Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

2023 йилнинг ўтган даврида 16 миллиард сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланган

20.07.2023   1106   2 min.
2023 йилнинг ўтган даврида 16 миллиард сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланган

АОКАда ўтказилган брифингда “Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иринчи ярим йиллигида амалга оширилган хайрия ишлари ҳақида маълумот берди:

2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 16 659 713 130 сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланди.

Шу жумладан:

1.Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш мақсадида “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” ўқув курслари дарс хоналарига 11 дона смарт доска учун  – 187 000 000 сўм;

2. Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда техник ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун –  2 393 163 130 сўм;

3. Диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган 141 нафар талабаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва тўлов-шартномалари учун - 745 635 000 сўм;         

4. Масжидлар ва зиёратгоҳларнинг ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 130 000 000 сўм;

 5. Юртимизда фаолият олиб бораётган 2119 нафар имом-хатибларнинг ҳар бирига бир марталик 5 000 000 сўмдан жами 10 595 000 000 сўм, 192 нафар отинойларнинг ҳар бирига 3 000 000 сўмдан жами 576 000 000 сўм;

 6. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун – 1 195 915 000 сўм, шундан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 407 900 000 сўм;

 7. Турли хайрия тадбирлари учун – 216 000 000 сўм;

 8. Вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам  – 70 000 000 сўм миқдоридаги маблағлар сарфланди.

 Бундан ташқари, “Қурбон ҳайити – 2023” тадбири доирасида 471 000 000 сўм қийматидаги гўшт ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган 25 тонна ҳурмолар байрам совғаси сифатида ҳақдорларга етказилди.

Шунингдек ўтган 6 ой давомида мамлакатмизнинг ичимлик суви танқис бўлган турли ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик билан таъминлаш мақсадида “Вақф сувлари” лойиҳаси доирасида  Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги қудуқ учун 80 000 000 сўм фонд ҳисобидан сарфланган бўлса, ҳомийларни жалб қилган ҳолда 3 та артезиан қудуғи қазиб ишга туширилди. Яна 3 та ҳудудда қазиш ишлари амалга оширилмоқда.  

Видеолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзликни англаш – маънавият асосидир

03.05.2025   5802   7 min.
Ўзликни англаш – маънавият асосидир

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. 
 

Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.


Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.


Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.


Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.


Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.


Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.


Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:


Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.


Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:


Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.


Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.


Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.


Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.


Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:


Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.


Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.


Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.


Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Ўзликни англаш – маънавият асосидир Ўзликни англаш – маънавият асосидир Ўзликни англаш – маънавият асосидир
Ибратли ҳикоялар