Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Нишонга урилган гаплар: “Текис йўл моҳир ҳайдовчини етиштириб бермайди”

7.12.2018   3850   3 min.
Нишонга урилган гаплар: “Текис йўл моҳир ҳайдовчини етиштириб бермайди”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: «Умар ибн Абдулазиз бизга мактуб ёзди. У мактубни фақат мен ва Макҳул ёдлаб олдик. Унда шундай дейилган:

«Аммо баъд. Ким ўлимни эслашни кўпайтирса, дунёдан озгина нарсага рози бўлади. Ким гапини амалидан деб ҳисобласа, гапи озайиб, фақат фойдаси бор нарсалар хусусида гапирадиган бўлади. Вассалом». 

***** 

Ҳаром ҳаромлигича қолади, гарчи ҳамма уни қилаётган бўлса ҳам. Ҳеч қачон ҳалол ишдан тўхтамагин, гарчи уни бир ўзинг қилаётган бўлсанг ҳам. 

***** 

Дуо ҳеч қачон қуруқ кетмайди:

  • ё ижобат бўлади;
  • ё у сабабли бир ёмонлик қайтарилади;
  • ёки захира ажр бўлади.

 *****

Аллоҳнинг зикри билан тили нам бўлган банда, дили банд бўлган банда зинҳор ва зинҳор ёмонликка қўл урмайди!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

***** 

Али розияллоҳу анҳу: “Дунё ва охират машриқ билан мағриб кабидир. Агар улардан бирига яқинлашсанг, бошқасидан узоқлашасан” дедилар.

 “Робийъул аброр”

***** 

Қанча кўп гапирсанг, шунча кўп хато қилаверасан. Аммо Аллоҳни қанча кўп зикр қилсанг, гуноҳларинг ҳам шунча кўп ўчирилаверади.

 ***** 

Ким бир ёлғон гапни гапирса, у жуда улкан жиноятни амалга оширибди. У энди шу битта ёлғонини ҳимоя қилиш, яшириш учун яна йигирмата ёлғон гап ишлатади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Текис йўл моҳир ҳайдовчини етиштириб бермайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Ота дегани фақат фарзанднинг дунёга келишига сабаб бўлишнинг ўзини англатмайди. Бу ишни бошқа жонзотлар ҳам қила олади. Лекин ота ўша фарзандларга ғамхўрлик қилиш, уларни яхшилаб тарбия этишни ҳам англатади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Ҳақ – ботилни ривожлантиришга ўрганиб қолган кимсаларни безовта қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Яхши номга эга бўлиш учун 20 йил керак бўлса, шу номни булғаш учун 5 дақиқа етарли.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Маданиятли, зиёли бўлишдан олдин ҳурмат қилувчи бўлинг! Чунки ҳурмат қилиш маданиятнинг ярмидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар закотни бермасалар

27.11.2024   784   3 min.
Агар закотни бермасалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.

Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.

Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.

Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.

Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.

Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.

Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.

Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.

Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар