилдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бирор марта ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?
Иблис Одамга сажда қилишдан бош тортганида ҳали шайтон йўқ эдику, унга ким васваса қилди?
Бу барчамиз учун жуда жиддий ва ўта муҳим саволдир...
Шайтон Аллоҳга осий бўлганида, унинг шайтони ким эди?
Ушбу сатрларни ўқинг — бизнинг ҳақиқий шайтонимиз ким эканлигини биласиз!
"Нафс" сўзи ниҳоятда муҳим маънони англатади ва у Қуръони каримда жуда кўп оятларда зикр қилинган.
Аллоҳ таоло "Қоф" сурасида бундай дейди:
"Биз инсонни яратдик ва унинг нафси нимани васваса қилаётганини ҳам биламиз. Биз унга йўғон томиридан ҳам яқинроқмиз" (Қоф, 16).
Биз Аллоҳга имон келтирганмиз, Уни зикр қиламиз, масжидда намоз ўқиймиз, Қуръон ўқиймиз, садақа қиламиз ва ҳоказо...
Шунга қарамай, гуноҳлардан ҳоли бўла олмаймиз. Нега?
Сабаби шундаки, биз ҳақиқий душманни қўйиб, заиф ва ожиз душманга қарши борамиз. Аллоҳ таоло бундай дейди:
"Дарҳақиқат, шайтоннинг макри заифдир" (Нисо, 76).
Ҳақиқий душман бу — нафсдир. Ҳа, нафс инсоннинг ичидаги соатли мина, яширин хавфдир.
Аллоҳ таоло "Исро" сурасида бундай дейди:
"Китобингни ўқиб чиқ. Бугун нафсинг сенга ҳисобчи бўлиши етарлидир" (Исро, 14).
Яна Аллоҳ таоло "Ғофир" сурасида бундай дейди:
"Бугун ҳар бир нафс қилган амалларига яраша мукофотланади. Зулм қилинмайди" (Ғофир, 17).
"Муддассир" сурасида:
"Ҳар бир нафс қилган ишининг гаровидир" (Муддассир, 38).
"Нозиат" сурасида:
"Ким Роббининг мартабасидан қўрқиб, нафсини ҳавойи истаклардан тийса..." (Нозиат, 40).
"Таквир" сурасида:
"Ҳар бир нафс қилган амалларини билиб олар" (Таквир, 14).
Кўриб турганингиздек, бу оятларда асосан "нафс" ҳақида сўз кетмоқда. Шундай экан, нафс нима ўзи?
Олимлар бундай дейди: илгари Аллоҳдан бошқа илоҳ сифатида сиғинилган бутлар — Лот, Уззо, Манот, Сувоъ, Вадд, Яғус, Яъуқ ва Наср — барчаси йўқ қилинди. Аммо бир сохта илоҳ борки, уни одамлар ҳануз ҳам Аллоҳдан ўзгача севиб, унга бўйсунади. Бу илоҳ — нафс ҳавосидир. Аллоҳ таоло айтади: "Ўз нафсини илоҳ қилиб олган кимсани кўрмадингизми?" (Жосия, 23).
Нафс ҳавоси инсонни ўз қўлига олса, у на бирор қонунга бўйсунади, на бир диний таълимотга. Шундан уни ўзи истаган нарсасиини қилиб юрганини кўрасиз.
Имом Бусирий ўз қасидасида бундай дейди:
"Нафс ва шайтонга қарши чиқ ва у иккисига итоат қилма".
Қобил Ҳобилни ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилар экан, Аллоҳ таоло айтади:
"Унинг нафси уни ўз акаси Ҳобилни ўлдиришга ундади..." (Моида, 30).
Бирор одам гуноҳга қўл урса ва кейин афсусланиб тавба қилса, ундан:
— Нима сени бу гуноҳга бошлади? деб сўрасангиз, у: "Нафсимнинг гапига кирдим", деб айтади.
Хулоса шуки, нафсимиз бизнинг энг катта душманимиз ва биз уни доимо таъқиб қилишимиз лозимдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ